Хорижлик шифокорлар юртимизда
Бугунги кунда Ўзбекистонда вояга етаётган болаларнинг 92 фоизи ривожланиш кўрсаткичлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг стандартларига тўла мос келади. Қувонарлиси, мамлакатимизда мутлақо соғлом болалар кўрсаткичи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу соғлом онадан соғлом бола туғилади, деган эзгу тамойилнинг амалдаги ифодасидир.
Айни пайтда юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш жараёнида тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтириш ҳамда халқаро тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу борада “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар таҳсинга лойиқ.
Ана шундай хайрли ишлардан бири Корея Республикасининг Инҳа университети госпитали билан 2011 йилдан буён самарали ҳамкорликни йўлга қўйилганидир. Ўтган йилда ушбу ҳамкорлик доирасида Жанубий Корея мутахассислари томонидан юртимизнинг 800 нафарга яқин аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Куни кеча фонднинг Тиббий-ижтимоий марказида ушбу ҳамкорлик доирасида Корея Республикасининг Инҳа университети госпиталидан ташриф буюрган бир гуруҳ шифокорлар аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.
– Юртингизда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилганлигига гувоҳ бўлдик. Мақсадимиз – юртдошларингиз саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, ўзбекистонлик шифокорлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашишдан иборатдир, – дейди Инҳа университети госпитали профессори Ли Сёнг Юн. – Шифо масканлари замонавий тиббий техникалар билан таъминланганлиги тиббий кўрикни тез ва самарали ташкил этишга ёрдам бермоқда. Қабулга келаётган аҳолининг ўз саломатлигига эътибори, тиббий маданияти юксаклиги бизда катта таассурот қолдирди. Ўзаро ҳамкорлигимиз кутилган самарани беришига ишонаман. Гуруҳимиз таркибига бир қанча шифокор талабалар ҳам жалб этилган. Бу ерда бўлажак шифокорлар билан фикр алмашиб, илмий мулоқотда бўлиш улар учун фойдадан холи бўлмайди.
– Фарзандим билан бирга тиббий кўрикдан ўтдик, – дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи Сарвинисо Ҳакимова. – Ўғлимнинг ўнг қулоғида эшитиш қобилияти йўқолиб бораётган эди. Поликлиникадаги шифокорлар шу ерга келишим учун йўлланма беришди. Малакали шифокорлар ўғлимнинг қулоғини текширди. Бошқа мутахассислар кўригидан ҳам ўтдик.
Яна Жанубий кореялик мутахассислар Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманидаги “Ариранг” қариялар уйида ва 22-24 июнь кунлари Навоий шаҳри “Ханжин групп” комплекси биносида аҳолини умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади.
Наврўз НОРБОБОЕВ