Дориломон кунлар шукронаси

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Иноят ота Содиқов 92 ёшда. У “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган замонавий автомашинани навбатсиз сотиб олиш ва унга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификатидан фойдаланди. «Роҳат» автосалонидан «Damas» автомашинасини сотиб олиб, ўзи ҳайдаб чиқди.

– Фарзандларим билан анчадан бери «Damas» олишимиз керак, дея ўйлаб юрардик,  – дейди отахон. – Президентимизнинг уруш ва меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб чиқарган фармонига биноан машинани навбатсиз сотиб олдик. Бор-йўғи бир ярим соатда ҳамма ҳужжатларни расмийлаштириб, машинанинг калити қўлимга топширилди. Юртимиз тинч, ҳур замон абадий бўлиб, Президентимизнинг умрлари зиёда бўлсин.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори уруш фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларни муносиб ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги тизимли ишлар кўламини янада кенгайтирди.

Фармонга мувофиқ, Яшнобод тумани ҳокимлиги, мудофаа ишлари бўлими, “Нуроний” жамғармаси вакиллари Иноят ота хонадонида бўлиб, Хотира ва қадрлаш куни билан табриклаб, Президентимиз номидан 2 миллион сўм пул мукофотини топширди. Шоҳимардон маҳалласида яшовчи Иноят отанинг миннатдорлигини нурли чеҳрасидан, самимий суҳбатидан сезиш қийин эмас.

–  Фронтга кетганимда тоғни урса, талқон этгудай йигит эдим. 1948 йили Тошкентга қайтиб, яна севимли касбим – ҳайдовчилик билан шуғулландим. Умримнинг 70 йилини шу касбга бағишлаганман. Мен дунёдаги энг бахтли ва бой одамлардан бириман: 10 фарзанд, 31 невара, 33 эваранинг ардоғидаман. Баъзан мени кўришга келган невара-чевараларим саноғидан адашиб ҳам кетаман. Шу кунларга етказганига минг шукр!

Иноят ота мудом ҳаракатда. Маҳаллада, таълим муассасаларида ёшларга тинчликнинг улуғ неъмат экани, бугунги фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш зарурлиги ҳақида насиҳат қилади. Маънавий-маърифий тадбирларда фаол қатнашади.

Отанинг самарали меҳнатлари муносиб рағбатлантирилиб, «Жасорат», “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги”  юбилей медаллари билан тақдирланган.

Суҳбат қизиганда отахон уруш йилларини хотирлаб, ҳалок бўлган қуролдошларини эслаб, сукутга кетди, билдирмай кўзига ёш олди. Бугунги фараҳбахш кунлар, мустақиллик яратган бемисл имкониятлар, тинчлик-омонликда ўтаётган ҳаёти учун яратганга беадад шукроналар айтди.

Яна ўқинг:  “Камалак жилоси”нинг чақноқ юлдузлари

 

 Азима ҚИЁСОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: