Юксак ишонч масъулияти
2017 йил мен учун энг ҳаяжонли йил бўлди, десам, янглишмайман. Чунки айнан шу йили бир неча ютуқларни қўлга киритдим. Ана шундай ютуқлардан бири Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг “Ўзбекистон белгиси” кўкрак-нишонидир.
Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ушбу мукофоти миллий маънавият, маданий мерос ва умуминсоний қадриятлар негизида юксак ватанпарварлик, халқпарварлик, фидойилик туйғусини ва меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассамлаштирган, Ватанимиз обрўси, шон-шуҳрати ва шарафини юксалтиришга ҳамда унинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётган, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб намуна кўрсатаётган ёшларга берилаётгани қалбимда чуқур из қолдирди.
Яна шуни таъкидлашни истардимки, мукофот Бош Қомусимизнинг 25 йиллик тантаналари олдидан берилгани менда ўзгача иштиёқ уйғотди. Мен, албатта, кўрсатилаётган ана шундай ғамхўрлик олдида доим масъуллигимни ҳис қилиб яшайман. Бор кучим ва ғайратимни она Ватан равнақига бағишлайман.
Жамолиддин НУРМУҲАММАДОВ,
“Ўзбекистон белгиси” кўкрак-нишони соҳиби,
Халқ таълими аълочиси