Менинг мухбир бўлганим (ҳажвия)

Энди ёзмайман, ҳа, ёз-май-ман! Кўнглимда бир ҳафта бурун ногоҳ қуйган жаладай тўсатдан ёзувчи бўлиш нияти туғилган эди. Ё, фалак, дедим-да, ёзишга киришдим. Адабиётчилар тили билан айтганда “ижодимнинг гуллаган палласи” кирди шекилли-да. Ҳа, ўша қилтириқ, шамол турса учириб юборадиган, кўзни қамаштирадиган бошни кўтариб юрган, насиҳат деса ўзини томдан ташлайдиганларнинг каминадан қаери зиёд? Ахир ўшалар ҳам бизга ўхшаб мактабга қатнагандир. Ўзингиздан қолар гап йўқ.

Ёзувчиликка, аниқроғи, мухбирликка қизиққанимнинг сабаби қишлоғимизда Шоди Қалам тахаллусли бир бола бор. Ўзиям туман газетасида у ёзмаган одам қолмади, ҳисоб. Мактабда тадбир ўтказилса ёки бирорта фермер режасини бажарса борми ҳамма ёққа жар солади. Қарабсизки, газета саҳифасидаги гугуртнинг қутисидек жойида хабари босилиб турибди-да. Маҳалладаги этикдўз, сартарош қолмади, ҳаммасини ёзди. Аммо обрўйи зўр экан. Юрган эканмиз-да, биз ҳам умримизни носвой билан ўтказиб.

Бир куни денг, озиқ-овқат дўконида одам тирбанд. Кўзи пиёладек, хом семиз дўкончи ҳеч кимни писанд қилмайди. Тўйган мушукдек бепарво. Бир маҳал у ток ургандек сапчиб тушса бўладими?! Икки қўли кўксида, гаплари бирам мулойим, бирам мулойим… Кулишни ҳам биларкан… Тавозеларининг боисини билсам, Шоди Қалам экан. У орқароқда тиржайиб турибди. Ана обрў-ю, мана обрў!

Шу-шу мендаги мухбирликка бўлган қизиқиш учқунлари борган сари аланга ола бошлади. Кечалари уйқум қочиб кетади. Илҳом келдими, деб кутаман. Ҳеч вақо йўқ. Гўё Шоди Қалам дунёдаги ҳамма нарсани ёзиб тугатгандек…

Бир куни… Э калламга қойилман. Эскилар зап гапиришганда, айб ҳаммадан ўтади, деб. Ижод бобида, йўғ-е, жамиятимизга фойдаси тегадиган, яхши инсонларни тарғиб этишда Шоди Қалам ҳам озгина анқовлик қилибди. Ажойиб инсон, ҳув кўча муюлишидаги данғиллама ҳовлида яшовчи Қўрқмас Завод қолиб кетибди. Мана мақташга арзигулик одам! Одамлар Қўрқмас амакини бежизга Қўрқмас Завод дейишмайди. Айтишларича қўлидан ҳар бало келар экан. Аммо ўзи ҳеч балодан қўрқмас экан. Болохонали уйининг ертўласида қўлбола ароқ заводчаси очган. Ҳа, ишонаверинг. Ана шунақа устаси фаранг, тадбиркор аканг қарағай. Одамларга ҳам яхши-да оёқларининг таги қавариб дўконларга югурган билан, барибир арзон ичимлик топишолмайди. Шундай пайтда Қўрқмас Заводга ўхшаган “тадбиркор”лар харидорлар жонига оро киради. Қачонгача бундай фидойи инсонлар меҳнатини қадрламаймиз?! Ахир, шундай кишини мақтамай бўладими? Ёзиш керак. Ўзиям жуда газетбоп.

Чироқни ёқдим-у ёзишга киришдим… Аввал сарлавҳа топиш керак. “Э, билиб ўтиришибдими” дея эски газеталарни варақлай бошладим. Ана, сарлавҳа ҳам топилди. Ёзма ҳарфда ёзиш керакми, босма?! Уфф! Бошим қотди. Бу мухбирликнинг ҳам турган битгани машаққат экан-ку! Нима бўлса бўлди, сарлавҳани қўйдим: “Халққа хизмат – олий ҳиммат”.

Бу ёзувлар негадир кўнглимга ўтиришмади. Шартта ўчириб, бошқа сарлавҳа топдим. Ахир катта-катта ёзувчилар ҳам ўчириб-ёзиб, ўчириб-ёзиб, асар яратар экан-ку. Ниҳоят, сарлавҳа ҳам топилди. “Тадбиркор”. Давом этдим: “Маҳалламизда Қўрқмас Завод деган тадбиркор яшайди. У киши жуда тажрибали. Ўз ҳисобидан уйида спиртли ичимликлар тайёрлайдиган цех очган. Харидорлари кўп. Ҳатто бошқа қишлоқлардан келиб, арзон-гаров ароқлардан олиб кетишади. Шунисига қойил қолиш керакки, бу ерда тайёрланган спиртли ичимликлар дўконлардагидан асло қолишмайди. Бундан ташқари унинг уйида уй-рўзғор буюмлари, мотоцикл ва енгил автомашиналарнинг эҳтиёт қисмлари… умуман ҳамма камёб нарсалар топилади. Қўрқмас Заводнинг келгусидаги режалари янада юксак.

– Одамлар учун хизмат қилиш қандай яхши. Бу борада чаққонгина жияним, катта укамнинг кичик ўғли Қиёмиддин яқиндан ёрдам бераяпти… – дейди тиниб-тинчимас Қўрқмас Завод.

Гарчи ўзи билан суҳбат қурмаган бўлсам-да, уни қотириб мақтадим. Қўрқмас амаки ўқиб қолса, роса хурсанд бўлади-да.

Мақола тайёр. Остида чиройли қилиб исм-шарифимни битдим. Анқабой Семиз. Нима бўлса ҳам газетада исм-шарифим кўринса бўлди.

Мақолани хатжилдга солиб, мағрур юриб, почта қутисига ташлаб келдим. Вақтим чоғ. Худди мен ҳақимда ҳамма ҳозирданоқ сўзлашаётгандек.

“Қачон мақола чиқаркан” деган ўй билан тинчим йўқолди. Газетанинг янги сонларини титкилашни одат қилдим. “Анқабой Семиз” деган жойи бормикан, дея қидираман. Йўқ! Ўзи ҳақиқат қолмабди-да, деб юрсам, бир куни участкавой мелиса йўқлаб қолди. Нима эмиш: “Жиноятчи ҳақида ўз вақтида хабар берганингиз учун раҳмат! Ташаккур!”. Ахир, наҳотки билишмаса жиноятчи бошқа, тадбиркор бошқалигини. Ё мен адаштирдимми?!

Ҳозир қаҳрамоним – Қўрқмас тадбиркор, ўзимнинг Қўрқмас маҳалладошим устидан суд кетяпти. Мен эса ёзганларимни исботлашим керак эмиш…

Абдулла АЙИЗОВ

Яна ўқинг:  Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: