ПАРВОЗ ЗАВҚИ ВА МАШАҚҚАТЛАРИ

Жажжи болажон учун энг сирли ва қизиқ ҳодиса нима?! Шубҳасиз, бу мовий осмон узра парвоз қилаётган самолёт бўлса керак. Самони ларзага келтириб учиб ўтаётган “пўлат қуш” бошқа болалар каби жажи Улуғбекнинг мурғак кўнглига ажиб ҳисларни соларди. Самонинг олис-олисларидан ҳайбатли овозни эшитган замон кўкка қараб уни излай бошларди. Боши узра учиб ўтган маҳал дўстлари билан жўрликда болалик дунёсининг таниш сўзини гўё ҳаво кемасидагилар эшитиб қоладигандек бор овози билан хиргойи этарди. “Самолёт Бизни ҳам ўзинг билан олиб кет…”

Қўлларини аста силкитиб самолёт то уфққа сингиб кетмагунга қадар қизиқсиниб ортидан чопиб қоларди. Ёлғиз ўғлидаги қизиқиш ва ҳайратни кўрган Тожибой ака уни улкан самолётлар қўним топган қароргоҳга олиб келди. Болакайнинг қаршисида энди ўйинчоқ эмас, балки улкан қанотли, парраклари ҳам киши қулочига сиғмайдиган баҳайбат пўлат само қушлари саф тортиб турар, энг қизиғи бу ерда ишлайдиган кишилар ҳам худди дадасининг иш кийимидек либос кийиб юришар, бош кийимлари ҳам уникига ўхшаш эди… Ёш Улуғбекнинг кўнглида кўркам либосга ҳавас туғилди. У ҳам отаси каби учувчи бўлишни орзу қила бошлади.

Ўтган йиллар Улуғбекнинг истакларига эш бўлди. Унинг болаликдаги орзулари шунчаки қизиқиш бўлиб қолиб кетмади. Бола кўксида ёнган ҳавас бора-бора аланга олиб қатъиятга айланди. Учувчилик касбини эгаллаш иштиёқи унга шу қадар куч ва илҳом бағишладики, бу йўлда кўп изланди, ўқиди, ўрганди, тажриба тўплади. Ҳеч бир жараён унга осон кечгани йўқ. Аммо у танлаган йўлидан бир зум ҳам оғишмади. Улуғбек эндиликда самога боқиб самолётлар парвозини нафақат кузатади, балки бевосита уни бошқарадиган “Аэробус 320” ҳаво кемасининг капитанига айланди. Дадаси Тожибой ака Ишмаҳамедов каби моҳир учувчи бўлди. Бир сўз билан айтганда ота касбининг давомчисига айланди.

2002 йилда Россия Федерацияси Ульяновск шаҳридаги Фуқаролик Олий авиация билим юртини муваффақиятли тамомлаб келган Улуғбек Ишмаҳамедов учувчи сифатида иш бошлаган кезларида Тожибой аканинг ҳам ота, ҳам тажрибали учувчи сифатида берган ўгитлари унга дастуриламал бўлди. Дастлаб “Як 40” самолётида иккинчи учувчи сифатида маҳаллий рейсларни амалга ошира бошлади. Ўша кезларда ўғлининг ҳаяжонли қиёфасини кўрган ота унга далда берди. Ўз ишига янада масъулиятли бўлишга ундади. Рашид Шайхуддинов, Амрилло Нутфуллаев, Герман Малиген, 320-отряд сардори Владислав Аргов каби тажрибали устозларнинг кўмаги ва йўл-йўриқлари билан Улуғбек Ишмаҳамедов борт командири сифатида иш бошлади.

Яна ўқинг:  ОИЛА – ЖАМИЯТ КЎЗГУСИ

Ҳаво кемаси капитани сифатида парвозга тайёрланаётган чоғларида Улуғбек Ишмаҳамедов кўнгилга кўчган ҳаяжонни тажриба ва маҳорат билан босишга уринади. Парвоздан олдин борт аъзолари парвозга тайёргарлик кўриладиган хонада жам бўлишади. Улуғбек ака бугунги парвозга масъул ходимларнинг рўйхати билан яқиндан танишиб чиққач, жамоа билан биргаликда парвоз топшириғини қабул қилиб олишади. Бу жараёнда кема сардори, командири, борт кузатувчилари, борт инженер ва техник ходимлари ҳам иштирок этиб ҳар кимга ўзига яраша вазифа юклатилади. Барчанинг зиммасидаги масъулияти жиддий. Йиғилишда белгиланган йўналиш ҳисоб-китоби, ёқилғи сарф бўлиш ҳажми, вақт ҳисоби, масофа ўлчови – барча-барчаси ҳисоб-китоб қилинади. Йўналиш давомида учиб ўтиладиган аэропортлар, фавқулодда ҳолатларда қўниш мумкин бўлган захирадаги аэродромлар ҳақида маълумот тақдим этилади. Улуғбек ака борт аъзолари билан биргаликда парвозга чиқишдан аввал ҳеч бир жиҳатни назардан четда қолдирмайди. Парвоз давомида кузатилиши кутилаётган об-ҳаво, шамол йўналишининг ҳаммаси эътиборга олинган. Учишга чамаси бир соат қолди. Борт аъзолари аста само кемасига кўтарилишади. Навбат ҳаво кемасини парвозга шайлашга келди. Замонавий русумдаги самолёт тизими компьютерлашган. Кема командири Улуғбек ака унга йўналиш маълумотини киритади. Сафар маълумотлари автоматик тарзда кўрсатилади: шамол йўналиши, учишдаги тезлик йўналиши, йўловчиларнинг сони, оғирлик массаси ҳам компьютерда кўрсатади. Комьпютер эса буларнинг барчасини ҳисоб-китоб қилиб тезлик олиш, ердан узилиш вақти, парвоз милларини ва тезлиги борасидаги маълумотни кема командирига тақдим этади.

Овоз узатгичдан ердаги алоқа ходимлари – диспетчернинг “парвозга тайёрмисиз” деган мурожаатини командир тасдиқлайди. Улуғбек Ишмаҳамедовнинг Нигоҳларида вазминлик ва зийраклик кўзга ташланади. Зеро, самолётни парвозга кўтариб олиш мураккаб жараён саналади. Двигатель ёқилади. Йўналиш чизиғидан юриб борган ҳаво кемаси тезлик олади. Тезлик соатига 200-250 км. ни ташкил этади. Учиш чизиғига етганда самолёт аста кўтарилади. Ҳаво кемаси парвозга кўтарилиш жараёнини муваффақиятли амалга оширди.

Улуғбек ака ҳаво кемасини кўкка олиб чиқар экан жонажон Тошкент тобора олислаб боради. Самолёт пойтахтдан узоқлашиб борсада, Улуғбек Ишмаҳамедовнинг қалби она заминдан бир зум бўлсада олис кетмайди. Кўнгли ҳамиша шу она Ватан билан. Сафар юзасидан қай юртга бормасин, азим Тошкентни тезда соғинади. Беихтиёр Улуғбек аканинг болалик онлари – самолётнинг ортидан қўлини силтаб чопишлари, унга атаб қўшиқ хиргойи қилиши ёдига тушди. Эҳтимол, ҳозир ҳам у бошқариб кетаётган ҳаво кемасига қанчадан қанча болалар қўл силтаб чопишаётгандир, эҳтимол у айтган болаликдаги қўшиғи ҳали ҳам айтилаётгандир. “Самолёт, самолёт…” Қайсидир бола самолётни кўриб келажакда албатта учувчи бўламан деган истак кўксида ёнгандир. Эҳтимол, шу болалар орасида фарзандлари Умарбек, Абдулазиз, Оминахонлар ҳам бордир. Улар “Шу ҳаво кемасини мени дадам бошқариб кетаяпти”, дея фахрланишаётгандир.

Яна ўқинг:  Осуда кунлар шукронаси

Улуғбек Ишмаҳамедов ҳам касби ортидан бахт топган инсонлардан бири. Унинг касбига фидойилиги туфайли 2015 йилда Президентимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Учувчилар оиласи: “Шуҳрат” медали соҳиби Улуғбек Ишмаҳамедов отаси фахрий учувчи Тешабой Ишмаҳамедов билан иш устида суҳбат қилмоқда.

 

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: