Китоб ўқиш руҳни соғайтиради

Китоб ўқиш инсоннинг фикрлаш қобилиятини ошириши ҳамда хотирага ижобий таъсир кўрсатиши олдиндан маълум. Айрим инсонлар кекса ёшда ҳам шундай бўлармикин, деган савол қизиқтирса керак.

Америкалик олимлар ана шу саволга жавоб топиш мақсадида, жиддий тажриба ўтказишди, яъни 89 ёшгача бўлган 294 киши синовда иштирок этиб, ҳаётларининг қайси даврларида кўпроқ ўқиганликлари ҳақидаги тест саволларига жавоб бердилар. Тадқиқот натижалари олимларни янада ҳайратга солди. Гап шундаки, умри давомида ҳар куни 2-3 соат китоб ўқиган кексаларда ақлий фаолият бошқаларга қараганда 15 фоиз, фикрлаш қобилиятлари 32 фоиз юқори эканлиги ўз тасдиғини топди. Шунингдек, бир вақтда, бир маромда оз-оздан китоб ўқиш асаб касалликлари инсультдан кейин мия фаолиятини тиклаш лозим бўлган беморлар учун жуда муҳим экан. Аксинча, кекса ёшга етиб, умуман китоб ўқиш билан шуғулланмай қўйганларнинг ақлий қобилиятлари 48 фоиз паст эканлиги ҳам кузатилган. Демак, сўз ва китоб инсон соғлиғи учун ҳам муҳим воситалардан бири эканлигини унутмаслигимиз керак.

Сўз инсонга берилган улуғ неъматлардан бири бўлиб, у орқали инсон фикрлари жамланиб, китобларда муҳрланади ва халқ мулкига айланади. Демак, оламнинг етти мўъжизаларидан бир саналган китоб инсоннинг энг бебаҳо мулкларидан биридир.

“Бешикдан қабргача илм изла!” дейилади ҳадисларда. Улуғ аждодларимиз бу ҳикматга қатъий амал қилиб, китобни ҳар қандай бойликдан устун қўйганлар. Узоққа бормайлик, қомусий олим, буюк ватандошимиз Абу Али ибн Сино ҳаёти билан боғлиқ бир воқеани ҳаммамиз яхши биламиз, яъни нақл қилишларича, улуғ бобокалонимиз йигирма ёшида Бухоро ҳукмдори Нуҳ ибн Мансурни оғир хасталикдан даволаб, оёққа турғизгач, ҳукмдор ундан: “Тила тилагингни!” деб сўраган. Бўлғуси аллома: “Ҳукмдорим, менга ҳеч қандай бойликнинг кераги йўқ, сарой кутубхонасидан фойдаланишга рухсат берсангиз бас”, деган экан.

Дарҳақиқат, китоб – буюкликка элтувчи муҳим восита. У инсоннинг келажагини, Ватаннинг тақдирини белгилайди. Мамлакати зиёли, олиму дониш бўлган халқ буюкликка ҳақлидир. Буюк келажакни эса соғлом авлод яратади. Шукрки, мустақилликдан сўнг фарзандларимизнинг баркамол тарбия топишларига кенг имкониятлар яратилди. Ортга назар солсак, истиқлолимизнинг илк кунлариданоқ Ватанимизда соғлом она ва бола учун илк таъмал тоши қўйилди ва бу ҳолат босқичма-босқич такомилига етказилмоқда. Айниқса, бу йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб аталишида ҳам алоҳида маъно бор. Ана шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, боланинг ҳар томонлама тўкис ривожланиши учун унга китоб ўқиб бериш ва унинг ўзини китобга ошно этишнинг афзал томонлари янада кенгроқ эканлигини кўрамиз. Чунончи, бола соғлиғи, деганда, қадимданоқ ота-боболаримиз аввало бола миясининг ривожига жуда катта эътибор қаратганлар.

Яна ўқинг:  Тил софлиги – кўнгил поклиги

Дарвоқе, мия инсоннинг энг мураккаб аъзоси, ноёб мўъжиза. Агар унинг бирор қаватига зарар етса, бошқа қисми унинг вазифасини бажаради. Беморда доимий ҳаракат бўлса, фойдали машғулотлар ёрдамида мия иш фаолиятини тўлиқ тиклаб олиши мумкин. Фойдали машғулотлардан бири яхши китоблар ўқиб, ундан баҳра олишдир. Бунда бемор китобдаги жасур қаҳрамонлар билан бирга дардини унутади, асабига дам беради ва энг муҳими, асар қаҳрамони сингари нафақат дардга, балки ўткинчи қийинчиликларга ҳам сабрли бўлишни ўрганади. Янада муҳимроғини мутахассислар қайта-қайта таъкидлаб айтишмоқдаки, китоб руҳни соғломлаштиради. Шу боис ҳам у ҳамманинг энг яхши йўлдоши, дўстидир. Чунки, яхши китоб хиёнатни, алдашни билмайди, ҳаётда фозил устоз сингари яхшилардан сабоқ олишга чақиради.

Бир китобхон сифатида шуни алоҳида айтиб ўтишим керакки, азим пойтахтимизда ва вилоятларда фаолият юритаётган ва янги очилаётган кенг ва ёруғ китоб дўконлари элимизни хушнуд этмоқда. Биз тарихан китобни қадрлаган, уни боламиз бешигида ҳам сақлаган халқмиз. Шундай экан уни кўзимизга суртамиз ва фарзандларимизни ҳам китоб билан вояга етишларини тилаймиз.

Умбархон ҲАЙИТБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: