Таълим учун кредит. У қандай берилади?
Фаровон ҳаёт кечириш учун инсон муттасил равишда илм олмоғи керак. Шубҳасиз, олинган билим инсоннинг оиласи, юрти тараққиётида муҳим рол ўйнайди.
Таълим соҳасини ривожлантириш, уни тубдан ислоҳ қилиш бўйича мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биргина мисол, бугунги кунда республикамизда жами 78 та олий таълим муассасаси фаолият юритаётган бўлиб, улардан 7 таси чет эл олий таълим муассасаси филиаллари саналади. Жорий йилнинг ўзида ОТМларининг бакалавриат босқичига 66 минг 316 нафар, магистратура йўналишига эса 5000 нафар талаба ўқишга қабул қилинди. Уларнинг 18 минг 194 нафари бакалавриат, 1 минг 556 нафари магистратура йўналишида давлат гранти, 48 минг 122 нафар бакалавр ҳамда 3 минг 444 нафар магистр тўлов-контракт асосида ўқиши қабул режасига киритилган.
Олий таълим муассасасида таҳсил олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг орзуси. Бежизга талабаликни “олтин давр”га менгзашмайди. ОТМларнинг тест натижалари эълон қилиниши билан аксарият ёшларнинг севинчи ичига сиғмайди. Ахир, талабалик бахти ҳаммага ҳам насиб этавермайди-да.
Аммо, тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинган айрим ёшлар олдида иқтисодий муаммолар борлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатимизда ёшларнинг таълим олишига янада кенг имкониятлар яратиш, олий маълумот олаётган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги 318-сонли қарорига мувофиқ, “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги низом тасдиқланган. Бу низомнинг асосий жиҳатлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш аксарият талабалар, уларнинг ота-оналари учун муҳим саналади.
“Таълим кредити” қандай олинади?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги қарори ёшларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлаш, шунинг баробарида аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий муҳофаза қилишга қаратилгани билан ҳам муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Ушбу қарор Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, ёшларнинг таълим олиши учун янада кенг имкониятлар яратиш, олий маълумот олаётган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш мақсадида қабул қилинган. Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун тижорат банклари томонидан таълим кредитлари бериш тартиблари белгиланган. Бу тартиб мамлакатимизда 2001–2002 ўқув йилидан бошлаб амалиётга жорий этиб келинмоқда.
Мазкур қарор билан тасдиқланган “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги низомга мувофиқ, тижорат банклари томонидан таълим кредитлари бериш, уларни қайтариш, тўловнинг таъминланганлиги, муддатлилиги ва улардан мақсадли фойдаланиш шартлари асосида амалга оширилади. Таълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларнинг ўқиши учун талабаларнинг ўзларига, уларнинг ота-оналарига ёки васийларига берилиши мумкин.
Таълим кредити қанча муддатга берилиши кўзда тутилган?
– Таълим кредитлари, Олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳисобга олинган ҳолда бакалавриатга ўқишга қабул қилинган талабаларга 10 йилгача, магистратурага ўқишга қабул қилинган талабаларга 5 йилгача бўлган муддатга берилади. Муддатли ҳарбий хизматни ўташ даври бу муддатга кирмайди.
Таълим кредитларини беришда имтиёзлар назарда тутилганми?
– Таълим кредитлари чин етимларга, “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва III гуруҳ ногиронларига фоизсиз берилади. Талабаларнинг қолган тоифаларига эса Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган ўзгарувчи фоиз ставкалари белгиланади.
Бундан ташқари, кам таъминланган оилалардан бўлган талабалар учун кредит беришда ҳам имтиёзлар мавжуд бўлиб, ушбу тоифадаги фуқароларга берилган таълим кредитлари бўйича кўшилган фоизларнинг 50 фоизи меҳнат, аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш туман бўлимлари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.
Кредит учун банкка қандай ҳужжатлар тақдим этилади?
а) таълим кредити бериш тўғрисидаги ариза;
б) талаба ва олий таълим муассасаси ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиш ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома (контракт). Контрактда ўқишнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим. Ўқиш учун тўлов миқдори кейинги йилларда ўзгарган ҳолларда контрактларга тегишли ўзгартиришлар киритилади, бу ҳақда олий таълим муассасаси ўн кун муддатда банкка ёзма равишда маълум қилади, сўнгра қарз олувчи, банк ва олий таълим муассасаси ўртасидаги кредит шартномасига зарур ўзгартиришлар киритилади;
в) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан қарз олувчининг яшаш жойи тўғрисида берилган маълумотнома;
г) кредитни қайтаришнинг таъминланиши тўғрисида ҳужжат;
д) имтиёзли таълим кредитлари олиш ҳуқуқига эга бўлган чин етимлар, “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланганлар, болаликдан II ва III гуруҳ ногиронлари, кам таъминланган оилалардан чиққанлар тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадилар.
Қарз олувчи юқоридаги ҳужжатларни банкка тақдим этиш билан айни бир вақтда паспортини шахсан кўрсатади. Банк паспортдан ва тақдим этилган бошқа ҳужжатлардан зарур кўчирмалар ва нусхалар олишга ҳақлидир.
Олинган кредит қайтарилмаслиги хавфининг олдини олиш мақсадида қарз олувчи қуйидаги таъминлаш шаклларидан бирини банкка тақдим этиши лозим, унинг амалга оширилиши унга қўйилган асосий талаб ҳисобланади:
– мол-мулк ёки қимматли қоғозларни гаровга қўйиш;
– банкнинг кафолати;
– учинчи шахснинг кафиллиги;
– суғурта компаниясининг қарз олувчи кредитни қайтара олмаслиги хавфи суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси;
– фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кафиллиги (фақат чин этимлар ва “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланганлар, болаликдан II ва III гуруҳ ногиронлари ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун).
Банк қарз олувчи томонидан кредит олиш учун тақдим қилинган ариза ва бошқа ҳужжатларни ўрганиб чиқади.
Агар кредитни қайтариш таъминланиши сифатида кафолат ёки кафиллик шартномаси тақдим қилинган бўлса, банк гарант ва кафилнинг молиявий аҳволини баҳолайди. Тақдим этилган ҳужжатлар банк талабларига жавоб берса, банк, қарз олувчи ва олий таълим муассасаси ўртасида кредит шартномаси тузилади.
Тижорат банклари қарз олувчи томонидан таълим кредити беришни сўраб банкка тақдим қилинган ариза ва унга илова қилинган тўла ҳужжатлар тўпламини 10 иш куни мобайнида кўриб чиқиши ва кредит шартномасини имзолаши ёки кредит берилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда аризачига кредит беришнинг рад этилиши сабаби кўрсатилган ёзма хулоса бериши лозим.
Таълим кредити қарз олувчининг ссуда ҳисоб рақамидан унинг шахсий ёзма топшириғи асосида олий таълим муассасасининг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамига маблағ ўтказиш йўли билан берилади.
Кредитни тўлаш шартлари қай тартибда амалга оширилади?
Таълим кредитлари бўйича маблағлар кредит шартномасида қайд этилган шартларда ҳар ярим йилда ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини икки тенг қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади. Бунда янгидан қабул қилинган талабалар учун биринчи ярим йилликда ўқилганлик учун бошланғич тўлов жорий йилнинг 1 октябригача, иккинчи ярим йиллик учун навбатдаги календар ҳисобида йилнинг 15 мартигача тўланади.
Таълим кредитлари учун фоиз тўлаш таълим муассасасига ўтказилган сумма берилган вақтдан, асосий қарзни қайтариш эса талаба томонидан олий таълим муассасасида ўқишнинг таълимнинг ушбу тури учун расмий белгиланган муддати тугаллангандан сўнг, айрим курсларда такроран ўқиш муддати ҳисобга олинмасдан, уч ой ўтгандан сўнг бошланади.
Қарздор томонидан кредитни қайтариш нақд пулда, шунингдек, нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўли билан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳисобидан амалга оширилади.
Кредит олган талаба бирор сабаб туфайли талабалар сафидан чиқарилса, тўлов тартиблари қай йўсинда амалга оширилади?
Агар талаба ўқиш даври тугамасидан талабалар сафидан чиқарилса, таълим муассасаси раҳбарияти – ректор (директор)нинг буйруғи чиққан кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида банкка хабар бериши керак. Қарз олувчи эса ўз навбатида уч ой муддатда таълим кредити ва унга қўшилган фоизлар бўйича қарзларни тўлиқ қайтариши лозим. Талабанинг талабалар сафидан чиқарилиши олий таълим муассасаси томонидан банкка ўз вақтида маълум қилинмаган тақдирда, таълим муассасаси ушбу давр учун ҳисобланган фоизларни банкка тўлашга мажбур. Ушбу шартлар банк, қарз олувчи ва олий таълим муассасаси ўртасида тузиладиган кредит шартномасида акс эттирилиши керак.
Қонун ҳужжатлари асосида Хуршида ҲУСЕНОВА тайёрлади.