Катта спорт шодиёнаси

Мамлакатимиз ёшларининг ҳақиқий спорт шодиёнасига айланиб улгурган мазкур мусобақада вилоят ва минтақавий босқичларда ғалаба қозонган талаба спортчилар иштирок этади.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигига, айниқса, болалар спортини ривожлантириш ва шу билан бирга уларни жисмонан баркамол қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юрт­бошимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган уч босқичли спорт ўйинларининг ўтказилиши, ёшларни спортга жалб қилиш, уларни ҳар жиҳатдан соғлом бўлиб вояга етишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу сабабдан бу йилги “Универсиада” спорт мусобақаларини ҳар жиҳатдан юксак савияда ташкил этиш мақсадида Бухоро шаҳрида кўплаб бунёдкорлик ва ободончилик ишлари амалга оширилди. Чунончи, бугун шаҳар янгича қиёфа касб этиб, йўл четларига турфа анвойи гуллар экилди. Айниқса, бир-биридан гўзал фавворалар, йўллар бўйлаб ўрнатилган турли рангдор чироқлар шаҳар кўркига кўрк бағишламоқда. Бундан ташқари турли спорт мажмуалари, турар-жой бинолари, умумий овқатланиш иншоотлари бунёд этилди.

Мусобақанинг очилиш ва ёпилиш маросимлари ҳамда енгил атлетика беллашувлари ўтказиладиган «Бухоро» спорт мажмуаси «Универсиада – 2013 мусобақалари муносабати билан янада замонавий кўринишга эга бўлди. Жаҳон талабларига жавоб берадиган йирик ҳажмли электрон табло ўрнатилди, замонавий ёритгичлар, югуриш йўлакчаларидаги сунъий қопламалар янгиланди, мажмуа атрофи ободонлаштирилди, автомобиллар турар жойлари таъмирланиб, фойдаланиш учун топширилди.

Вилоят марказидаги «Ҳумо» ва «Дилкушо» теннис мажмуалари, Бухоро Олимпия заҳиралари коллежининг спорт зали, «Семурғ» спорт мажмуаси, «Динамо» спорт зали, Бухоро юқори технологиялар муҳандислик-техника институти очиқ спорт мажмуаси ҳам «Универсиада» спорт беллашувларини ўтказиш учун шай ҳолатга келтирилди.

Бухоро Давлат университетида барча талабларга жавоб берадиган замонавий спорт зали барпо этилди. Мазкур иншоот ёнидаги футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи майдонларидан иборат мажмуа капитал таъмирлангач, ҳудуд ўзига хос замонавий спорт марказига айланди.

Мусобақа иштирокчиларининг яшаши учун жами 2490 ўринли талабалар турар жойлари босқичма-босқич таъмирланиб, фойдаланиш учун шай ҳолатга келтирилди.

Универсиада мусобақалари муносабати билан шаҳарда бунёдкорлик ишлари кўлами янада кенгайди. «Бухоро» халқаро аэропорти ва Когон шаҳридан вилоят марказигача бўлган йўллар ва ўндан зиёд асосий кўчаларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, кўчалар ёқасидаги бино ва иншоотлар замонавий кўркам қиёфа касб этиб, шаҳар марказий кўчаларидан ўтувчи йўллар таъмирланди.

Яна ўқинг:  Қўғирчоқлар “тилга кирганда”

Универсиада спорт мусобақалари мамлакат талаба ёшлари ҳаётидаги унутилмас воқеадир. Шу боис ушбу катта спорт байрамини юксак савияда ўтказишга вилоят аҳли ҳам ҳар томонлама ҳисса қўшмоқда. Яқинда ташкил этилган «Универсиада – 2013» хайрия ҳашари ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг ўзига хос ёрқин ифодасидир.

«Универсиада-2013» мусобақаларининг юксак савияда ўтишини таъминлашда бевосита тиббий хизматнинг ҳам ўрни ва аҳамияти бор, албатта. Шу боис Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тузилган махсус ишчи гуруҳи томонидан мусобақа ўтадиган кунлари баҳслар борадиган спорт мажмуалари, спортчи талабалар ва уларнинг мураббийлари, қолаверса, маданий тадбирларга жалб қилинган санъаткорлар жойлашган турар жойлар ва меҳмонхоналар, умумий овқатланиш муассасаларида тиббий ва санитария хизматини талаб даражасида, сифатли ташкиллаштиришга катта эътибор қаратилган. Ушбу мақсадда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидан жами 330 нафар тиббиёт ходими сафарбар этилган бўлса, уларнинг 191 нафари олий маълумотли врачлардир.

«Универсиада-2013» кунлари тиббий хизмат икки йўналишда ташкиллаштирилади. Даставвал аудио-видеороликлар, суҳбатлар ва шахсий гигиена тартиб-қоидаларига риоя қилишни ўз ичига олган эслатмалар, тавсиялардан иборат профилактик чора-тадбирлар мажмуи ишлаб чиқилди. Ундан сўнг бевосита даволаш ва тиббий муолажаларга ўтилади. Хизматлар талабалар спорт анжуманига бошқа вилоятлардан ташриф буюрадиган меҳмонларни кутиб олиш ва кузатиш тадбирларидан бошланишини инобатга олган ҳолда Бухоро халқаро аэропорти ва Когон темир йўл вокзалидаги тиббиёт хоналари қайта жиҳозланди. Ҳар икки манзилга 3 тадан тиббий хизмат кўрсатувчи бригада (ҳар бирида икки нафар врач ва ҳамшира) жойлаштирилди. «Универсиада-2013» тантанали очилиш ва ёпилиш маросимлари ўтадиган «Бухоро» спорт мажмуаси ҳудудида эса асосий таркиб иш олиб боради, яъни мажмуа ичи ва атрофига жами 36 та тиббий пост, ҳар бири «Хундай» русумли махсус жиҳозланган транспорт воситасига эга 8 та сайёр тиббий ёрдам бригадаси фаолияти йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, ёшлар спорт байрами иштирокчилари жойлашадиган турар жойлар – Бухоро Давлат университети ва унинг 4-сон академик лицейи, Бухоро Юқори технологиялар муҳандислик техника институти ва унинг 2-сон академик лицейи, Бухоро нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежи турар жой бинолари ҳамда «Ситораи Моҳи хоса» санаторийсида жами 8 тадан тиббиёт хонаси ва тиббий ёрдам бригадаси зарур воситалар – 30 хилдаги дори-дармон ва 25 хилдаги жиҳозлар билан таъминланди. Бу ерда навбатчилик асосида узлуксиз фаолият кўрсатадиган врач- терапевт, анестезиолог, реаниматолог, травматолог, акушер-гинеколог ва бошқа мутахассисликдаги малакали шифокорлар саралаб олинди.

Яна ўқинг:  АДАБИЁТ – маънавият кўзгуси

«Универсиада-2013″нинг муросасиз баҳслари кечадиган спорт заллари, жумладан «Семурғ», «Ҳумо»,»Дилкушо»,»Бухоро» спорт мажмуалари, Бухоро Нефть ва газ саноати ҳамда Бухоро Олимпия заҳиралари коллежларида ҳам юқоридаги тартибга мувофиқ сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ишлари ташкиллаштирилган.

Вилоятда ўтадиган «Универсиада» баҳсларига бухоролик ёшлар ҳам қизғин ҳозирлик кўрди. Улар орасида мамлакатимиз шарафини халқаро мусобақаларда муваффақиятли ҳимоя қилиб келаётган ёш спортчилар ҳам бор. Эътиборлиси, уларнинг кўпчилиги аввалги «Универсиада» беллашувларида ўз маҳоратини оширган. Бинобарин, мазкур мусобақалардан кўзланган мақсад ҳам ёшлар орасидан янги номларни кашф этиш, уларни янада чиниқтириб, маҳорат ва тажрибасини оширишдир. Масалан, 2002-йилги «Универсиада»да курашчилар Шуҳрат Хўжаев, Рамзиддин Саидов, футбол бўйича мамлакат миллий терма жамоаси аъзоси Улуғбек Бақоев, дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ва Лондон Олимпиадалари бронза медаллари совриндори Ришод Собиров кашф этилган эди.

«Умид ниҳоллари» ва «Баркамол авлод» мусобақаларида тобланиб, катта спортга йўлланма олган талаба спортчилар навбатдаги «Универсиада» спорт мусобақаларида бу анъанани муносиб давом эттиришига ишончимиз комил.

Фарҳод ТОЛИПОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: