Одам аҳли бир гавҳардан яралгандир

Яқинда мамлакатимиз раҳбарининг қўшни Тожикистон Республикасига қилган сафари икки халқ юрагида дўстликнинг сўнмас машъалини ёқди. Кўзларида меҳр қуёши порлаган мезбонларнинг Юртбошимизга бўлган чексиз эҳтиромини сўз билан ифодалаш қийин эди.

Тоғлари тоғларимиз билан елкадош, дарёлари дарёларимиз билан қўшилиб оққан икки буюк элнинг азалдан бир-бирига бўлган дўстона меҳр-муҳаббатига узоқ ўтмишни тараннум этгувчи кўҳна тарих гувоҳ. Шайх Саъдий Шерозий ўз шеърий ҳикматларининг бирида:

 

Бани Одам аъзои якдигаранд,

Ки дар офариниш зи як гавҳаранд.

Чу узве ба дард оварад рўзгор,

Дигар узвҳоро намонад қарор.

Тук-аз меҳнати дигарон беғами,

Нашояд, ки номат нихад одами.

 

Яъни:

Бани Одам яралгандир

бир гавҳардан,

Яшаш учун бўлмоқ керак

бир жону тан.

Заррача дард забт айласа

агар танни,

Ҳаловатин йўқотади у баданни.

Гар бировлар азобидан

чекмасанг ғам,

Унда номинг аталмагай

асло Одам.

 

Шоирнинг фалсафий дунёқараши одамзоднинг асл келиб чиқиши Одам атога бориб тақалиши, жисмимиз лойдан қорилганлигига ишора қилинади. Хулоса қилиб, инсониятга киши бир-бирининг дарди билан яшаши, агар қай бир аъзосига оғриқ тушса, унда бутун бошли бадан ҳаловатини йўқотишини эслатади.

Давлатимиз раҳбари, инсониятнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббати ва бағрикенглигининг юксак намунасини илк бора ер юзига намоён этди, десак муболаға бўлмайди.

Шу ўринда бир воқеа хаёлимдан кечди. 1993 йил Тожикистонда бўлган хунрезликлар туфайли биздан бир анҳор нарида яшайдиган қўшни қишлоқ аҳолиси жонини олиб, биз томон қочиб ўтганди. Саҳар мардонда дарвозамиз тақиллаб қолди. Чиқсам, умри далалар бағрида кечган тожикистонлик кекса таниш сувчи биродарим. Ундан ҳол-аҳвол сўраб, уйга таклиф қилдим. Танишимнинг боши эгилиб деди:

 

Бошимизга қаро кун тушди. Шайтоннинг измига юрган биродарларимиз бир-бирларининг қонини тўкишяпти. Ҳамма нарсамизни ташлаб, жонимизни тинчлик бор томонга олиб қочдик. Менинг битта бебаҳо бойлигим бор: уни қўярга жой тополмаяпман. Сизни олдиндан яхши билганим учун эшигингизга бош уриб келдим. Менга битта яхшилик қилсангиз…

 

Эски қадрдонимнинг довдирашидан хижолат чекдим, хаёлимдан унинг бебаҳо бойлиги нима экан, деган ўй кечди. Унга кўнгил бериш учун қўлимдан келса, ёрдам қилишимни айтдим. Меҳмон нажот топгандек, бир зумда юзи ёришди:

Яна ўқинг:  Ўзбекистон – бахтиёр одамлар мамлакати

 

– Яширишнинг чорасини тополмаган энг катта бойлигим – энди ўн етти ёшга қадам қўйган Шаҳзода исмли қизимдир. Уни агар яқин бир кишингиз бор бўлса, қалин-қисматсиз, келинликка қабул қилиб олсангиз, дегандим.

 

Бирдан ҳушёр тортдим. Ота-она учун фарзанд камолини кўриш юксак бахт эканлигини ҳис этдим. Хаёлимда энди йигирма ёшни қаршилаган укам Илҳомжон гавдаланди. Тожикистонлик биродаримнинг кўнглини кўтариш учун бу масаланинг ечимини топишга сўз бердим. Меҳмон қанот чиқаргандек қувониб кетди. Отам билан маслаҳатлашиб, масалани пиширдик. Укам учун биз танлаган келин кўнглидаги қиз бўлиб чиқди. Зудлик билан тўйни бошладик…

Орадан йиллар ўтиб, каналдан сакраб ўтадиган йўлларимиз ёпилди. Биз энди қўшни қишлоққа ўтолмай қолдик. Келинимиз уч фарзанднинг онаси бўлди. Фуқаролиги йўқлигидан қийналарди. Кутилмаганда келинимизнинг отаси оламдан ўтди. Орамиз икки-уч чақирим йўл бўлишига қарамай, келин отасининг сўнгги манзилга кузатиш маросимига қатнашолмади. У болалари билан каналнинг бу бетидаги симтўр ортидан юрагини ҳовучлаганча фарёд соларди. Дийдор соғинчи уни адойи тамом қилганди…

Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари туфайли икки қадрдон эл орасидаги меҳр кўприги қайта тикланди. Барча муаммолар зудлик билан ўз ечимини топди. У кун Сурхон воҳасига борганимда воҳадошларимнинг кўзларидаги қувончни кўриб, кўнглим ёришди. Улар давлатимиз раҳбарининг элга қилган беҳисоб яхшиликларини сўзлашдан толмасдилар. Наврўз юртимизга гуллар сочиб келган бугунги кунда, дунёда элнинг хурсандчилигини кўришдан улуғроқ бахт бўлмаслигига яна бир бор гувоҳ бўлдим.

 

АХТАМҚУЛИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: