Хурракнинг қандай хавфли томони бор ва уни қай тариқа даволаш мумкин?
Одатда узоқ уйқу ҳам тўлақонли ором олишни таъминламайди. Инсон 8-9 соат ухласа ҳам, ҳорғин ва чарчаган ҳолатда, камига бош оғриғи билан уйғонади. Ҳолбуки ўрин қулай, хона ҳам шамоллатилган, лекин сиз ўзингизни умуман ухламагандек ҳис қиласиз. Бу ерда яна яқинларингиздан шикоят тушади: кечаси билан хуррак отиб чиқдинг!
Айнан хуррак оромсиз уйқунинг сабабидир. Тунги хуррак хавфлими ва у билан қандай курашиш кераклиги тўғрисида юқори категорияли шифокор-сомнолог Клара Зейнулловна Искакова сўзлаб беради.
Нима учун тунда ёмон ухлаймиз?
Хуррак – юқори нафас олиш йўлларининг торайиши натижасида юзага келадиган феномен ҳодиса. У туғма ҳам бўлади, аммо кўпинча орттирилган муаммодир. Хурракнинг сабаби тўлалик, ангина ва тонзиллитнинг асоратлари ва бошқа касалликлар бўлиши мумкин.
Уйқу вақтида томоқ мушаклари бўшашади ҳамда ҳавонинг ўтиши қийинлашади. Мана шу ҳолат хурракни юзага келтиради.
Хуррак уйқу вақтида муаммолар келтириб чиқаради ва у нафас олишнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Организмга етарли миқдорда кислород келиб тушмаслиги туфайли кислород етишмовчилиги юзага келади.
Шунинг учун, инсон тўйиб ухлай олмайди, бош оғриғи ҳамда баланд қон босими билан уйғонади. Диққатни жамлаш ва хотира сусаяди. Бу юрак ишемияси, миокард инфаркти, аритмия ва инсультга олиб келиши мумкин.
Хурракнинг энг асосий хавфи – нафас олишнинг тўхтаб қолиши, илмий номи апноэ. Агар бу ҳолат 10 сониядан ортиқ бўлса, бир соат ичида 5-10 марта рўй берса, демак кучли организм кислород етишмовчилигидан азият чекмоқда. Бу биринчи навбатда юрак ва мияга тааллуқли.
Шундай одамлар борки, 2 дақиқагача нафас олмай қўйишади. Шу вақт ичида кутилмаган ўлимга олиб келувчи паталогия ёки бузилиш содир бўлиши мумкин.
Уйқу лабараторияси
Хурракни даволаш ишлари билан шифокор-сомнолог шуғулланади. Унинг биринчи вазифаси – уйқу ва нафас йўлларининг бузилиши сабабларини аниқлашдан иборат. Бунинг учун махсус уйқу лабараторияси мавжуд. Бу бемор ўзини бемалол ҳис қиладиган қулай ётоқхонадир.
Ухлашга бир соат қолганда келинади. Аввал у хонада ётиб дам олади ва кўникади. Сўнг ҳамшира электродларни қўяди ва уларни махсус кичик қурилмага улайди. Бемор уйқуга кетади. Туни билан видеотасма кетади ва қурилма компьютерга узатилаётган уйқунинг ўн бир физиологик параметрларини қайд этади.
Уйқу структураси — тез ва секин уйқу кетма-кетлиги, нафас олиш, қоннинг кислород билан тўйиниши, юрак мушакларининг қисқариш сони, бемор қандай ҳолатда ухлаётгани, кардиограмма ўрганилади. Эртасига шифокор видеотасма ёрдамида барча кўрсаткичларни ўрганиб чиқади ва хулоса қилади: уйқунинг қандай бузилиш ҳолатлари борлиги, бунинг ҳаёт учун хавфи қай даражада ва беморда нафас олиш жараёнида тўхташ бор-йўқлиги тўғрисида маълумот беради.
Хурракнинг давоси бор
Хурракнинг сабаби тўғри аниқланса, кўп ҳолларда буни даволаш қийин эмас. Вазнни камайтириш, чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмолидан воз кечиш, баланд ёстиқ ва уйқу вақтидаги тўғри жойлашув – буларнинг барчаси беморга ёрдам бериши турган гап.
Агар юқори нафас йўлларининг қисқариши – анатомик аҳамиятга эга бўлса, бунда жарроҳнинг аралашуви мақсадга мувофиқ. Жарроҳлик операциясидан кейин сабаблар йўқотилгани назорат остида ўрганилади ва текширилади.
Бурун-томоқ касалликлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилиш учун лор-шифокор консультацияси керак бўлади. Бунинг учун махсус машқлар ҳам мавжуд.
Хуракка қарши машқлар
Бир ой давомида мунтазам равишда шу машқлар бажарилса, хурракни сезиларли даражада камайтириш ва уйқуни яхшилаш мумкин.
- Тилингизни максимал даражада олдинга чиқариб пастга туширинг. Тилнинг илдизида ютиш мушакларининг оғирлигини ҳис қилиш керак. Тилни олдинга чиқарилган ҳолатда 1-2 сония ушлаб туринг ва бир вақтнинг ўзида чўзиқ “и” товушини талаффуз қилинг. Машқни бир кунда икки маротаба 30 мартадан бажаринг. Бундай машқ тил мушакларини мустаҳкамлайди.
- Қўлингиз билан иягингизни босинг, пастки жағни куч билан олдинга ва орқага ҳаракатлантиринг. Бу машқни ҳам кунига икки маротаба 30 мартадан бажаринг. Бунда пастки жағ мушаклари машқ қилинади, ҳалқум кенгаяди ва хуррак отиш камаяди.
- Тишларингиз билан ёғоч ёки пластик чўпни (қалам, ручка) қаттиқ сиқинг, уни 3-4 дақиқа мобайнида ушлаб туринг. Бу машқни уйқу олдидан бажаринг. Бу машқ ютиш ва чайнаш мушакларини ҳаракатга келтириб, уйқунинг бошланишида хурракни камайтиради.
- Оғзингизни очинг, пастки жағингиз билан аввал соат стрелкаси бўйича, кейин унга қарши 10-15 марта ҳаракатлантиринг.
Қийин вазият юзага келганда
Нафас олиш касалликларининг ўтказиб юборилган ва оғир ҳолатлари бўлади. Унда аппаратли даволаш — Сипап-терапия қўлланилади. Бу қурилма юқори босимда бурундан нафас олишга мўлжалланган.
Уйқудан олдин ускунага бириктирилган герметик ниқоб кийилади. Туни билан ҳаво босим остидан келади ва бу юқори нафас йўлларининг қисқармаслигига олиб келади. Оғир ҳолатларда бемор бутун умр шу аппаратдан фойдаланишига тўғри келади. Бир ҳафтада 3-4 марта албатта аппарат билан ухлашига тўғри келади. Ҳар бир бемор учун индивидуал равишда терапевтик босим танланади.
Тунги сокин уйқу ва эркин нафас олиш инсоннинг жисмоний ва руҳий соғлиғи учун жуда муҳимдир. Хуррак ҳаёт сифатига сезиларли путур етказиши мумкин. Шунинг учун ўз вақтида керакли ёрдамни олиб, хурракдан буткул халос бўлишингиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Манба: sof.uz