Англашилмовчилик

Туш вақти. Қуёши нурлари айни ерга тик тушган палла. Норқобил ака шифохона эшигидан чуқур “уҳ” тортиб чиқди. Нурсиз кўзлари билан бир қўлидаги текширув натижаларига, бир атрофга назар ташлади. Сўнг йўл четидаги ўриндиққа бориб, омонатгина ўтирди.

У кўзларини юмиб, ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олди. Қўл телефонидан кимгадир қўнғироқ қилмоқчи бўлди-ю, кейин фикридан қайтди.

Шу аҳволда икки соатча ўтирди. Қўллари қалтираб, текширув натижаларига яна кўз югуртирди. “Наҳот умрим шу қадар қисқа бўлса? Ахир ҳаётда қилмоқчи бўлган ишларим ҳали кўп эди-ку. Эндигина роҳат-фароғатда яшайман деганимда, бошимда шу савдолар ҳам бормиди? Бутун умримни меҳнатга бағишладим. Қийинчиликларни сабот билан енгдим, ёлғон гапирмадим, таъмагирлик қилмадим. Доимо ҳалол яшадим. Манманлик қилмадим, ночорларга қўлимдан келганча ёрдам бердим. Қаерда хато қилдим? Худо қайси гуноҳларим учун мени жазолаяпти?”, дея хаёлидан бир-бир ўтказди.

Шундай ўйлар билан автобусга ўтириб, уйга қандай етиб келганини ҳам билмай қолди. Туз ҳам тотмасдан, ётоғига кириб, индамай эшикни ичкаридан беркитиб олди. Бу ҳолдан турмуш ўртоғи Зулайҳо опа қаттиқ хавотир олар, қанчалик ялинмасин эшик ичкаридан очилмасди. У нима қилишини билмай турганида кўча эшик қўнғироғи жиринглади. Югуриб бориб очса, ҳеч ким йўқ. Ҳайрон бўлди. Қўнғироқ овози эса тинмади. Шунда бу товуш эшикдан эмас, унинг ёнида турган телефондан келаётганини билди. Телефонни кўтариб, “алло” дейишга улгурмасидан, у томондан шошиб, кимдир Норқобил акани сўради. Аёл турмуш ўртоғи ётган хона эшиги ёнига яқинлашиб, Усмон Соатов исмли одам йўқлаётганини айтди. Норқобил ака эшикни очибоқ, аёлининг қўлидан гўшакни олди. Шифокорнинг гапларини эшитиб, юзида қандайдир қувонч ва хавотир зоҳир бўлди.

Зулайҳо опа қистовга олавергач, Норқобил ака аёлига бўлган воқеани гапириб берди. Ошқозони оғриб шифокорга боргани, унга саратон хасталиги ташхиси қўйилганлиги, аслида эса таҳлил натижалари алмаштириб юборилганини айтди.

– Яхши-ку, ахир бундан қувониш керак эмасми? – деди аёли.

– Тўғри, мен-ку соғ эканман, лекин мен билан натижалари алмашиб қолган инсон қай ҳолга тушар экан, шуни ўйлаб кўнглим ғаш, – деди Норқобил ака.

 

Дилфуза АШУРБОЙ қизи,

ЎзМУ талабаси

Яна ўқинг:  Табиат фарзандини кутмоқда

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: