Ёш оилалар ва қизлар форуми

Андижонда Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами ҳамда 12 август – Халқаро ёшлар кунига бағишланган «Ёш оилалар ва қизлар» биринчи республика форуми тадбирлари ўтказилмоқда.

Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони асосида ўтказилаётган форум доирасида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида ташкил этилган “Мен ҳам етакчи бўламан” мавзусидаги тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши фаоллари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, талабалар, ёш оилалар ва уюшмаган ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайиши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратиш, ёшларнинг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш, ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Айниқса, қиз боланинг тарбияси, уни замонавий билим ва касб-ҳунарга ўргатиш, юксак маънавиятли, одоб-ахлоқли қилиб вояга етказиш оиладаги муҳим ва нозик масала ҳисобланади, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова. – Шу маънода мазкур форум ёш оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар, хусусан, қизларни юксак одоб-ахлоқ тамойиллари асосида тарбиялаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, кийиниш, муомала ва тиббий маданиятини юксалтиришга хизмат қилади. Уюшмаган қизларнинг истеъдодли ва фаол қизлар билан дўстона алоқаларини мустаҳкамлаш, “Тенгдош – тенгдошга ўрнак” шиори остида намунали ва фаол қизлар фаолиятини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда сиёсий партиялар “Аёллар қаноти” фаоллари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутати бўлган, шунингдек, турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган раҳбар ҳамда тадбиркор аёллар билан қизларнинг очиқ мулоқотлари бўлиб ўтди.

Баҳс-мунозара, савол-жавоб тарзида ўтган тадбир доирасида қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларда етакчилик қобилиятини шакллантиришга қаратилган машғулотлар ўтказилди, самарали иш юритиш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

– Мулоқот ва машғулотлар менда катта таассурот қолдирди, – дейди Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши фаоли Мумтоза Мадаминова. – Раҳбар ва депутат аёллар билан суҳбатларда фидойилик, етакчиликнинг ўзига хос жиҳатлари хусусида кўп маълумотларга эга бўлдим. Бу келгусидаги фаолиятимда асқотишига ишонаман.

Яна ўқинг:  ННТ фаолияти: самарали ҳамкорлик

Ҳафта охирига қадар давом этадиган форум доирасида Андижон давлат университетида “Таълим ва фан” мавзусида илмий-амалий конференция, китоб акцияси, янги китоблар тақдимоти, вилоят “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказида ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида “Ким нимага қодир?” мавзусида маҳорат дарслари, ўқувчи-қизларнинг ижодий кўргазмалари, Андижон олимпия захиралари коллежида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, тўғри овқатланиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга қаратилган машғулотлар, спортнинг бир неча тури бўйича мусобақалар ўтказилади.

Фахриддин Убайдуллаев,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: