2 ёшли болакай: у нималарга қодир?

Кечагина дунё юзини кўрган жажжи чақалоғингиз бир зумда икки ёшни қаршилади. У сизга табассум қилганча илк қадамларни ташлашга ҳам улгурди. Кичикинтойнинг ширин тилидан эшитган биринчи сўз эса хотирангизда бир умр муҳрланишга улгурди.

Икки ёшдан бошлаб, бола фаол равишда ривожланади ва унинг дунёни билишга интилиши тобора ортади. “Бу ёшдаги кичкинтойлар нималарни билиши ва қила олиши керак? Уларга қандай кўмак беришимиз мумкин?” деган савол кўпчилик ота-оналарни қийнайди. Бунда сизга қуйидаги тавсияларимиз ас қотади, деган умиддамиз.

2 ёшли болакайни кичик ҳаракатланувчи шарга қиёс қилишади.

Бу ёшдаги кичкинтойлар спорт машғулотлари ҳамда жисмоний ҳаракатлардан ўзларига бир олам завқ олишади. Улар чопиш, қувлаш, турли предметларга тирмашиб чиқиш, ушлаб олиш, тўпни улоқтиришни яхши кўришади. Болаларга ёқадиган яна бир машғулот – зинадан кўтарилиш ҳамда ундан тушишдир. Дилбандингизга бажараётган машқларидан қайси бири кўпроқ ёқишига эътиборли бўлинг ҳамда унинг ёқимли машғулотлари билан шуғулланишига кўмаклашинг. Шунда у бажараётган “юмуш” болажон учун ёқимли ва фойдали бўлиши билан бирга унинг жисмоний фаоллигининг ортишига кўмак беради. Машғулот дақиқалари вақтида фарзандингиздан “тепа”, “ўрта” ва “паст” қаерда жойлашгани ҳақида сўранг. Билмаганларини ўйин баҳонасида ўргатиб боринг.

Сўзлар билан суҳбатлашинг, белгилар билан эмас.

Икки ёш нафақат жисмоний фаоллик даври, балки нутқнинг ривожланиш палласи ҳамдир. Бола ўз фикрини 2-3 сўз орқали ифодалай олади. Ўзида бор нарсаларни айтади (масалан, менинг катта машинам бор). Шу билан бир қаторда болакай ўзини, яқин қариндошлари ва дўстлари исмини тўлиқ ва аниқ талаффуз қила олади. Кичикинтой “бу нима?”, “нима учун?” каби саволларга жавоб беради. Кичик билимдон атрофдаги барча нарсага қизиқади. Айниқса, уни жиҳозлар номи, ҳайвонларнинг аталиши, ўсимлик ва қушлар қизиқтиради. Шундай экан янги сўзларни ўрганишида кўмагингизни аяманг.

Рухсат этилган логик топшириқлар билан шуғулланишига кўмаклашинг.

Доимо янги нарса ҳақида билиш, эслаб қолиш, такрорлаш ақлий қобилиятнинг ўсишига кўмак беради. Бу ёшдан бошлаб топшириқларни мантиқан таҳлил қилиб, паредметлардан ҳайвонларни, ўйинчоқлардан рангларни ажрата олади, расмларни йиғади. Шу билан бир қаторда у предматларни нафақат ўлчамига, балки шаклига, ўйинчоқларни рангига қараб, фарқлаши мумкин.

Яна ўқинг:  Келажак – боғчадан бошланади

Хотира ва диққат шаклланишига ёрдам беринг.

У атрофдаги барча нарсаларни қабул қилади ва уни ўйинларида акс эттиришга уринади. Масалан, қўғирчоқ билан ўйнаётган кичкинтой уни овқатлантиради, ухлатади, сайрга олиб чиқади.

Икки ёшли болакай ўзининг кечаги куни ҳақида ҳикоя қила олади ва севимли мультфильмидаги воқеаларни эслайди. Бу ёшдаги бола 15 дақиқадан бироз кўп диққатини жамлаши мумкин. Кичкинтой билан “расмни эслаб қолинг” ўйинини ўйнанг. Бу у учун ёрқин, қувноқ ва диққатни жамловчи ва хотирани мустаҳкамловчи воситадир.

Ушбу тавсиялар билан танишиб чиққач, 2 ёшли фарзандингизни нималарга қодир эканлигини синашга шошилманг. Шуни унутмаслик керакки, ҳар бир кичкинтой ўзига хос, у такрорланмасдир. Унга дакки берманг, балки ўз иқтидори ва имкониятини юзага чиқариш учун кенг имкон беринг.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: