Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

12.06.2017
40 марта ўқилди
Ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил этилган Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссия мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, комиссия раиси С.Сафоев бошқарган мажлис мамлакатимизда ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимини топиш масалаларига бағишланди.

Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича мамлакатимиз ҳудудлари ва тармоқларда қатор ишлар амалга оширилаётгани, ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижтимоий йўналишлари, замонавий уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилган ишлар хусусида сўз юритилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида белгиланган тадбирларнинг ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари З.Низомхўжаев Ҳаракатлар стратегиясининг ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Айрим ҳолларда бу борадаги вазифаларни бажаришда муайян камчиликларга йўл қўйилгани ҳам қайд этилди.

Мажлисда аҳоли бандлигини ошириш, янги иш ўринлари яратиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Дастурда бу борада белгиланган кўрсаткичнинг 24 фоизи бажарилгани қайд этилди. Мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари деярли бажарилмаган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Г.Саидова, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳиддинов, молия вазирининг ўринбосари А.Ҳайдаров, Тошкент вилояти ҳокими Ш.Бобоев ва бошқаларнинг Давлат дастурида амалга оширилиши белгиланган тадбирлар юзасидан 2017 йилнинг ўтган беш ойи мобайнида қилинган ишлар ҳақидаги ҳисоботлари тингланди. Арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт шароитларини яхшилаш бўйича олиб борилган ишлар муҳокама қилинди. Ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ва таъмирлаш, ўз вақтида фойдаланишга топширишга оид муаммолар мазкур лойиҳалар ўз вақтида молиялаштирилмагани, тендер ўтказилмагани ва манзилли рўйхатлар тақдим этилмагани боис вужудга келаётгани кўрсатиб ўтилди.

Аҳоли ўртасида барпо этилаётган уй-жойларнинг сифатидан, уларнинг қурилиши битказилмаганидан норозилик ҳолатлари учраб турибди. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар ҳокимликлари бу каби муаммоларни ҳал этиш, қурилиш ишларини сифатли амалга ошириш, ичимлик суви билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиши зарурлиги таъкидланди. Давлат дастурини амалга оширишда вазирликлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд тафовутларни бартараф этиш лозимлиги қайд этилди. Қурилиш ишларини сифатли амалга ошириш мақсадида мазкур долзарб масалага давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиш, соҳага доир давлат дастурини ишлаб чиқиш, иш фаолияти халқаро талаблар даражасига тўла мос келадиган қурилиш ташкилотлари ташкил этиш, мавжуд ташкилотлар салоҳиятини ошириш, соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш лозимлиги қайд этилди.

Мажлисда қайд этилган барча муаммоларни бартараф этиш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида Давлат дастурининг “Ижтимоий соҳани ривожлантириш” деб номланган тўртинчи йўналишидаги бешта бўлинма – аҳолининг бандлиги ва реал даромадларини босқичма-босқич ошириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, арзон уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, аҳолининг ҳаёт шароитлари яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш, таълим ва фан соҳасини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳлар тузишга оид таклиф маъқулланди. Ишчи гуруҳлар раҳбарларига ўн кун муддатда бу борада бажариладиган ишлар режаси – “йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Компьютер қаршисида узоқ вақт ишловчилар кўз касалликларидан қандай ҳимояланиши керак?Табобат

Компьютер қаршисида узоқ вақт ишловчилар кўз касалликларидан қандай ҳимояланиши керак?

Бугун аксарият одамлар асосий вақтини компьютер қаршисида ўтказади. Айниқса, бу қурилма дизайнер, дастурчи, копирайтер, маркетолог, оператор каби кўплаб замонавий касб эгалари ва о

27.09.2024354
Болалар учун ингаляция: ота-оналар  билиши шарт бўлган қоидаларТиббий сабоқлар

Болалар учун ингаляция: ота-оналар билиши шарт бўлган қоидалар

Совуқ ҳарорат аксарият ҳолларда саломатликка салбий таъсир қилиши аниқ. Оқибатда турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди. Айниқса

04.02.2025419
Аломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?Тиббий сабоқлар

Аломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?

Иситма – турли касалликлар белгиси. Аммо тиббиётда аломатларсиз тана ҳарорати кўтарилиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай вазиятда янглиш ташхис ва нотўғри муолажа беморнинг сало

28.12.2024281
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.2024192