Қабзиятни халқ табобати усулида даволаш

Нотўғри овқатланиш (кўпроқ қуюқ таомларни истеъмол қилиш, кам суюқлик ичиш, мева-сабзавотлар, сут ва унинг маҳсулотларидан оз тановул этиш) ёки ирсий ич қотишга мойиллик сабабли ҳам қабзият ривожланади.

Бу хасталикда ичаклар перистальтикаси бузилади, яъни у “дангаса ичак”ка айланади. Одатда соғлом одам тўғри ва сифатли овқатланса унинг ичаклари ҳар куни бўшалади. Қабзиятда эса беморнинг ичи қотиб, у 2-3 кунлаб ҳам “бемалол юраверади”. Аммо бу ҳолат жуда зарарли. Чунки, йўғон ичакда тўпланган ахлатнинг суюқ қисми ичак ворсинкалари орқали аста-секин қонга сўрилади. Ташқарига тўғри ичак орқали чиқиб кетиши зарур бўлган хилтлар, зарарли моддалар, индол ҳамда скатол каби зарарли модда қайтадан моддалар алмашинувида иштирок этади. Бу эса ўз навбатида хаста одамда бош оғриғи, кўнгил айниши, асабийлик, беҳоллик каби клиник белгиларни келтириб чиқаради. Узоқ вақт ич қотиши ва ундан сўнг ичнинг бўшалиши тўғри ичакнинг шикастланишига ва унинг қонашига сабаб бўлади. Шунингдек, бемор кучанганлиги сабабли орқа чиқарув тешиги (анус)нинг атрофида жойлашган геморридиал тугунлар яллиғланади ва бўртиб чиқади. Натижада беморда геморрой (бавосил) хасталиги ривожланади. Яна тез-тез ич қотиши натижасида жигар зўриқади. Чунки, бу аъзо организмнинг фильтри ҳисобланади. Қабзият туфайли қонда заҳарли ва зарарли моддалар кўпайиб кетади. Уларни эса жигар тозалашга улгурмайди. Ушбу дарднинг келиб чиқишига нафақат нотўғри овқатланиш, балки кам ҳаракатли турмуш тарзи ҳамда кўп ўтириб ишлаш ҳам сабаб бўлади.

Наҳорда оч қоринга совутилган сув ичиш зарур. Унга бир чой қошиқ табиий асал солиб ичсангиз яна ҳам яхши. Чунки, саҳарда ичилган сув меъда-ичак тизими фаолиятини яхшилайди. Ичаклар перистальтикаси (ҳаракати)ни кучайтиради. Яна духовкада димлаб пиширилган олма ҳам ични яхши суради. Кун давомида 3 ёки 5 дона шундай олма истеъмол қилиш кифоя. Зайтун мойи ҳам қабзиятда шифобахш таъсирга эга. Эрталаб оч қоринга 1 чой қошиқ зайтун мойи ичиш ижобий самара беради. Аммо ўт-пуфаги қийшайган, ўт суюқлиги қуюқлашган ёки ўт-тош касаллиги мавжуд беморларга мой ичиш тавсия этилмайди.

Уйқуга ётишдан 2-3 соат олдин қатиқ ичиш фойдали. Янги ивитилган қатиқ ични суради. Ачиган ва эски, қатиқ эса аксинча ични қотиради. Шунингдек, дорихоналарда сотиладиган шифобахш гиёҳ “маккаи сано” ҳам ични юмшатиб, суради. Бу гиёҳдан 1 ош қошиқ олиб, 200 мл. сувда паст оловда 5 дақиқа қайнатилади. Тиндирилган дамлама сузиб олинади ва 100 мл. дан ётишдан олдин ичилади. Шунингдек, мойчечак дамламаси ҳам яллиғланган ичакларга шифобахш таъсир этади. Чунки, ич қотганда ичакларнинг яллиғланиши эҳтимоли юқори бўлади. Яна бу дамлама ичакларнинг тортишиб оғришини ҳам бартараф этади. Мева-сабзавотлардан димлама тайёрлаб истеъмол қилинг. Қайнатилган сабзи ва лавлаги, сўлиган олхўри (унинг қоқисини ивитиб ейиш мумкин), йогурт, кефир ва манний, тариқ, сули бўтқаларини тановул этиш, шунингдек, сабзи ва ошқовоқ шарбатини ичиш ҳам қабзиятдан халос этади. Буғдой кепаги (бу маҳсулот дорихона ва озиқ-овқат дўконлари ҳамда бозорларда сотилади)ни қатиққа ивитиб ёки бўтқаларга аралаштириб истеъмол қилсангиз ичакларни токсин (заҳар)лардан ва хилтлардан тозалайди. Шафтоли, ўрик, анжир каби мевалар, ивитилган туршак ва унинг шарбати, киви, олхўри ҳам меъда-ичак тизими фаолиятига самарали таъсир этади.

Яна ўқинг:  Соғлом турмуш тарзи астма касаллигидан сақлайди

(Давоми бор)

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: