“Эндиликда вирусли хасталикларга қарши вакциналар ўзимизда ишлаб чиқарилади”

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда аҳолининг эпидемиологик хавфсизлигини таъминлаш, гриппга оммавий чалиниш ҳолатларининг олдини олиш, пандемик салоҳиятга эга янги юқори патоген вирусли инфекцияларга қарши курашиш устувор масала этиб белгиланган. Мазкур қарор ижроси юзасидан режалаштирилган ишлар билан танишиш мақсадида Республика санитария ва эпидимиология марказининг олий тоифали шифокори, эпидимиолог Клара Ражапбоева билан суҳбатлашдик.


– Соҳадаги шарт-шароитлар ва мавжуд муаммолар ўрганилганда инфекция юқиш хавфи юқори бўлган аҳоли тоифаси ҳақида сўз юртилган. Айтингчи, бундай тоифага кимлар киритилган?

 

6 ёшгача ва 65 ёшдан юқори бўлган одамларда ўткир юқумли касалликларга чалиниш кўпроқ кузатилади. Сабаби, улғаяётган гўдак организмида иммун тизими энди ривожланаётгани боис, у кучли вирусларга қаршилик кўрсатолмайди. Кекса ёшдагиларда эса иммун тизими пасайиб кетиши оқибатида курашувчанлик камаяди.

Айрим одамларда шундай “одат” бор-ки, ўзига ўзи табиблик қилади. Касалликдан ҳолсизланиб, аҳволи танг бўлмагунча шифокорга мурожаат қилмайди, ўзи билганча дориларни истеъмол қилади. Бу эса кучли вирусга яна ҳам озуқа беради. Шунинг учун оилавий поликлиникаларда аҳолининг тиббий билимини ошириш учун тарғибот ишларини кучайтириш лозим. Агар беморни сўнгги дақиқаларда шифохонага олиб келиб, кутилган натижага эришилмаса, дарров шифокорни айбдор қилишади. Афсуски, кўпчилик гриппнинг салбий оқибати ўлимгача олиб боришини билмайди ҳам. Шунинг учун имкон қадар куз ойларида айнан ўткир юқумли касалликларга чалиниш эҳтимоли кўп бўлган қатлам вакиллари билан эмлаш ишларини олиб борамиз. Бу муолажалар оилавий поликлиникаларда давлат ҳисобидан амалга оширилади.

 

Барча вакциналар ва вирусга қарши воситалар давлат бюджетидан олиб келинадими?

 

Ҳаммаси эмас. Авваллари бюджет ва бюджетдан ташқари ҳам вакциналар олиб келинарди. Эндиликда мазкур қарорда белгиланганидек, вирусга қарши воситалар ўзимизда ишлаб чиқарилади. Бу албатта соҳада катта ютуқ ҳисобланади. Хориждан қиммат воситалар олиб келмасдан, аҳолининг барча қатлами учун иқлимга мослаштирилган вакциналар ўзимизда бўлади.

 

Афсуски, ҳомиладорлик даврида скрининг текшируви амалга оширилишига қарамай, юртимизда ногирон болалар туғилиши тез-тез учрамоқда. Айтингчи, агар ҳомиладор она грипп ва бошқа юқумли хасталиклар билан оғриса, болада ногиронлик юзага келиши мумкинми?

Яна ўқинг:  Ички туризм: ҳам саёҳат, ҳам зиёрат

 

Албатта, ҳомиладор аёлдаги грипп унинг фарзандига ҳам ўтади. Бу эса ҳомиланинг ривожланишида нуқсонларни юзага келтиради. “Ўзбекистон Республикасида грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларнинг тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда ҳам бу масалага алоҳида урғу берилган. Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига бу борада катта масъулият юкланди. Айни пайтда улар ҳомиладорларни грипп ва ўткир юқумли касалликларга қарши эмлаш вакцинасини ишлаб чиқишга киришган. Яқин ойларда бунинг натижасини кўрамиз.

Бундан ташқари аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш борасида ҳам топшириқлар белгилаб берилган. Ундан кейин умумтаълим мактабларида ҳам санитария ва эпидемиология дарслари олиб борилади. Ўсиб келаётган ёш авлодга соҳага доир зарур тушунчаларни бериб бориш, келгусида ўзининг ижобий самарасини бериши аниқ.

 

Сўнгги йилларда гриппнинг турлари кўпайиб бормоқда. Бунга қандай ташқи омиллар сабаб бўлаяпти?

 

Грипп ва юқумли касалликларнинг шундай бир хусусияти борки, улар мутация ҳосил қила олади. Яъни, ҳавода тарқалган парранда ёки бошқа турдаги грипп заррачалари ўзаро тўқнашганда, уларнинг бир-бирига бирикиши натижасида янги грипп тури пайдо бўлади. Шу хусусияти билан ҳам у хавфли ҳисобланади. Грипп ва бошқа юқумли касалликларни бутунлай бартараф этиб бўлмайди.

 

Парранда гриппига алоҳида тўхталиб ўтсангиз. Сўнгги йилларда ушбу вирус дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенг тарқалди.

 

Парранда гриппини тарқатувчилар кўчманчи қушлар ҳисобланади. Уларнинг иссиқ ва совуқ ўлкаларда жой алмаштириб турувчи турлари мавжуд инфекцияни ўзига юқтиради ва кўчиш жараёнида тўхтаб ўтган ҳудудларида ҳам ушбу вирусни тарқатишади. Маълумотларга қараганда вирус ташувчи кўчманчи қушлар бизнинг юртимиз ҳудудидан учиб ўтишмас экан. Шунинг учун ҳам биз парранда гриппидан азият чекмаймиз. Уй паррандаларини етиштириш фермаларида эса мазкур касалликнинг олдини олиш учун доимий равишда ветеринар назорати олиб борилади.

 

Ундай бўлса, хориждан келаётган сайёҳлар ҳам хавфли касалликларни олиб келиши мумкинми?

 

Ўринли савол бердингиз. Бирор юқумли касаллик билан хасталанган ҳар қандай бемор албатта хавф туғдиради. Бунинг олдини олиш учун юртимизда тегишли чоралар кўрилган.

Сайёҳларнинг кўп қисми ҳаво йўллари хизматидан фойдаланади. Самолётдаги стюардессалар билан махсус дарслар олиб борилади. Улар ҳаракат вақтида йўловчилардан доимий равишда хабар олиб туришади. Соғлигида муаммо бўлаётган йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатишади ва аэропорт ходимларига бу борада хабар беришади. Самолёт қўниши билан “Тез ёрдам” машинаси беморни тиббий марказга олиб боради.

Бундан ташқари аэропортдаги ўтиш йўлакларига махсус қурилмалар ўрнатилган. Ушбу мосламалар ҳарорати кўтарилган йўловчини дарҳол аниқлаб, ходимларга хабар беради. У ерда жойлашган тиббиёт хонаси шифокорлари меҳмонни дарҳол тиббий кўрикдан ўтказади ва касаллигига қараб, бемор тегишли шифохонага етказилади. Шу тариқа турли вирусларнинг тарқалиш хавфи бартараф этилади. Ўзбекистон темир йўллари хизматида ҳам худди шундай чора-тадбирлар амалга оширилади.

 

Яна ўқинг:  Жавоҳирлар сандиғидан

Дилдора МУРОД қизи суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: