Tиббиётимиз ютуқлари намойиши

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!» шиори остида тиббиётимиз ютуқлари намойишига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, шаҳар соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, маданият ва спорт ишлари бош бошқармалари, саломатлик ва тиббий статистика институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Б.Обидов ва бошқалар мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилаётгани халқимиз эришаётган барча ютуқларда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этишга йўналтирилган ва босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида халқимизга жаҳон андозалари даражасида тиббий ёрдам кўрсатиш механизми яратилди.

Замонавий тиббий технологиялар билан жиҳозланган бирламчи тиббий-профилактика муассасаларидан жаҳон тиббиётининг энг сўнгги ютуқлари асосида фаолият юритаётган ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларигача бўлган бўғинда касалликларнинг олдини олиш, тез ва аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволаш борасида барча зарур имкониятлар яратилган.

Юртимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси пойтахтимиздаги тиббиёт муассасалари фаолиятида ҳам яққол намоён бўлаётир.

Тошкент шаҳар саломатлик ва тиббий статистика институтининг маълумотига кўра, бугунги кунда пойтахтимиз аҳолисига бир юз олтмишдан зиёд тиббиёт муассасаси тиббий хизмат кўрсатмоқда. Соғлиқни сақлаш муассасаларини босқичма-босқич модернизациялаш, янги тиббий техника ва технологиялар билан жиҳозлаш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида аҳолининг замонавий тиббий ёрдамдан баҳрамандлик даражаси тобора юксалиб бораётир.

«Обод турмуш йили» Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда. Жорий йил пойтахтимизда инвестиция дастури доирасида ўнта тиббиёт муассасасида қурилиш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган бундай изчил ислоҳотлар натижасида халқимизнинг ўртача умр кўриш кўрсаткичи муттасил узаймоқда. Оналар ва болалар ўлими уч баробардан кўпроқ камайди.

– Қисқа даврда юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида жаҳон андозаларига мос миллий модел яратилди, – дейди пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 17-оилавий поликлиника бош шифокори Шаҳзода Алимова. – Оилавий поликлиника замонавий тиббиёт тизимининг ана шундай янги ва муҳим йўналишларидан биридир. Аҳоли орасида тиббий-профилактика ишларини олиб бориш, касалликларнинг олдини олиш, она ва болага, оилаларга тиббий хизматни яқинлаштириш, соғлом фарзандлар туғилиши ва камолга етишини таъминлаш бу соҳада фаолият юритаётган шифокор ва ҳамшираларнинг асосий вазифаларидандир. Ҳар бир инсонга тез ва самарали тиббий маслаҳат ва даволаш ёрдами кўрсатишга эришаётганимиз туфайли аҳолининг стационар тиббиёт масканларида ётиб даволанишга эҳтиёжи камайиб бормоқда.

Яна ўқинг:  Диққат, кўрик-танлов: “Йилнинг энг яхши китоби”

Тадбир доирасида пойтахтимиздаги тиббиёт муассасалари фаолиятига оид кўргазма намойиш этилди.

Таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочиларнинг концерти тадбирга янада файз бағишлади.

Б.ХИДИРОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: