Ловия марказий асаб тизими учун фойдали
- Жанубий Америкага келиб ўрнашган халқлар 7 минг йиллар олдин ловия ўстиришни бошлаган. Кейинчалик у Қадимги Мисрда, сўнгра Римда кенг тарқалган. Милоддан аввалги III асрга тегишли Хитой солномаларида ловия ҳақида маълумотлар бор. Римлик аёллар уни овқатга ишлатиш билан бирга, кукунидан косметик восита – упа сифатида фойдаланганлар.
- Ўрта асрларда қандайдир сабабларга кўра ловия истеъмолдан чиқиб кетган ва Буюк кашфиётлар даврида Европага қайтадан кириб келган. Ҳозир у ҳамма жойда етиштирилади.
- Ловиянинг навлари кўп. Йирик оқ ловия – ўзгача ширин таъмга эга ва энг узоқ қайнатиладиган тури. У деярли бир ярим соат қайнатилади, лекин шунда ҳам ўз шаклини сақлаб қолади.
- Ловия дони крахмал, магний, калций, темир моддаларига бой. У марказий асаб тизимига ижобий таъсир қилади. Сил касалига йўлиққан кишиларга ловияли овқатлар тавсия этилади.
- Бразилия ошхоналарида қора ловия оммалашган. Унинг таъми аччиқ бўлишига қарамасдан, пазандачиликда кенг қўлланилади.
- Ловияни қайнатишдан олдин совуқ сувда 6–12 соат ивитиб қўйиш керак. Шундан кейин 40-60 дақиқа қайнатилади.
- Ловия калорияси – 298 ккал.
- Озиқлик даражаси: 21 грамм оқсил, 2 грамм ёғ, 47 грамм углевод.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.