Ҳинд сори юзланиб

(Саёҳат очерки)

Ҳиндистон тибети Ҳимолай тоғлари этагида жойлашган. Тибетликларнинг сир-синоатли ҳаёти, ўзига хос табиати, тиббиёти, турмуш тарзи бошқа халқларни ҳамиша ўзига мафтун этиб келган. У манзилга сафар қилиш истаги аслида укам Шарифбой (раҳматли)нинг орзуси эди. Қолаверса, юртимизнинг буюк фарзанди, шоҳ Бобурнинг “Ўз юртим қўйиб Ҳинд сори юзландим, Ё раб-бу, не юз қаролиқ бўлди”, деган сатрлари қизиқишимни алангалатган эди.

Панжоб вилоятининг маркази Амрисар аэропортидан Тибетга олти соатлик йўл экан. Чор атрофнинг гўзаллигидан баҳра олиб, ўзига-хосликни кузатиб кетиш ҳам мароқли: йўл бўйида қад ростлаган ибодатхоналар ҳам, дўконлар ҳам, ҳатто “ғиз-ғиз” ўтаётган машиналар ҳам турфа ранглар билан безатилган. Бу халқнинг ёрқин рангларни хуш кўриши яққол сезилиб туради. Фақат бир нарса бизнинг мамлакатга уйғунлигини сездим. Йўл четида ястанган дарахтлар бизнинг анъанага хос оҳакланган эди. Албатта бунинг ўзига хос жиҳати бор: оҳакланган дарахтлар ажойиб манзара касб этиш билан бирга уларни қурт-қумурсқалардан асрайди. Ҳиндистонда дарахт оҳаклашнинг шакли-шамоили ўзгачароқ, яъни ола-чипор услубда бўялган. Ажойиб манзара…

Йўллар равон, машина қилт этмайди. Ҳайдовчи йўл-йўлакай махсус масканларда тўхтаб, йўл учун тўлов қилиб бораётир. Йўлнинг икки чеккасидаги буғдойзору шолизорларни, полизларни кузатарканмиз, далада ишлаб юрган деҳқонни учратмайсиз.

Ҳосилдор тупроққа қадалган экинни табиатнинг ўзи суғориб, ўзи ундиради. Деҳқондан эса кам меҳнат талаб этилади.

Йўлларнинг икки чеккасидаги мўъжазгина ибодатхоналар, шаҳарларимиздаги соябонли бекатларга ўхшаб кетади. Фақат улар жуда ёрқин ранглар билан безатилган. Ҳатто, шарқираб оқаётган сойлар ўртасидаги баланд тошлар устида ҳам маъбуд ҳайкалчалари ўрнатилган.

– Бизнинг юртимизда ҳамма нарса инсон учун, бу диёрда барчаси маъбудлар учун эканда, – дейди беихтиёр суҳбатдошларимдан бири бизга табассум ҳадя этиб.

Ҳимолай тоғларига кўтарилган сари баланд-баланд арчаларнинг ва турли хил гулу гиёҳларнинг хушбўй ифори дилни яйратади. Яратган бу ерни жуда қадрлаб тўрт фаслда ям-яшилликни насиб айлаган, гўзаллик бахшида қилган экан. Аэропортда биз Тибетга борамиз деб йўналиш олдик, аслида Тибет Хитой давлатида бўлиб, бу ерлар Ҳимолай тоғларидир. Ҳиндистон Тибети деб аталишига сабаб у ерда Чин мамлакатидан кўчиб келган муҳожир тибетликлар ҳам умргузаронлик қилади.

Далай лама

Лама сўзи тибетча бўлиб “энг улуғ” маъносини англатади. Ламаизм Хитой Тибетида VIII асрда вужудга келган. Ламалар буддавийларнинг барча ақидаларини қабул қилганлар. Айни кунда уларнинг кўпчилиги Хитойда, Ҳиндистонда ва Непалда яшашади. Шунингдек, уларнинг кам сонли аҳолиси Бурятия ва Ёқутистон республикаларида ҳам истиқомат қилади. Тибетда аввал олий илмий даража олган ва устоз бўлишга ҳақли роҳиблар ламалар деб аталган. Бугунги кунда эса Тибетда ва ламаизм тарқалган бошқа мамлакатларда роҳиблик аҳдини қабул қилган ҳар қандай шахс лама дейилади.

Яна ўқинг:  ЕНГИЛ АТЛЕТИКАЧИЛАРИМИЗ ҒАЛАБАСИ

Далай лама эса мўғулча сўз бўлиб “энг улуғ” маъносини англатади. Тибетда Далайлама роҳиблар бошлиғининг унвонидир. У 1391 йили жорий этилган. Биринчи Далайлама ривоятларга кўра 1351 йили туғилган. Ламаизм эътиқодига кўра Далай лама тирик мабуд деб улуғланади. У вафот этганда, ламалардан тузилган махсус олий ҳайъат янги туғилган тибетлик чақалоқлар орасидан илоҳий моҳиятга эга гўдакни қидириб топади. У ибодатхонага жойлаштирилиб махсус тарбияланади. Ҳозир 14-Далай лама Тэнзин Гятсодир. У Хитойнинг Тибетида 1935 йили туғилган. 1940 йил Далай ламани тахтга ўтқазиш маросими бўлган. У мантиқ, тибет санъати, будда фалсафаси, шеърият, мусиқа драма маданияти, мунажжимлик, нотиқлик илмини ўрганган. У 24 ёшида илоҳиёт доктори даражасини олган. Тибет миллий уюшмаси 1956 йили фавқулоддаги сессиясида диний ва дунёвий ҳокимиятни тўлалигича эгаллашни сўраб, Гиятсога мурожаат қилади. Шу пайтгача у Хитой республикасидаги Тибет автоном райони эди. 1950 йил Хитой армияси Тибетга кириб келиб уни ўзининг таркибига расмий равишда қўшиб олганди. Хитой армияси бўлинмалари ва Тибетдаги маҳаллий аҳоли ўртасида қуролли тўқнашув бўлганида Гиятсо қон тўкилишининг олдини олиш учун юртидан чиқиб кетишга мажбур бўлади. У Ҳиндистон раҳбари Махатма Гандидан бошпана сўрайди. Уларга Ҳимолайнинг баланд тоғлари орасидан тибетликлар яшаётган жойлардан маскан ажратишади. Аслида азалдан ҳам, масалан, Британия армияси кириб келганида ҳам бу ерда тибетликлар яшаган. Далай-лама 14-Тэнзин Гятсо ҳозир ҳам шу ерда яшайди. У қувғиндаги Тибет ҳукуматининг бошлиғи ҳисобланади. У ўнлаб китоблар ёзган. У ўз китобларида Тибет маданиятини, буддизмни, зўрлик ишлатмасликни, тинчликни, атроф-муҳитни асраб-авайлашни тарғиб қилади. Тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги хизматлари учун 1989 йили Нобель мукофотига сазовор бўлган. Ўтган йили бу ерда тибетликлар уюшмасининг йиғилиши бўлиб ўтган экан. Зеро, тибетликлар уюшмаси ҳам шу ерда жойлашган.

Дунё аҳли орасида тибетликлар Шамбала (ўзга дунё ва ўзга ўлчамга ўтувчи дарвоза)ни билишади деган ривоятлар юради.

Дхарамсала

Дхарамсала – Ҳиндистон Тибетининг маркази. Бу ерда тибетлик ламаларнинг қароргоҳи, музейи ва ибодатхонаси мавжуд, Музей олдида “Озодлик монументи” ўрнатилган. У жуда ўзига хос тарзда ишланган бўлиб, марказида Далай лама акс этган. Атрофида ердан чиққан кўплаб қўллар кўкка, озодликка интилмоқда.

Яна ўқинг:  МАЛАКАЛИ ПЕДАГОГ – САЛОҲИЯТЛИ АВЛОД ПОЙДЕВОРИ

Ибодатхонанинг марказида эса баҳайбат маъбуд акс эттирилган бўлиб, у зарҳал ранглар билан ишланган. Умуман ибодатхонада турли хил жонивору паррандаларнинг тимсоллари кўп бўлиб, улар ҳам зарҳал рангларда товланиб туради. Эшиги тагида қўнғироқчалар қўйилган, кирувчилар уни чалиб, гўзал оҳангларни таратиб ўтишади. Бу ерга барча мазҳаб, миллат вакиллари кириб томоша қилиши мумкин.

Тоғлар орасидаги бу мўъжазгина шаҳарга етиб келганимизда, қуёш чарақлаб турган эди. Ўша куни тибетикларнинг байрами экан. Кўчалар жуда гавжум эди. Бу ерда турфа мазҳабдаги, турли миллат вакилларини учратиш мумкин. Бор-йўғи кичкинагина учта кўчаси бор, бироқ унда ўнлаб меҳмонхоналар қурилган. Бу ерда муқим турувчилардан кўра сайёҳлар кўп. Биз тушган “Сапфир” меҳмонхонаси тоғ бағрилаб жойлашгани боис, бинога бешинчи қаватдан кирилар экан. Меҳмонхонанинг айвони ва деразалари ўрмон томонга қараб очилади. Тонг билан турфа қушларнинг хониши хушкайфият бахш этади. Ҳавонинг мусаффолигидан дил яйрайди. Маймунлар, олмахонлар дарахтлардан дарахтларга сакраб томоша кўрсатади. Гўё булутларга қўл чўзсангиз етадигандек. Табиатнинг гўзаллигидан тибетликларнинг узоқ умр кўришларининг сабабини тушуниш қийин эмас. Беихтиёр Шарқ алломаси Ибн Синонинг агар ҳавода чанг бўлмаганида эди, инсон минг йил умр кўрарди, деган сўзлари хаёлингиздан кечади.

Тибетликларнинг одатлари, яшаш тарзи ўзига хос. Уларнинг аёлу эркаклари бир хил қизил матодан иборат рўдапо матога ўраниб юришади. Эркаку аёлининг сочлари тап-тақир олинган. Айтишларича, улар уйларининг томини ҳам қизил шифер билан ёпишар экан. Уй қурилишига ҳам асосан табиий маҳсулотлар – ёғоч, ғишт, гранит ишлатишар экан. Ҳатто, дўконларида ҳам полиэтилен халтачалар эмас, балки, матодан тикилган халтачалар ишлатиларди. Бу ердаги ўзига хосликни, гўзал табиатни кўриб дунё ташвишларини унутишингиз табиий.

Бу ерда ҳам сигирлар бемалол юрибди. Биров уларга “пўшт” демайди. Бу манзилда табиат ва инсон уйғунлигини кўрасиз. Икки хилқатнинг ўзаро мутаносиблиги кишини ҳайратлантиради. Беозор табиий муҳит нафақат ҳайвонот оламининг кўпайишини таъмин этади, балки инсоннинг руҳиятини ҳам мустаҳкамлайди. Руҳиятига шикаст етмаган кишининг узоқ умр кўриши табиий. Ҳолбуки, Шарқ алломаси Фаробий ҳам руҳ билан тан уйғунлиги, саломатлик, тинчлик гарови эканлигини таъкидлаган.

Тибет табобати

Тибетлик ламалар беморнинг пешобини, тили ва кўзларини кузатиб, томирини ушлаб кўриб ташҳис қўйишаётганининг гувоҳи бўлдик. Бизнинг халқимизда ҳам “Ранг кўр, ҳол сўр” деган ибора мавжуд. Ибн Сино “Тиб қонунилари”асарида хилтларга алоҳида эътибор берганидек, Тибет тиббиётида ҳам хилтларга алоҳида эътибор берилар экан. Тибет тиббиётида ташҳис қўйишнинг асоси ел, сафро, балғам бўлса, Ибн Сино тиббиётида бундай хилтлар тўртта эканлиги таъкидланади: қон, балғам, сафро, савдо. Мижозлар ҳақидаги таълимот уларда ҳам бор, бизда ҳам бор. Уларни қиёслаймиз, десак уйғун жиҳатлари бисёр.

Яна ўқинг:  Ўйинлар феъл-атворни шакллантиради

Ибодатхоналарга кирсангиз аллақандай ўсимликни тутатиб қўйишганининг гувоҳи бўласиз. Албатта, бу антисептик хусусиятга эга бўлган гиёҳ. Бизда ҳам исириқ кўп дардга малҳам сифатида ишлатилади. Шунингдек, унинг уруғи, илдизи баъзи касалликларда малҳамлиги ёзилади. Энг асосийси одам қадами етмаган, инсон овози бормаган жойлардан йиғилган гиёҳнинг шифоси катталиги таъкидланади. Бироқ, бугунги кунда одам қадами етмайдиган жойлардан гиёҳларни йиғиш мушкул. Тибетда эса ана шу имконият ҳозирча мавжуд. Шунингдек, у малҳамлар табиий бўлиб, кимёвий қайта ишланмаган, бугунги замонавий тиббиёт эса шунга интилмоқда. Хуллас, Тибетда ана шу бошқа жойларда айни кунда кам кузатилаётган табиат билан мулоқот, ердан қувват олиш имконияти мавжудлиги билан ўзига хосдир. Бутун жаҳондан келаётган сайёҳларга айнан ана шу осойишталик маъқул келаётган бўлса ажаб эмас!

Биз табиат бағридан бир олам ҳузур олиб, яна Амрисарга қайтар эканмиз, ўзимга ёққан гулларнинг уруғини олишга интилдим.

Бобурийлар Ҳиндистонда

Бобурийлар салтанати уч юз йилдан ортиқ ҳукмронлик қилган бу мамлакатни кезиб, аллома, шоир, саркарда Бобур Мирзонинг авлодлари бу ерга жуда улуғвор янгиликлар олиб кирганлигининг, гўзал қасрлар бунёд этганининг гувоҳи бўлдик. Бобурийлар қурдирган қасрларнинг зиёратига минглаб кишилар кўришга муштоқ бўлиб, чипта олиб навбатда турганини кузатдик. Улуғ ва эзгу ниятли инсонларнинг ҳиммати улар боқийликка кетгандан кейин ҳам эзгу йўлда, эл-юрт манфаатига хизмат қилади.

(Давоми келгуси сонда)

Раъно ЗАРИПОВА,

Республикада хизмат кўрсатган журналист

Тошкент – Амритсар – Деҳли – Тошкент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: