Обод бозорнинг савдоси баракали бўлади

Бугун юртимиздаги барча савдо марказлари ва бозорларда улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишлари амалга оширилиб, аҳолига сифатли хизмат кўрсатилмоқда.

Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги “Ўрикзор” маҳалласи ҳудудида фаолият кўрсатаётган “Қурилиш шаҳарчаси” савдо мажмуаси ана шундай замонавий марказлардан бири ҳисобланади.

2014 йилнинг ноябрь ойида хусусийлаштирилган ва айни дамда 800 нафардан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатаётган марказ аҳолининг хўжалик ва турли маиший эҳтиёж молларига бўлган талабларини қондириб келмоқда.

Жумладан, мажмуада турли қурилиш материаллари ҳамда болажонларнинг тафаккур ва зеҳнини ўстирувчи, вақтларини мазмунли ўтишини таъминловчи ўйинчоқлар савдоси кенг йўлга қўйилган.

Савдо мажмуамизда тадбиркорлар учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Маъмурият томонидан сотувчиларнинг муомала маданиятига, ён-атроф озодалигига алоҳида эътибор берилади. Бундай эзгу ишлар аҳолига сифатли савдо хизматини кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади, – дейди марказнинг ходимлар бўлими бошлиғи Дилором Аҳмедова.

Бу ердаги тадбиркорлар доимо ўз ишига масъулият билан ёндашадилар. Жамоада интизом иш унумининг асосини ташкил этади. Айниқса, ҳудудда ноқонуний савдонинг олдини олиш мақсадида тез-тез тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилади.

Яқинда Учтепа туман Ички ишлар бўлими ва яна бир қанча масъул ташкилотлар ҳамкорлигида “Одам вируси” ҳужжатли фильмининг намойиш этилиши тадбиркорларни бугунги шиддаткор замонда огоҳ бўлиб яшашга чорлади. “Огоҳликка даъват”, “Муомала маданияти”, “Ўз ҳудудингни озода сақла” каби маънавият соатларининг ўтказилиши эса сотувчиларнинг ички маданиятини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Ҳозир юртимизда ёзнинг жазирама кунлари ҳукм сурмоқда. Шу боис, мажмуа ҳудудида санитария талабларига жавоб бермайдиган турли озиқ-овқат маҳсулотларининг ноқонуний савдосининг олдини олишга катта эътибор қаратилган. Жумладан, тегишли ташкилотлар ходимлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Санитария-эпидемология осойишталиги тўғрисида”ги қонунлари, шунингдек, “Тошкент шаҳри ҳудудида ноқонуний савдони бартараф этиш, мавсумий савдо ва умумий овқатланиш тармоғи объектлари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мажмуа ҳудудида санитария талабларига жавоб бермайдиган морс, квас, ўрик шарбати, айрон каби яхна ичимликлар, музқаймоқ, мева-сабзавотлар, гўшт ҳамда сут маҳсулотлари ва гўжа билан савдо қилинишининг олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Яна ўқинг:  Подагра қандай касаллик? Унинг олдини олишда нималарга эътибор бериш зарур?

Ён-атроф озодалигини сақлашга маъмурият томонидан катта эътибор қаратилган ва бу борада фаррошлар, боғбон ва сантехник ходимларнинг самарали меҳнати таҳсинга лойиқ. Қолаверса, мажмуа ҳудудидаги маиший ва техник чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб чиқиб кетилиши қатъий назоратга олинган. Шунингдек, ёнғин хавсизлигини таъминлаш мақсадида ўрнатилган ўт ўчириш мосламалари, кузатув камералари соҳа ходимларининг доимий назоратида.

Шунингдек, савдо маркази ҳудудидаги барча тадбиркорлар савдо хизматини тўлов терминаллари ва касса аппаратлари ёрдамида амалга оширмоқда.

Дарҳақиқат, бугун нафақат пойтахтимиз, балки республикамиздаги мавжуд бозорлар гўзал масканларга айланди. Улар атрофи обод ва озода, кўркам ҳамда дилга қувонч улашадиган қиёфага келди. Расталар тартибли, қаерда қайси маҳсулот сотилиши аниқ белгилаб қўйилди. Бу эса истеъмолчиларга янада маданиятли хизмат кўрсатиш, шунингдек, халқ фаровонлиги, ва иқтисодиётимизнинг юксалишига хизмат қилмоқда.

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: