Энг яхши ёшлар ташаббуслари аниқланди

Энг яхши ёшлар ташаббуслари аниқланди Мамлакатимизда ёшларнинг ижтимоий лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Барқарор ривожланиш мақсадларида энг яхши ёшлар ташаббуси” кўрик-танлови эълон қилинган эди.

Пойтахтимизда ана шу кўрик-танловнинг якуний натижалари ҳамда ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлигида ўтказилган кўрик-танловга 22 ўқув муассасасидан қарийб 450 талабанинг 150 та лойиҳаси тақдим этилди.

Лойиҳаларда органик, пластик, қоғоз ва шиша чиқиндиларни тўплаш орқали чиқиндиларни бошқариш, маҳаллий барқарор иқлимга мослашган ўсимликларни экиш натижасида университет ҳудудини кўкаламзорлаштириш сингари долзарб масалаларга эътибор қаратилган.

– Талабалар ишларида университетларда “яшил” архитектура ва дизайн яратиш, атмосфера ҳавосини тозалаш, ўқув жараёнига электрон ечимни, қишлоқ хўжалигига инновацион технологияларни жорий этиш, ижтимоий тадбирларни ташкил қилиш, энергия альтернатив манбаларидан фойдаланиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар етакчилик қилади, – дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бўлим бошлиғи Хания Асилбекова. – Келгусида мазкур лойиҳани янада такомиллаштириш, иштирокчилар сафини кенгайтириш, лойиҳалар савиясини ошириш ниятидамиз.

Ҳайъат аъзолари хулосасига кўра, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Бухоро давлат университети талабалари кўрик-танлов ғолиби, деб топилди. Танлов ғолибларига диплом, гуруҳ сардорига жорий йилда Буюк Британияга сафар қилиш ва у ердаги олий ўқув юртлари талабалари билан барқарор ривожланиш масалалари бўйича фикр алмашиш имконияти ҳамда танлов лойиҳасини амалиётга татбиқ этиш учун пул мукофоти берилди. Энг яхши лойиҳалар муаллифлари ҳам совғалар ва сертификатлар билан тақдирланди.

Тадбирда азон қатламини муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши масалаларига бағишланган халқаро фотосуратлар танлови эълон қилинди.

Моҳигул Қосимова,

ЎзА

Яна ўқинг:  Болалар саломатлиги йўлида

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: