Оналарнинг ишончли ёрдамчиси

Уларнинг салбий ва ижобий жиҳатлари ҳақида нималарни биламиз?

Ҳозирда жажжи болажонларни улар учун мўлжалланган тагликларсиз тасаввур қилиш қийин. Ҳатто, пештахта ва электрон бильбордларда ҳам айнан такликларга бағишланган реклама роликлари кўплаб намойиш этилмоқда.

Кўчада сайр қилиш ёки оилавий поликлиникага тиббий кўрик учун отланган аксарият оналар мазкур гигиеник воситадан фойдаланади. Аммо тагликларнинг ижобий ва салбий хусусиятлари билан боғлиқ бир қанча қарашлар борки, бу мазкур воситадан фойдаланишда айрим ота-оналарни ҳушёр бўлишга ундайди. Яъни, гигиеник воситадан фойдаланганда унинг олтин меъёр қоидаларига амал қилиш зарурий шартлардан бири саналади. Шу хусусда шифокор Нигора Расулова бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Болажонлар учун таглик қандай танланади, деган савол кўпчилик уй бекаларини қизиқтириши, шубҳасиз. Аввало, ёш оналар тагликнинг ўлчамига жиддий аҳамият бериши лозим. Бу энг асосий шартлардан бири ҳисобланади. Дўконларда гўдакнинг туғилганидан то улғайгунига қадар фойдаланиш мумкин бўлган махсус тагликлар мавжуд. Эндигина туғилган чақалоқлар учун мўлжалланган гигиеник восита қадоғига “Newborn”сўзи ёзиб қўйилади. Кейинчалик эса тагликлар танлашда боланинг ёши ва вазнини аниқ эътиборга олиш талаб этилади.

Ушбу воситанинг ижобий хусусиятлари тўғрисида кўплаб фикр-мулоҳазаларни билдириш мумкин. Унинг гигиеник тарафлама афзаллиги, оналарга яратаётган қулайликлари барчага маълум. Аммо ундан тўғри фойдаланмаслик салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, боланинг тагликда узлуксиз равишда юриши ҳамда гўдак учун гигиеник воситанинг ўлчамини нотўғри танлаш салбий оқибатларга олиб келади. Одатда айрим оналарнинг дангасалиги туфайли бола 3 ёшгача тувакка ўрганмайди. Сабаби унда шартли рефлекс ривожланмаган бўлади. Агар бола ўз вақтида тувакка ўргатилса, тагликдан фойдаланишга ҳеч қандай зарурат қолмайди. 7-8 ойликдан бошлаб болани секин-асталик билан тувакка ўргатиб борса бўлади. Ўғил болаларни ҳаддан ортиқ иссиқ кийинтириш ва бунинг устига доимо гигиеник воситадан фойдаланиш, уларнинг моякларида ички ҳароратнинг ошиб кетишига сабаб бўлади. Бу эса зарарлидир.

тагликларга қўйиладиган яна бир қанча талаблар мавжуд бўлиб, улардан бири болажон уни кийгач, териси нафас олиши шарт. Уни харид қилаётганда таркибида полиэтилен моддаси мавжуд эмаслигига эътибор қаратинг. Гўдакнинг бу кийими нафас ўтказиши, юмшоқ ва эгилувчан (эластик) ва энг асосийси аллергия қўзғамаслиги лозим. Шунингдек, тагликнинг резина боғичи гўдакнинг терисини сиқиб қўйиши керак эмас. У етарли даражада эластик (эгилувчан) бўлиши лозим.

Яна ўқинг:  Руҳий зўриқиш барча касалликлар дебочаси

Одатда кўпчилик оналар тагликларнинг машҳур фирма томонидан ишлаб чиқарилганига эътибор бериб, хатога йўл қўядилар. Яқин кишингизнинг маслаҳати билан танланган гигиеник воситалар, унинг гўдагига ижобий таъсир қилган бўлиши, аммо болажонингизнинг териси билан боғлиқ касалликларнинг вужудга келишига олиб келиши мумкин. Гигиеник воситани қайси фирма ва қаерда ишлаб чиқарилгани, маҳсулотнинг таркиби ва сақланиш муддати ҳақидаги маълумотни қадоқдан ўқиб олиш керак. Ҳатто, энг машҳур фирманинг тагликлари ҳам аллергия қўзғаши, бу билан боланинг терисида жиддий муаммолар юзага келтириши ҳеч гап эмас.

 

Шифокорлар томонидан юқоридаги муаммоларнинг пайдо бўлмаслиги учун бир қанча тавсиялар берилади:

– ҳар гал ушбу воситадан фойдаланилганда болажоннинг териси яхшилаб ювилиб, қуритилади ва кейин янги таглик кийдирилади;

– кун давомида камида 20-30 дақиқа боланинг териси ҳаво ваннасида нафас олиши керак. Сўнгра гигиеник восита қайта алмаштириб кийдирилиши мақсадга мувофиқдир;

– гўдакларнинг кийимларини ювишда болалар учун мўлжалланган кир ювиш кукунидан фойдаланинг;

– чақалоқнинг тери қаватларига эътиборли бўлинг. Агарда қизаришлар, яллиғланишлар кузатилса, шифокор билан маслаҳатлашинг.

 

Бола туғилганидан сўнг биринчи 6 ойликкача онанинг саломатлиги тиклангунича тагликлардан меъёрида фойдаланиш ҳар тарафлама қулай ҳисобланади. Аммо баъзида шу меъёрни унутган “тежамкор” оналар фақатгина бир марта фойдаланиш мумкин бўлган тагликларни ювиб, уни яна қайта ишлатишади. Натижада болада тери қатлами ва пешоб йўллари билан боғлиқ бўлган жиддий касалликлар юзага келиши, инфекцияларнинг ривожланиб кетиши учун замин ҳозирланади. Буни оналар асло ёддан кўтармасликлари керак.

Хона ҳароратининг ҳаддан ортиқ исиб кетганида тагликлардан фойдаланиш бола териси учун хатарли саналади. Айниқса, ёзнинг чилласида кичкинтой териси мазкур гигиеник восита сабаб нафас олмайди. Бундай пайтларда фақат кечки уйқу пайтидагина тагликлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: