Бахт

Бу – Олимп чўққисини забт этиш эмас, оилангни саломатлигидир

Агар мендан: “Нимани танлайсан – оиланими ёки спортними?” деса, ҳеч иккиланмай оиламни танлаган бўлардим.

Спорт гимнастикаси билан профессионал шуғулланишни қизлар одатда 20-25 ёшларида якунлашади. Атлетдан эгилувчанлик, бардош ва катта кучни талаб этадиган мазкур мураккаб спорт тури билан фарзанд кўрганидан кейин ҳам машқ қилишни давом эттирган гимнастикачилар жаҳонда саноқли. Ёши қирқдан ошганидан кейин ҳам ўзида куч топиб, севимли спортида катта ютуқларни қўлга киритиб келаётган спорт гимнастикачиси эса дунёда ягона. Бу – Оксана Чусовитина.

Рио-де-Жанейро Олимпия ўйинлари унинг етттинчи Олимпиадаси бўлди. Бу натижа билан Оксана “Гиннес”нинг рекордлар китобидан жой эгаллади. Матонат ва ирода тимсоли бўлган бу афсонавий спортчи билан суҳбатлашар эканмиз, авваламбор, у қандай қилиб қийинчиликларни енгиб, юқори натижаларга эришиши ва бу йўлда унга кимлар ҳамроҳ бўлаётгани ҳақида сўрадик.

Ҳар бир инсон ҳаёти давомида турли тўсиқларни енгиб ўтади. Иродаси суст бўлганлар танлаган йўлидан воз кечиб, ортга қайтади. Менимча, бундай вазиятда тушкунликка тушмай, қайтадан ҳаракат қилиб кўриш керак. Бугунги кунда мени қўллаб-қувватлаб турувчи жуда кўп инсонлар бор. Авваламбор, онам, турмуш ўртоғим, фарзандим менга ҳар томонлама далда бўлишади. Улардан бир умр миннатдорман.

Одатда Олимпия ўйинларидан кейин кўплаб атлетлар фаолиятини давом эттириш ҳақида ўйлаб қолишади. Сиз эса Рио-де-Жанейро Олимпиадасидан кейин ҳам машқ қилишдан тўхтамадингиз. Йил бошидан буён қатор халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой эгаллаб келмоқдасиз…

Бошқалар қандай қабул қилади, билмадим. Аммо мен ҳақимда қандайдир ёмон хабар ёзишганида дилим оғрийди. Масалан, “унинг ёши катта бўлиб қолган”га ўхшаш гапларни айтишса. Мен ана шундай одамларга ҳаракатларим билан бирор иш қилиш учун ёш чегаралари мавжуд эмаслигини кўрсатмоқчиман. “Сен ўзингни неча ёш деб ҳис қилсанг, ёшинг шунча бўлади” деб ўйлайман.

Қандай мусобақа бўлмасин, ўз юртим, она Ватаним шарафини ҳимоя қилаётганимдан ғурурланаман. Ўзбекистон мадҳияси янграётганида ниҳоятда бахтиёр бўламан.

Ҳар бир спортчи умрида бир марта бўлса-да, Олимпия ўйинларида иштирок этишни, шоҳсупага кўтарилишни орзу қилади. Тўрт йилликнинг муҳим баҳсларида жаҳонда энг кўп қатнашган спортчининг ҳам ушалмаган орзулари бормикан?

Яна ўқинг:  Хорижлик шифокорлар юртимизда

Тўғри, (кулиб) болаликда от спорти билан шуғулланишни орзу қилганман. (Жиддийлашиб) Ҳозир ҳам бир ушалмаган орзуим бор. Шунинг учун ҳам спортдаги фаолиятимни якунламадим. Риодан кейин, балки, айнан шу орзуим туфайли барчасига нуқта қўймадим. Эзгу мақсад сари қадам ба қадам илдамламоқдаман. Бу орзуим – Ўзбекистон учун Олимпиада медалига сазовор бўлиш.

Аёл киши қайси соҳада фаолият кўрсатмасин оиласи билан бахтли бўлади. Яқинлари уни ҳамиша қўллаб-қувватлашини, ҳар қандай вазиятда ёнида тиргак бўлишини истайди…

Оила мен учун ҳамма нарсадан устун. Чунки, яқинларим менинг борлиғим. Мен ўз танловимни амалга оширганман. Залга келиб, ўзим ёқтирган машғулот билан банд бўламан. Агар мендан: “Нимани танлайсан – оиланими ёки спортними?” деса, ҳеч иккиланмай оиламни танлаган бўлардим.

Жаҳонга машҳур спортчининг фарзанд тарбияси борасида ўз қарашлари борми?

Энг аввало фарзандга эркинлик бериш керак. Шунда у мустақил шахс бўлиб вояга етади. Кези келганда ўзи бир қарорга келиши лозим. Қизлар тарбиясида бу қандай бўлиши керак, билмадим. Чунки, менинг қизим йўқ. Аммо ўғил болалар керакли пайтда масалани мустақил ўзи ҳал қила олиши керак. Кузатишим бўйича ўғлим Алишер бунинг уддасидан чиқмоқда. Шунинг учун фарзанд тарбиясида тўғри йўл танлаганман, деб ўйлайман.

Ҳаётда барча орзулари рўёбга чиққан Оксана Чусовитинанинг энг бахтли куни, ҳаётининг энг азиз дақиқалари, бир умрга ёдда қоладиган лаҳзалари қайси?

Мен учун энг бахтли дақиқалар оғир дардга чалинган ўғлим Алишер билан шифохонага бориб, таҳлилларни топширганимиздан кейин унинг буткул соғайиб кетганини билган куним эди. Биласизми, бу менинг ҳаётимдаги энг унутилмас дамлардир. Ҳар бир она учун фарзандини соғ-саломат кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак.

…Ҳар куни бахтни излаб яшаймиз. Ҳамманинг у ҳақидаги тасаввури ўзгача. Аммо Оксана Чусовитина билан суҳбатлашиб, оилаларимиз тинчлиги, фарзандларимиз саломатлиги энг катта бойлигимиз, бахтимиз эканлигини тушунгандек бўламиз.

Юлдуз ОРТИҚОВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: