Ялпиз – кўклам туҳфаси

Юртимизга баҳор ўз сепини ёйиши билан ариқ ва дарё бўйларида ялпизнинг ям-яшил барглари кўкка бўй чўза бошлайди. У инсонларга хуш кайфият бағишлаш билан бирга, шифобахшлик хусусиятига эга.

Ёруғлик ва намсевар бу ўсимлик май-октябрь ойларига бориб гуллайди. Унинг баргларида 2,5-3 фоиз, гулларида 4-6 фоиз, поясида эса 0,3 фоиз ментолга бой бўлган эфир мойи, флавоноидлар, витаминлар ва ошловчи моддалар мавжуд. Барглари ва поясидан олинган ялпиз мойи парфюмерия, озиқ-овқат саноати ва тиббиётда ишлатилади. Янги чиққан баргларидан баҳорда ошкўк сифатида фойдаланилади. Тиббиётда диарея (ич кетиши), овқат ҳазм қилиш фаолиятини яхшилашда, асаб фаолиятини мустаҳкамлашда, томоқ оғриғида, кўз ўткирлигининг пасайишида, ревматизмда қўлланилади.

Ялпиз антисептик таъсирга эга. Шу билан биргаликда у иштаҳа очувчи, оғриқ қолдирувчи ва спазм(санчиқ)ларга қарши восита саналади.

Абу Али ибн Сино ялпиз билан ичак оғриқларини даволаган. Уни беморга овқатни яхши ҳазм қилишига кўмак берувчи восита сифатида тавсия этган.

Бу шифобахш гиёҳ меъдани мустаҳкамлайди, ҳиқичоқни тўхтатади, овқатнинг сингишига ёрдам беради. Шунингдек, шилимшиқли ва қон қусишни тўхтади, сариқ(гепатит) касаллигига фойда қилади.

Ялпизли чой халқ табобатида юракни бақувват қиладиган, кайфиятни кўтарадиган дори сифатида қўлланилган. Бу гиёҳ чанқоқни, бош ва тиш оғриғини қолдиради.

Шифобахш чой тайёрлаш учун ярим литрли чойнакка кичкина қошиқда қора ёки кўк чой, тўрт дона ялпиз барги солинади ҳамда устидан қайноқ сув қуйилади. Унга асал ва новвот солиш ҳам мумкин.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Яна ўқинг:  Ёлғоннинг умри қанча?..

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: