Ҳар дақиқа – сергак ва огоҳ
Дунёда касблар кўп. Ҳар бирининг ўзига хос машаққати бор. Кишиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда турли салбий ҳолатларнинг олдини олишда ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг ўрни беқиёс.
Олов билан юзма-юз келиш, зарур бўлганда жон фидо қилиш мардлар иши. Турли ноқулай ва мураккаб шароитларда ўт билан олишиш қанчалик чаққонлик, жасорат ва масъулият талаб қилишини ҳамма ҳам англайвермайди. Ёнғин хавфсизлиги ходимларидан ҳар дақиқада фидойилик талаб қилинади. Ўз навбатида ўтган йиллар давомида республикада ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, содир бўлган ёнғинларни тезда бартараф этишга қаратилаётган эътибор самараси ўлароқ, ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва бўлинмалари моддий-техник таъминотини яхшилаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Бу эса ўт ўчирувчилар ишини енгиллаштирибгина қолмай, кўплаб кишиларнинг ҳаёти асраб қолинишида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни вақтда пешона тери эвазига етиштирилган бойликларни оловдан асраш, ташкилот, муассаса, халқ хўжалиги масканларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида бошқарма ва унинг ҳудудий бўлинмаларида аниқ белгиланган тадбирлар асосида иш олиб борилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, айрим фуқароларнинг ўз уйларида эътиборсизлиги, табиий газдан ҳамда иситиш тармоқларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасликлари оқибатида тилсиз ёв билан боғлиқ турли кўнгилсизликлар келиб чиқяпти. Натижада ҳам ўзи, ҳам оиласи жабр кўрмоқда. Ҳар бир фуқаро кундалик турмушида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиб борса, турли офатларнинг олди олинган бўлар эди.
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилсангиз давлат ва шахсий мулкингизни, уй жойингизни талофотдан асраган, шунингдек фарзандларингиз ва яқинларингизнинг хавфсизлигини таъминлаган бўласиз.
Ф.АРИПБОЕВ,
12-ХЁХО 24-ХЁХК катта инспектори, сержант