ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ – ЮРТ ФАРОВОНЛИГИ

Оилада соғлом муҳитни шакллантириш ва фарзандларимизни етук инсон бўлиб етишишини таъминлаш мақсадида 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида Республика “Оила” илмий-амалий маркази ташкил этилган эди. Мазкур марказ томонидан юртимизда оила институтининг мавқеини ошириш, фуқароларни, биринчи навбатда, ёшларни оилани миллий қадрият сифатида эъзозлашга ўргатиш, уни турли мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилишнинг самарали усуллари илмий асосда ўрганилмоқда. Республика “Оила” илмий-амалий марказ директори вазифасини бажарувчи Ҳафиза Мамадалиева билан суҳбатимиз марказ фаолияти, кейинги йилларда юртимизда оиланинг аҳамияти ва ўрни хусусида бўлди.

– Ўтган “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида ушбу марказ томонидан қандай ишлар амалга оширилди? Шахс камолотида оиланинг ўрни қанчалик аҳамиятга эга?

– Ҳозирги кунда мамлакатимизда 30 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади, етти миллиондан ортиқ оила мавжуд. Бизнинг марказ оилаларнинг мустаҳкам бўлиши, уларнинг тотувлик ва фаровонликка эришишини таъминлаш бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Оилада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш масалалари юзасидан ўтган “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида оилада ахлоқий ва маънавий қадриятларни шакллантириш, соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялаш, оиланинг ижтимоий-психологик муаммолари, эрта никоҳ ва ажримларнинг олдини олиш, оиланинг ҳуқуқий асослари йўналишлари бўйича болалар тарбиясини миллий анъаналарни ҳисобга олган ҳолда олиб бориш юзасидан педагогик ва психологик тавсиялар ишлаб чиқилди. Айниқса, “Ёшларни оилапарвар ота-оналикка тайёрлашда эътиқод тарбияси, унинг педагогик ечими” илмий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган тадқиқотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, оила шахс камолотида асосий ўрин эгаллашига қарамай, унинг қандай муҳитга эга бўлиши ҳам шунчалик аҳамиятлидир.

Оила аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабат, бир-бирларини тушуниш ва қўллаб-қувватлаш, зарур ўринда бир-бирига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишга тайёр эканликлари ёки аксинча бўлишлари оиладаги муҳитнинг ижобий ёки салбий бўлишига ҳам боғлиқ.

Ушбу жараённинг муваффақияти оилада, таълим муассасаларида ташкил этиладиган маънавий-ахлоқий тарбия самарадорлигига боғлиқ. Бироқ, оила бунда муҳим ўринга эга. Шу боис, унинг мустаҳкам бўлиши учун соғлом ижтимоий муносабатлар тизимини яратиш, аввало ота-оналарни психологик билимга эга бўлишларини таъминлаш зарур. Бунда оилавий психологик хизматни ташкил этиш долзарб масаладир. “Ўзбекистонда оилавий психологик хизматни ташкил этишнинг илмий-назарий ва методологик муаммолари” мавзусидаги илмий лойиҳа доирасида маҳаллаларда оилавий психолог хизматини ташкил этиш тадқиқ қилинаётганининг ўзи яна бир муҳим воқеадир.

Яна ўқинг:  МУСИҚА ВА САНЪАТ МАКТАБЛАРИ

– Президентимиз таъкидлаганидек, “Соғлом бола соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир”. Шундай экан, оиланинг мустаҳкам бўлишида аввало ота-онанинг ўрни муҳим. Уларнинг соғлом ва маънавиятли шахс сифатидаги ролини янада кучайтириш борасида марказ томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Асосан ёш оилаларда фарзанд дунёга келиб, улғаяр экан, уларнинг соғлом ва баркамол вояга етишида оиланинг ижтимоий, тиббий ва демографик ҳолати, оила аъзоларининг саломатлиги болаларнинг жисмоний ривожланишига ўз таъсирини кўрсатади. “Ўзбекистонда ёш оилаларнинг тиббий-демографик ҳолатини тадқиқ этиш” мавзусидаги илмий лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлили ҳам оила фаровонлиги, мустаҳкамлиги йўлида қўйилган қадамлардан биридир. Мазкур лойиҳа доирасида ёш оилаларни ҳар томонлама ўрганиш ҳамда шу оилаларда вояга етаётган фарзандларнинг жисмоний ривожланишини тадқиқ этиш орқали хонадонда соғлом ва аҳил муҳит ҳукмрон бўлишига ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз.

Ўзбекистонда ёш оилаларнинг ижтимоий-демографик ва тиббий ҳолатининг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш ёш оилаларда тарбияланаётган болаларнинг жисмоний ривожланишига таъсир этувчи омилларни, бунда демографик жараёнларни, ижтимоий ҳолатнинг ёш оила саломатлигига таъсирини аниқлашга ёрдам бермоқда.

– Бугунги техника ривожланган даврда ёшларни қай йўсинда салбий иллатлардан холи этиб тарбиялаш мумкин?

– “Оилада ёшларнинг салбий иллатлардан холи бўлиб вояга етишида ҳуқуқий маданиятли ота-онанинг таъсир даражасини илмий тадқиқ этиш” илмий лойиҳаси доирасида Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент ва Бухоро шаҳарларида ота-оналар ўртасида илмий семинарлар ташкил этилди. Уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун яратилган шарт-шароитлари, маҳалла ҳамда ўқув муассасалари билан боғлиқ маълумотлар илмий таҳлил қилинди. Ёшларнинг салбий иллатлардан холи бўлиб вояга етишида, ҳуқуқий маданиятли ота-онанинг таъсирчанлик даражасини илмий тадқиқ этиш учун ўтказиладиган синов майдончаларида мавжуд бўлган 25 та маҳаллада ота-оналар ўртасида илмий семинарлар ташкил этилди. Семинар иштирокчилари билан болаларнинг компьютер техникаси ҳамда қўл телефонлари орқали интернет хизматидан фойдаланиши тартибга солиниб, назоратга олиниши тўғрисида суҳбат ўтказилди. Албатта, бундай семинар-тренингларнинг аҳоли орасида тез-тез ўтказилиб турилиши ота-оналарга амалий ёрдам ҳамда келажагимиз бўлган ёшларни салбий иллатлардан холи бўлиб вояга етишларида муҳим аҳамиятга эга.

Йил мобайнида оила барқарор ривожланишини тарғиб этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, баркамол авлодни тарбиялаш, эрта никоҳга киришнинг олдини олиш ва оилавий муаммоларни бартараф этиш борасида маҳалла ва ташкилотларда, ўқув муассасаларида 50 дан зиёд учрашув, давра суҳбати, семинарлар ташкил этилди.

Яна ўқинг:  Атиргул ифори

Хулоса қилиб айтганда, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ва марказда олиб борилаётган илмий лойиҳалар доирасида учта тадқиқот ўтказилди, учта монография, битта ўқув қўлланмаси, иккита илмий тўплам, 10та рисола ва услубий қўлланма, 70 дан зиёд илмий ва илмий-оммабоп, олтита халқаро миқёсдаги мақолалар эълон қилинди, 12 номдаги буклетлар ишлаб чиқилди ва жойларга тарқатилди.

Оила жамиятнинг асосини ташкил этар экан, ҳар бир оиланинг фаровонлиги ва бахтиёрлиги бевосита жамиятнинг барқарорлиги ҳамда гуллаб-яшнашини белгилайди. Унда соғлом фарзанд дунёга келиши, келажакда унинг маънан баркамол, соғлом ва эл-юрт корига ярайдиган инсон бўлиб вояга етиши ота-онанинг маънавиятли ва ҳар томонлама билимли бўлишига ҳам боғлиқ.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: