Илдизини топган дарахтлар

Мамлакатимизнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган мислсиз ўзгаришлар ҳаётимизни янги босқичга олиб чиқаётир. Айниқса, сўнгги кунларда маданий-маърифий, маънавий-ижтимоий, ижодий соҳаларни ривожлантириш, ижодкор-зиёлиларни рағбатлантириш борасида эълон қилинган қатор қарорлар ёзувчи-шоирлар, санъаткорлар, рассому бастакорларни чексиз қувонтирди. Оммавий ахборот воситалари ва матбаа соҳасини такомиллаштириш борасидаги ишлар ижроси қизғин тус олди. Хусусан, болалар матбуотини ривожлантиришга илк залворли қадам ташланди. Ушбу мавзуда алоҳида суҳбатлашиш, болалар нашрларининг айни жараёндаги фаолияти билан танишиш мақсадида таҳририятимизга катта-ю кичикка бирдек севимли бўлган “Ғунча” журнали бош муҳаррири Дилфуза Шомаликовани таклиф қилганмиз…

Дилфуза опа, яқинда эълон қилинган “Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорда республика болалар нашрлари – “Гулхан”, “Ғунча” журнали, “Тонг юлдузи”, “Класс” газетаси таҳририятлари “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи тасарруфидан Халқ таълими вазирлиги тизимига ўтиб, фаолиятини давом эттириш белгилаб берилган. Аслида бу болалар нашрлари таҳририятлари томонидан анчадан бери ечими кутилаётган оғриқли масала эди.

Келинг, болалар нашрларининг кечаги ва бугунги, эртанги фаолияти ҳақида сўз юритсак…

Ҳеч бир муболағасиз ҳар бир кунимизни тарих саҳифаларида из қолдираётган – улкан ва эзгу мақсадларнинг рўёбига тамал тоши қўйилаётган сана сифатида муҳрлаяпмиз. Айнан болалар нашрларининг Халқ таълими вазирлиги тизимига ўтказилиши тўғрисидаги қарор узоқ йиллар кутилган ва ўйлантирган муаммонинг ечими бўлди. Ижодий ёндошадиган бўлсак, дарахт ўз илдизини топди. Айни кунларда вазирлик мутахассислари билан ҳужжатлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Бундай ўйлаб қаралса, инсон ҳам, жонивор ва гулу гиёҳ ҳам ҳар қандай шароитда яшашга ҳаракат қилади. Аммо барча имкониятлар муҳайё этилган жойда ўзини намойиш қилишнинг қирраларини очадики, кутгандан ҳам зиёда натижа кузатилади. Шу маънода болалар нашрлари, айнан “Ғунча” журнали миллат болаларининг кўз очиб кўрадиган илк журнали, десак хато бўлмайди. Ҳадемай бу нашрнинг илк бор чоп этилганига 60 йил тўлади.

Тахламларни варақласак, ҳар бир даврнинг нафасини туямиз. Бир пайтлар миллиондан ортиқ обуначига эга бўлган болалар нашрларининг бугунги ўқувчиси 50 минг, 100 мингдан зиёд. Афсуски, республикамиз ўқувчилари сонига ҳисобласак ва тақсим қилсак, бир синфга бир донадан ҳам журнал тўғри келмайдиган ҳолатлар учрайди.

Яна ўқинг:  Гўзаллик ва нафосат байрами спорт маликаларини саралади

Бугун китоб ҳақида, мутолаа ҳақида давлат раҳбарининг ғамхўрлик кўрсатишига илк жавоб – Мактабгача таълим муассасаси ёшидаги болажонлар ва ўқувчиларнинг болалар нашрига обунасини айнан Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида амалга ошириш керак. Ва яна бу нашрларни сифатли қоғозда босишни қатъий йўлга қўйиш муҳимдир. Чунки бугунги кун боласи зеҳни ўткир, таъби нозик. У “усти ялтироқ…” нашрларни танлаб, адашиб қолишига йўл қўймаслигимиз керак! Айнан бу қарордан кўзланган мақсаднинг замирида болаларга маъно ва мазмун жиҳатидан яна ҳам мукаммал, уларнинг онгу тафаккурини улуғ аждодларимизга муносиб тарбиялашга ҳисса қўшиш мужассамдир.

– Бугун ахборот технологиялари шиддат билан тараққий этаяпти. У шубҳасиз болаларимиз ҳаётига ҳам кириб, муҳим ўрин эгаллаб олди. Компьютер, планшет, уяли телефон ва уларнинг ёнида “Ғунча” журнали… Сизнингча, болалар қай бирини танлайди? Танлаши зарур?!

– Янги технологиялар ва техника асри. Ҳар бир замоннинг илғор технологияларини ёшларнинг ўзлаштириши бу ҳам ютуқ. Навоий даврида ҳам, балки дунё яралгандан буёндир: “ёшларнинг ота-боболарига муносиблиги…” ҳақида мулоҳазалар бўлган. Ҳамма замон ўзининг даҳолари, илму маьрифат эгаларини етиштирган. Мени ҳали мактабга чиқмаган боланинг техникани тушуниши ажаблантиради – у комьпютерми, планшетми ё қўл телефоними?! Болада қизиқиш кучли! Уни йўналтиришга асло бефарқ бўлмаслигимиз керак. Чунки, ким нима истаса топгай бегумон, деб донишмандларимиз бежиз айтмаган…

Болаларнинг танлаш имконияти ҳақида сўз кетса, бир таниқли актёрнинг фикри ёдимга тушади: – Телевизор чиққанда, одамлар энди театрга тушмайди, деган ўйга ҳам борганмиз. Аммо ҳамманинг танлаш имконияти бор – оладиган маънавий эҳтиёжини ҳеч нарсага алиштирмайди.

Бугун журналимизнинг юз мингдан зиёд ўқувчиси бор. Бир журнални камида икки-уч бола ўқийди. “Ғунча”ни танлаганлар сонини энди ҳисоблайверинг… Келаётган мактублар – расмлар, ижод намуналари, танловларга оқиб келаётган хатлар оқими бизни қувонтиради. Ҳар бир мактуб эьтиборда – унинг ортида кичик қиёфадаги катта инсон борлигини асло унутмаймиз. Улар билан дўсту қадрдондек, фарзандимиздек муомала қилишга ҳаракат қиламиз. Фақат биз уларни яна ҳам кўпроқ жалб қилишда нималарга эътибор бермаяпмиз? Бу савол мени кўп ўйлантиради…

Ижодкор ёшлар орасида негадир болалар адабиёти йўналишида ижод қилаётган ёшларни кам учратамиз. Ёш ижодкорларни таҳририятда жамлаш, уларни келажагимиз бўлган болалар учун қоғоз қоралашга ундаш, қизиқтириш таҳририят томонига ҳам вазифалар юклайди. Бу борада фикрингиз қандай?

Яна ўқинг:  Инсон ҳаёти учун асалари илонлардан кўра хавфлироқ эканлиги аниқланди

– Болалар адабиётида асарлар ҳамиша тақчил. Бу балким нисбий фикрдир. Болалар учун ёзилган асарлар танловларда кўриняпти – у Зомин семинарими, ёшлар ижодими… Уларни жамлаш борасида ўзимиз сустлик қилаётганга ўхшаймиз. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда болалар учун ёзадиган ижодкорларни болалар нашрларига “боғлаб” қўйиш керак, назаримда. Ҳамкорликда кўп ишлар қилиш мумкин. Катта адибларимиз ҳам болаларбоп ижодини бизга “илинганда” хурсанд бўлиб кетамиз. Болалар учун ёзадиган ҳар бир ёш ижодкор билан доимо муносабат ўрнатамиз. Ҳатто, топишмоқ, тез айтиш ёзган ўқувчини ҳам рағбатлантириб, журнал билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.

– Болалар учун нашриётлар, айниқса, хусусий матбаа корхоналари томонидан кўплаб китоблар чоп этиляпти. Аммо уларнинг барчаси ҳақида ижобий фикр билдириш қийин. Айни дамда матбаачиликни тартибга солиш борасида қизғин мунозаралар олиб бориляпти. Менимча, биринчи галда болалар учун чоп этилаётган китобларни тартибга солиш зарур бўлса керак. Бунинг сабаби аён, боланинг қалби оппоқ қоғоз, унга томган сиёҳ ўз шаклида сақланиб қолади.

Болалар учун чоп этилаётган ҳар қандай асарнинг бадиий савиясини кўриб чиқиш учун бадиий кенгаш жоиз эмасмикин?!

– Бугун республикамизнинг қайси гўшасида “Китоб олами”га кирманг, кўзни қувнатадиган китобларни қайта-қайта қўлга оласиз. Болалар адабиётидаги китобларнинг деярли кўпчилигини таржима асарлари ташкил қилади. Бу яхши. Аммо миллий адабиётимиз вакилларининг болалар учун ёзган асарларини жамлаб “Болалар адабиёти” сериясида нашр қилиш керакдир. Китоб ўқиш яхши, аммо қандай китоб ўқиш кераклиги ҳамма нарсадан муҳим. Бундай назоратдан бола зада бўлиб қолмаслиги керак. У китобдан совийди.

Юқорида бола қалбига томган сиёҳ ҳақида тўхталдингиз. Натижа фикрлаш ва хулоса билан уйғун. Умрнинг ҳамма даврида ўзига яраша муаммо ва кемтикликлар бўлади. Фарзандларимизни курашиб яшашга ўргатмоғимиз керак. “Курашган ютқазиши мумкин, курашмаган ютқазиб бўлган”, дейди донишмандлар…

Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтгим келди: мен эртак қироли – Андерсен, бетакрор бастакор – Моцарт ҳаёти ва ижоди ҳақидаги фильмни ҳар сафар катта ҳаяжон билан кўраман. Бу кинолар ҳам китоб асосида яратилган. Қанийди, бизнинг ижодкорлар ҳақида ҳам шундай китоблар ёзилиб, шундай фильмлар яратилса. Бу болаларимиз учун жуда катта аҳамиятга эга. Кичкинтойлар учун чоп этилаётган асарларнинг бадиий савиясига ҳар бир нашриёт кенгаши масьул бўлгани жоиздир.

Яна ўқинг:  Оналик ва болалик муҳофазаси: муаммолар ўз ечимини топяптими?

Ф. Аттор “Ҳамманинг излагани ўз қалбидадир”, дейди. Ўша қалб кўзгусида боланинг тиниқ ва рангин дунёси асло хира тортмаслиги керак!

Мазмунли суҳбат учун ташаккур!

Раҳмат.

Фахриддин ҲАЙИТОВ

суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: