Хилтлардан холи ҳаёт сурури
Давоми, боши ўтган сонда: Хилтлардан холи ҳаёт сурури
Ҳуқнанинг хлоралгидратли тури
Беморда талваса тутганда ва у қаттиқ руҳий қўзғалганда тайинланади. 1г. хлоралгидрат 25 мл. дистилланган сувда суюлтирилади ва 25 мл. қайнатилган крахмални 1: 50 ҳисобида қўшилади. Чунки, хлоралгидратнинг тўғри ичак шиллиқ пардасини таъсирлантириш хусусияти бор.
Гипертоник ҳуқналар
Ичак перистальтикасини кескин кучайтирмай, юмшатувчи яхши таъсир кўрсатади. 100 мл. илиқ 10 фоиз натрий хлорид эритмаси резина баллонга олинади ва аста-секин тўғри ичакка юборилади. Бу муолажа йўғон ичак қуйи соҳасидаги яра ва яллиғланиш жараёнларида тавсия этилмайди.
Мойли ҳуқналар
Бемор қабзият билан қаттиқ оғриганда қўлланилади. Бунинг учун ўсимлик мойлари, кунгабоқар, зайтун, каноп, вазелин мойидан фойдаланилади. Битта ҳуқна учун 37-40 С ҳароратда илитилган 50-100 мл. мой олинади. Одатда тўғри ичак орқали йўғон ичакка резина баллон, шприц ёки катетер ёрдамида юборилади. Уни тўғри ичакка 10 см. га киритилади. Мой ичак девори бўйлаб ёйилиб, бўшаштиради ва ахлатни чиқиб кетишига имкон яратади. Бундай пайтларда мой оқиб тушмаслиги учун бемордан 10-15 дақиқагача тинч ётиш талаб этилади.
Эмульсион ҳуқналар
Бундай ҳуқналар ўрнидан турмай оғир аҳволда ётган беморларга тавсия этилади. Олдиндан икки стакан қайноқ сув ва мойчечак дамламаси тайёрлаб қўйилади. 1 ош қошиқ мойчечак 1 стакан қайноқ сувга солинади. Сўнгра битта тухум сариғига бир чой қошиқ натрий гидрокарбонат аралаштирилади. Унга мойчечак дамламаси қуйилиб, яна икки ош қошиқда вазелин мойи ёки глицерин қўшилади. Сўнгра бемор клизма қилинади. 15-20 дақиқа ўтгач ичакнинг батамом бўшалиши рўй беради.
“Асалнинг ҳам ози ширин деганларидек” ҳуқна муолажасининг мунтазам қўлланилиши яхши натижаларга олиб келмайди. Шуни унутмаслик лозимки, йўғон ичакни ювиш алоҳида муолажа саналади. Бунинг учун ҳуқналар шифокорлар томонидан қатъий назорат қилинсагина ўз самарасини беради. Айрим кишилар бу муолажалардан ортиқча вазндан халос бўлиш мақсадида фойдаланади. Аммо шуни таъкидлаш лозимки, кўп маротаба хуқна қилиш бемор организмидаги табиий микрофлорани йўқолишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун муолажани бошлашдан олдин унинг давомийлигини икки ҳафтагача олиб бориш лозим. Ўзбошимчалик билан ўтказилган ҳуқналар ичакларга турли инфекцияларни тушишига олиб келиши мумкин. Шуни унитмангки, муолажа мутахассис томонидан олиб борилиши лозим. Мунтазам ҳуқналардан фойдаланиш ичаклардаги табиий ишқорли кислоталар меъёрини бузилишига олиб келади. Шунинг учун у беморнинг ҳолатидан келиб чиқиб клизма тавсия қилиниши лозим.
Бу муолажани амалга оширишда ҳуқна сувининг ҳажми кишининг гавдасига қараб белгиланади. Бунда бел айланасининг кенглиги эътиборга олинади. Агар беморнинг бел айланаси 50 см. бўлса 500 мл. 50-70 см. бўлса – 1 л. ва бу кўрсатгич 75-85 см. бўлса – 1,5, 85 см. дан юқори бўлса – 2 л. сув кифоя қилади.
Организмга суюқлик жўнатилишидан олдин унинг белгиланган ҳароратига эътибор бериш лозим. 0-18 даражадаги суюқлик тананинг юқори ҳароратини туширади. Шунингдек, бу атоник қабзият, йўғон ичак фалажлигида кўмаклашувчи ичаклар перистальтикасини кучайтиради. Совуқ сувли ҳуқна илиқ сувга нисбатан ичакдаги ахлатни эритмайди. Шунинг учун у қабзиятнинг айрим турида тавсия этилмайди. Ҳуқналар сув ҳароратига кўра совуқ – 12С дан 20С гача, нормал – 36С дан ошмаган, иссиқ – 38С дан 42С гача турларга бўлинади.
Айрим шифокорлар суюқлик даражаси 40С дан ошмаслигини таъкидлайди. Зеро, бундай пайтда ичакларда кучли спазм (тортишиш) кузатилади. Оддий сувдан клизма қилиш ҳамма вақт ҳам ичак бўшалишига олиб келавермайди. Унинг таъсирчанлигини кучайтириш учун сувга кукун ҳолига келтирилган болалар совунидан ярим чой қошиқ, 2-3 ош қошиқ глицерин, 1-2 ош қошиқ ош тузи, 1 стакан мойчечак дамламаси қўшилади. Ҳуқна таъсир қилмаса бир неча соат ўтказиб, уни яна такрорлаш мумкин. Муолажани эрта тонгда соат 500 дан 700 гача ёки кечки пайт 2000 дан 2100 гача амалга ошири яхши самара беради.
Ҳуқналар қуйидаги ҳолларда тавсия этилмайди:
Агар бавосил (геморрой)дан қон кетса, ёки тўғри ичак ёрилса, ичакнинг ўсма хасталикларида, ўткир респиратор ва вирусли инфекцияларда, тана ҳарорати юқори бўлганда ҳуқна қўлланмайди. Шунингдек, шифокор маслаҳатисиз ўтказилган ҳуқналарнинг ножўя таъсири кузатилганда, ичакнинг ахлатдан табиий бўшалиши бузилганда, ундаги фойдали микрофлора ювилиб кетганда ҳамда беморнинг иммунитети тушиб кетганда ман этилади.
Бемор муолажа пайти қайси ёнбошга ётгани маъқул?
Одатда қабзиятдан азият чекаётган хаста кишига ҳуқна қилишдан олдин уни муолажага тайёрлаш керак. Дастлаб клизмадан аввал бемор ичини бўшатиб олиши зарур. Кейин у ётадиган тўшак устига клёнка тўшаш даркор. Сўнгра хаста одам чап ёнбошига ётиб, оёқларини тиззаларидан букади. Юрак қон томир тизимида муаммоси мавжуд беморларга ўнг ёнбошда ётиш тавсия этилади. Чунки бу ҳолатда ушбу аъзо зўриқмайди. Аммо ҳуқна жараёни 10-20 дақиқа давом этишини ҳамда ичакларнинг анатомик жойлашиш ҳолатини эътиборга олган ҳолда бу каби инсонлар ҳам клизма пайти чап ёнбошга ётганлари маъқул.
Маърифат ТОЛИПОВА
тайёрлади