Рингда тўққиз нафар ўғлоннинг шижоати

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг тўққиз нафар аъзоси жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

Тошкент шаҳридаги «Ўзбекистон» спорт мажмуаси мезбонлик қилаётган бокс бўйича Осиё чемпионатида ўзбек боксчилари кетма-кет ғалабалари билан мухлису мутахассисларни хушнуд этмоқда.

Мусобақанинг чорак финал беллашувларидан муваффақиятли ўтган боксчилар чемпионлик учун курашни давом эттиради. Шунингдек, хабар бериб ўтганимиздек мусобақада бокс бўйича жаҳон чемпионатининг лицензиялари ўз эгаларини кутиб турибди. Бу эса Осиё чемпионатига бўлган қизиқишни янада ортишига сабаб бўлмоқда.

Қитъа чемпионатининг чорак финал учрашувларида 10 нафар ўзбекистонлик боксчилар рингга кўтарилишди. Улардан фақат -91 килограмм вазн тоифасида чемпионлик учун кураш олиб борган Санжар Турсунов XXXI ёзги Олимпия ўйинлари кумуш медали соҳиби – қозоғистонлик Василий Левитдан мағлуб бўлиб кучли тўртликка йўлланма ола билмади. Қолган 9 та беллашувда ҳамюртларимиз рақибларидан устун келишди.

Эътиборлиси, ўзбекистонлик боксчилар иштирокидаги жангларнинг 4 таси нокаут билан якунланди. Рио–2016 Олимпия ўйинлари иштирокчиларидан Муроджон Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов ва Баҳодир Жалолов рақибларини техник нокаутга учратишди. Шунингдек, -64 кг вазн тоифасида Иқболжон Холдоров ҳам жангни муддатидан олдин якунлашга муваффақ бўлди.

3 май кунги жанглар натижаси:

-49 кг: Ҳасанбой Дўстматов — Жомарт Ержан (Қозоғистон) — ғалаба

-52 кг: Жасур Латипов — Синг Бишт (Ҳиндистон) — ғалаба

-56 кг: Мурод Аҳмадалиев — Нима Доржи (Бутан) — нокаут

-60 кг: Элнур Абдураимов — Фарранд Папенданг (Ҳиндистон) — ғалаба

-64 кг: Иқболжон Холдоров — Хунг Минг Пан (Хитой Тайпейи) — нокаут

-69 кг: Шаҳрам Ғиёсов — Сеон Хёнг Ли (Ж. Корея) — нокаут

-75 кг: Исроил Мадримов — Эумир Марсиал (Филиппин) — ғалаба

-81 кг: Бектемир Мелиқўзиев — Ш. Негматуллоев (Тожикистон) — ғалаба

-91 кг: Санжар Турсунов — Василий Левит (Қозоғистон) — мағлубият

+91 кг: Баҳодир Жалолов — До Хеон Ким (Жанубий Корея) — нокаут

 

Ярим финалга йўлланма олган боксчилар жорий йилнинг 23 августидан – 4 сентябрига қадар Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишди. Демак ҳозирча Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жаҳон чемпионатида 10 та вазн тоифасининг тўққизтасида рингга чиқиш имкониятига эга бўлиб улгуришди. Йўлланмалар сони максимал — 10 та бўлиши ҳам мумкин. Бунинг учун кечаги чорак финал баҳсида рақибига имкониятни бой берган Санжар Турсунов чоракфиналнинг бошқа мағлуб боксчилари билан бўладиган қўшимча жангда ғалаба қозониши керак. Умид қиламизки Гамбургдаги жаҳон чемпионатида терма жамоамиз тўлиқ таркиб билан иштирок этади.

Яна ўқинг:  Грант олиш учун танлов

Эслатиб ўтамиз, бугун 4 апрель куни Осиё чемпионатида дам олиш куни ҳисобланади. Ярим финаллар 5 май куни бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари қуйидаги рақибларга рўбаро келишади: 

Осиё чемпионати. 1/2 финал:

-49 кг. Ҳасанбой Дўсматов — Амит (Ҳиндистон)

-52 кг. Жасурбек Латипов – Азамат Исакулов (Қозоғистон)

-56 кг. Муроджон Аҳмадалиев – Йон Хун Хан (Жанубий Корея)

-60 кг. Элнур Абдураимов — Жун Шан (Хитой)

-64 кг. Иқболжон Холдоров – Бекдаулет Ибрагимов (Қозоғистон)

-69 кг. Шаҳрам Ғиёсов — Сажжад Козимзодапоштири (Эрон)

-75 кг. Исроил Мадримов– Абилхан Аманкул (Қозоғистон)

-81 кг: Бектемир Мелиқўзиев – Жябин Хуан (Хитой)

+91 кг: Баҳодир Жалолов — Муҳаммад Муалес (Сурия)

 

Н.НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: