Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қарори

Жамиятимиз ҳаётида, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда маданият, санъат ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз ижодкор зиёлиларининг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда зарур шароит ва имконият яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Рассомлар ижодий бирлашмаси (кейинги ўринларда – Ўзбекистон Рассомлар ижодий бирлашмаси), Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида:

  1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Ўзбекистон Рассомлар ижодий бирлашмаси, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини (кейинги ўринларда – Фонд) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
  1. Қуйидагилар Фонднинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Ўзбекистонда маданият, санъат ва журналистикани ривожлантириш учун маблағ ажратиш ва йўналтириш, бу борада тегишли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмасини моддий таъминлаш ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ сарф-харажатларни молиялаштириш, мазкур уюшмалар аъзолари бўлган ва соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган фахрийларга манзилли моддий ёрдам кўрсатиш;

Фонд томонидан молиялаштириладиган муассасаларнинг моддий-техник базасини изчил мустаҳкамлаб бориш, унинг тасарруфидаги мулкни бошқариш, Фонд уставида белгиланган вазифаларни амалга оширишда маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш.

  1. Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондининг Ҳомийлик кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондининг ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, Фонднинг Ҳомийлик кенгаши томонидан лавозимга тайинланадиган ва озод қилинадиган ижрочи директор раҳбарлик қиладиган Ижроия дирекция Фонднинг ижро органи ҳисобланади.

Фонднинг Ҳомийлик кенгаши раисига Фонд томонидан молиялаштириладиган муассасалар раҳбарларининг таклифлари асосида, зарур ҳолларда ушбу муассасалар тузилмасига, ходимларнинг чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

  1. Фонднинг Ҳомийлик кенгаши (А.Н.Арипов):

Фонд даромад ва харажатлари бўйича прогноз кўрсаткичларни ҳар йили тасдиқласин;

Фонд маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишларини белгиласин ва тасдиқласин;

Фонд зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун манфаатдор давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларини, шунингдек, ҳомийларни жалб этсин;

Фонд Ижроия дирекциясининг даромадлари, харажатлари асосли экани ва маблағлардан мақсадли фойдаланиш бўйича фаолияти тизимли назорат қилинишини таъминласин.

  1. Қуйидагилар Фонд маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Фондга Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси ҳудудий бўлимларининг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш учун ажратиладиган бюджет маблағлари (субсидиялар);

Яна ўқинг:  Аждодларни ёд этиб

Фонд ихтиёрига ўтказиладиган ижод уйларини ижарага бериш ва Фонднинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия маблағлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

  1. Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Фонд ҳисобрақамига 7 миллиард сўмни хайрия асосида ўтказиш тўғрисида;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Олий суднинг Фондга ноқонуний йўл билан топилган ва мусодара этилган даромадлар ҳисобидан 13 миллиард сўм йўналтириш тўғрисидаги ташаббуслари маъқуллансин.

  1. Белгилансинки, Фонд томонидан молиялаштириладиган муассасалар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби Фонднинг Ҳомийлик кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ўрнатилади.
  1. Фонд ва у молиялаштирадиган муассасалар 2022 йил 1 январга қадар барча солиқлар, шунингдек, давлат мақсадли фондларига мажбурий тўловлардан озод қилинсин.

Ушбу имтиёзлар тақдим этилиши муносабати билан бўшайдиган маблағлар фақат Фонд зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишга йўналтирилиши белгилаб қўйилсин.

  1. Ўзбекистон Бадиий академиясининг Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Сойлиқ қишлоғи манзили бўйича жойлашган “Оқтош” ижод уйи Фонд томонидан молиялаштириладиган ижодий уюшмалар ва бирлашмалар аъзоларининг тўлақонли дам олиши учун шароитлар яратиш мақсадида Фонд бошқарувига ўтказилсин.

Фонднинг Ижроия дирекцияси Фонд бошқарувига ўтказиладиган мулкдан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминласин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб Фондга Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси ҳудудий бўлимларининг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш учун бюджетдан маблағлар (субсидиялар) ажратсин.

Белгилаб қўйилсинки, Фонднинг маблағлари мазкур қарорнинг 9-бандида кўрсатилган муассасанинг сарф-харажатларини қоплаш учун ҳам ажратилади.

  1. Ҳомийлик кенгаши:

бир ой муддатда Фонд устави, шунингдек, Фонд маблағларини шакллантириш тўғрисидаги Низом ва улардан фойдаланиш тартибини;

икки ой муддатда мазкур қарорнинг 9-бандида қайд этилган Ижод уйининг коттежлари ва меҳмонхоналарини Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоларига улар ижод қилиш учун борганларида бериш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқласин.

  1. Фонднинг Ижроия дирекцияси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент шаҳар, Алишер Навоий номидаги миллий боғ ҳудудидаги биносида жойлаштирилсин.
  1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда бир ой муддатда амалдаги қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
  1. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Яна ўқинг:  Ватанни севмоқ – олий саодат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 9 август

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

“Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом”

жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига

ШАРҲ

Кейинги пайтда мамлакатимизда ҳаётимизнинг энг муҳим соҳа ва тармоқлари ривожи бўйича билдирилган, кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланган амалий таклиф ва лойиҳаларни изчил, вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича самарали тизим шаклланиб, муваффақиятли фаолият кўрсатаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Бунинг амалий тасдиғини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан бўлган учрашувида маданият, адабиёт ва санъат соҳасини ривожлантириш бўйича илгари сурилган ғоят муҳим таклиф ва ташаббуслар, Президентимиз томонидан қабул қилинаётган фармон ва қарорлар билан мустаҳкамланиб, аниқ ҳуқуқий норма ва қоидалар сифатида ҳаётга жорий этилаётгани мисолида яққол кўриш мумкин.

Ана шу учрашувда мамлакатимиз ижодкор зиёлиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш ҳақида ҳам долзарб вазифалар белгилаб олинган эди. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан яна бир муҳим ҳужжат – “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Қарорда мамлакатимизда маданият, санъат ва журналистикани ривожлантиришни маблағ билан таъминлаш, ушбу йўналишларда тегишли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш “Илҳом” жамоат фондининг асосий вазифаси сифатида белгилаб қўйилгани жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки шу пайтгача Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмасини моддий жиҳатдан таъминлаш, уларнинг фаолияти билан боғлиқ сарф-харажатларни молиялаштириш, мазкур уюшмалар аъзолари бўлган ва соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган фахрийларга аниқ йўналтирилган моддий ёрдам кўрсатиш сингари масалаларда муаммолар мавжуд эди. Мазкур Фонд ташкил этилиши билан уларнинг барчаси ижобий ечимини топадиган бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Илҳом” жамоат фонди юқорида тилга олинган ижодий муассасаларнинг моддий-техник базасини мунтазам мустаҳкамлаб бориш, уларга тегишли мулкни самарали бошқариш ишларига ҳам бевосита масъул саналади.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унга биноан Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди Ҳомийлик кенгашининг таркиби ҳамда Фонднинг ташкилий тузилмаси тасдиқланди, Фонднинг ижро органи бўлмиш Ижроия дирекциясининг фаолият кўрсатиш тартиби белгиланди.

Фонднинг даромад ва харажатлари билан боғлиқ йиллик прогноз кўрсаткичларини тасдиқлаш, унинг маблағларидан фойдаланиш бўйича асосий йўналишларни белгилаш ҳамда тасдиқлаш Ҳомийлик кенгашининг зиммасига юклатилди. Шу билан бирга, бу борада белгиланган вазифаларни амалга оширишга манфаатдор давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларини ҳамда ҳомийларни жалб этиш мумкинлиги ҳам назарда тутилган.

Яна ўқинг:  Миллий интернет: лойиҳалар такомиллашмоқда

Яна бир муҳим масала – “Илҳом” жамоат фондининг маблағларини шакллантириш манбалари аниқ-равшан кўрсатилган. Хусусан, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмасининг ҳудудий бўлимларида ишлаётган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун ажратиладиган бюджет маблағлари (субсидиялар), Фонд ихтиёрига ўтказиладиган ижод уйларини ижарага бериш ва Фонднинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар шулар жумласидандир.

Президент қарорида “Илҳом” жамоат фондининг фаолиятини самарали йўлга қўйишга хизмат қиладиган принципиал жиҳатдан яна бир муҳим масала ўз аксини топган. “Илҳом” жамоат фонди ҳисобрақамига давлат бюджетидан 20 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилиши ижодий муассасалар фаолиятини янада яхшилаш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилгандир.

Фонд томонидан молиялаштириладиган муассасалар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби Ҳомийлик кенгаши томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ўрнатилиши белгиланган. Фонд ва у молиялаштирадиган муассасалар 2022 йил 1 январга қадар барча солиқлар, шунингдек, давлат мақсадли фондларига мажбурий тўловлардан озод қилинади, бунинг натижасида бўшайдиган маблағлар фақат Фонднинг зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишга йўналтирилади.

Қарорда Фонд томонидан молиялаштириладиган ижодий уюшмалар ва бирлашмалар аъзоларининг тўлақонли дам олиши учун шароитлар яратиш масаласи ҳам инобатга олинган. Шу мақсадда Ўзбекистон Бадиий академиясининг Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Сойлиқ қишлоғида жойлашган «Оқтош» ижод уйи Фонд бошқарувига ўтказилиб, бу ерда барча ижодий уюшма ва бирлашмалар аъзоларининг тўлақонли дам олиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши белгиланган.

Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмасининг ҳудудий бўлимларида фаолият кўрсатаётган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш учун Фондга давлат бюджетидан маблағлар (субсидиялар) ажратиш ҳам қарорда алоҳида таъкидланади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Рассомлар ижодий бирлашмаси, Театр арбоблари уюшмаси ва Журналистлар ижодий уюшмасининг фаолиятини ривожлантириш, ушбу соҳалар вакилларини моддий ва маънавий жаҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга муносиб иш ва дам олиш шароитлари яратиб беришни таъминлаш борасида янги имкониятлар очиб бериши билан улкан аҳамиятга эга.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: