Тиббий патронаж хизмати: янги ислоҳотлар даври бошланди
Миллий матбуот марказида “Тиббий патронаж: аниқ ҳудуд, аниқ муддат ва аниқ шахсга қаратилган хизмат” мавзусида матбуот ажнумани ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди ходимлари, бошқарма бошлиқлари, ихтисослаштирилган ва илмий-амалий тиббиёт марказлари, республика даражасидаги даволаш-профилактика муассасалари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Анжуман давомида вазирлик тизимида тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, тиббий патронаж хизмати билан аҳолини қамраб олиш йўналишлари, олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижаси ва истиқболдаги режалар хусусида батафсил маълумот берилди.
Патронаж хизмати ҳомиладорлар, гўдаклар, ёш оилалар, кексалар, янги фарзанд кўрган аёллар ва парваришга муҳтож ёлғиз қария, ногирон ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уй шароитида тиббий хизмат кўрсатиш тизимидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги вазифаларни амалга оширишда муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Қарор бирламчи тиббиёт муассасалари жойлашувини оқилона ташкил этиш, уларда кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, патронаж тизимини сифат жиҳатдан тубдан яхшилаш, мамлакатда, унинг ҳар бир ҳудуди ва аҳоли яшаш пунктларида касалланиш даражасини пасайтириш, профилактика ишларини янада яхшилашга қаратилган. Ҳужжат ижроси доирасида 793 та қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари, 441 та тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Фаолияти тугатилган 658 та ҚВП биноларини ҚВП ва поликлиника шифокорлари учун хизмат уй-жойи сифатида фойдаланишга берилмоқда. ҚВПлар, оилавий ва кўп тармоқли поликлиникаларда хизмат кўрсатиш вақтини соат 08: 00 дан 20: 00 гача узайтириш ҳисобига аҳоли учун бирламчи тиббий-санитария ёрдамидан фойдаланиш имконияти кенгайтирилмоқда.
Мазкур қарорнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, ўтказилаётган профилактика тадбирларининг самарадорлиги учун масъулиятни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра бириктирилган ҳудудда оилаларнинг тўлиқ патронаж билан қамраб олинишини таъминлаётган ва ўз фаолиятининг ижобий пировард натижаларига, шу жумладан, касалликка чалиниш пасайишига, гўдаклар ва оналар ўлими бўлмаслигига эришган патронаж тиббиёт ҳамширалари ва умумий амалиёт врачларига тариф ставкасининг 5 фоизидан 20 фоизигача миқдорда ҳар ойлик шахсий устама белгиланди.
Х. ҲУСЕНОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири