Талабалик орзуси: унга муносиблар сазовор бўлади

Юртимизда ҳозир абитуриентлар учун қизғин палла. Мана бир ҳафтадирки, мамлакатимиз олий ўқув юртларида 2017–2018 ўқув йили учун қабул комиссиялари фаолият юритмоқда.

Хабарингиз бор, жорий йил олий таълим тизимига талабаларни қабул қилиш бўйича кўплаб янгиликлар амалиётга жорий этилди. Бу борадаги ўзгаришлар нималардан иборат эканини билиш мақсадида Кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасаларини ташкилий-методик таъминлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Барно РАЖАБОВГА бир неча саволлар билан юзландик:

– Ҳурматли Барно ака Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017–2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Айтингчи, ушбу ҳужжатда тизимга доир қандай янгиликлар бор?

Қарорда белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлаш, мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқлари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шу сабаб бу йилги қабул кўрсатгичларида бакалавр ва магистр йўналишларида талабаларни тайёрлаш учун иш берувчиларнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжлари инобатга олинади.

Унга кўра 2017–2018 ўқув йили учун олий таълим муссасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота бакалаврлар учун 66 минг 316 нафар қилиб белгиланди. Улардан давлат гранти бўйича 18 минг 194 нафар, тўлов-контракт асосида 48 минг 122 нафар талаба ўқишга қабул қилинади.

Шунингдек, магистрлар учун 5 минг ўрин ажратилган бўлиб, уларнинг 1 минг 556 нафари давлат гранти бўйича, 3 минг 444 нафари тўлов-контракт асосида таҳсил олади.

Жорий йил юртимиздаги айрим олий ўқув юртларида сиртқи бўлим очилиши режалаштирилган. Шу ҳақида муштарийларга кенгроқ маълумот берсангиз.

Қарорда махсус сиртқи бўлим негизида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда билим олишни таъминлаш мақсадида Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимида 100 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 15 нафар ва тўлов-контракт асосида 85 нафар, Навоий давлат кончилик институтида тўлов-контракт асосида 90 нафар ва Тошкент темир йўл муҳандислари институтида тўлов-контракт асосида 80 нафар бакалавр кадрларни тайёрлаш назарда тутилган.

Ушбу йўналишларга ҳужжат топширмоқчи бўлган абитуриентлар биринчи навбатда касб-ҳунар коллежини тамомлаган бўлиши шарт. Шунингдек, эгаллаган мутахассислиги бўйича 3 йиллик иш стажига эга ва иш жойидан тавсиянома олган фуқаролар сиртқи бўлимга ҳужжат топширишлари мумкин.

– Жорий йил олий таълим тизимига мақсадли қабул квоталари жорий этилгани ҳақида эшитдик…

Яна ўқинг:  OTA-ONALIK zavqi va MAS’ULIYATI

Тошкент давлат техника университети ва Тошкент давлат аграр университетларининг Термиз филиаллари учун қабул квоталари, шунингдек, юқори малакали тиббиёт кадрларига эҳтиёжи катта бўлган ҳудудлар учун Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт олий таълим муассасаларига давлат грантлари асосида бакалавриат йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлашнинг мақсадли қабул квоталари тасдиқланган. Мақсадли қабул деганда абитуриент ўзи яшайдиган вилоятдаги олий таълим муассасасига ҳужжат топширади ва танлов асосида суҳбатдан ўтказилади. Сўнгра улар ўзлари истиқомат қиладиган ҳудуддаги таълим муассасасида йиғган балига қараб, грант ёки тўлов-контракт асосида билим олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Ушбу қабул йўналишига бошқа ҳудуддан келган фуқаролар қабул қилинмайди. Тиббиёт олий таълим муассасаларига мақсадли қабул бўйича ҳужжат топширган фуқаролар 4 томонлама шартнома асосида ўқишга қабул қилинадилар.

– Жорий йил олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовларига тайёргарлик кўрган, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган абитуриентларнинг меҳнатини янада рағбатлантириш кўзда тутилган бўлиб, бу йўналишдаги ўзгартиришлар ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.

Дарҳақиқат, бу йил махсус имтиёзга эга бўлган абитуриентларга балл белгилаш тартиби ўзгартирилди. Унга асосан бу каби абитуриентларга мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тест синовларида ўзлари тўплаган баллнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади. Масалан, тест натижасига кўра 80 балл олган ҳарбий имтиёзга эга абитуриентга яна 40 балл имтиёз тақдим этилади.

Онлайн ҳужжат топшириш жорий этилдими?

Тошкент Ахборот технологиялари институтида абитуриентларнинг ҳужжатларини онлайн қабул қилиш тизими синовдан ўтказилмоқда. Ушбу тизим ижобий натижага эришилса, келгусида онлайн ҳужжат топшириш тизими барча олий таълим муассасаларида жорий этилади.

Бу жараённи амалиётга жорий қилиш босқичма-босқич амалга оширилади. Авваламбор, абитуриентнинг электрон рақамли имзоси талаб қилинади. Барча ҳужжатларни талабга мувофиқ шаклда имзолаб, керакли манзилга йўллашни билиши керак. Ундан сўнг, расмий ҳужжатларни ҳам тақдим этиш талаб қилинади. Бунинг учун абитуриент етарлича билим-кўникмага эга бўлиши лозим.

Бундан ташқари, ҳужжатларни онлайн топшириш учун шунга муносиб АТ инфратузилмаси керак. Агар инфратузилма тайёр бўлмаса, талаб қилинган тезликда ишлай олмаса, ўқиш жараёни бузилиб қолади.

Чарос ХУШВАҚТОВА

Суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: