Ажримнинг асорати аччиқдир

Ғала-ғовур товушларга бурканган узун ва тор йўлак. Ўриндиқлардан бирида ёши 23-24 ёшлар атрофидаги йигит одамларнинг тинимсиз қатновига маъносиз тикилиб ўтирар, баъзан ўриндиқ нариги четида ўтирган ёшгина аёл кишига ғазаб билан қараб қўярди.

Аёл эса нигоҳини бир нуқтадан узмас, худди ҳайкалдек тош қотган. Унинг чеҳраси очиқ ва лобар эди. Бироқ, кимгадир бўлган нафрат ҳисси юзида қалқиб, гўзаллигига соя солиб турарди. Шу пайт унинг қучоғига уч ёшли болакай ўзини урди.

– Уйга кетайлик, – эркаланди у.

– Ҳозир кетамиз, болажоним, – қизининг бошини силади онаси.

Қизалоқ яна йўлак бўйлаб югура кетди. Афсуски, бу мурғаккина гўдакнинг ҳеч нарсадан хабари йўқ. Бугун унинг отаси Анвар ва онаси Дилобар ажрашмоқда. Тўрт йиллик турмушдан сўнг улар шу қарорга келишди. Аслида уларнинг турмуши бузилишига хиёнат, келишмовчилик ёки можаро каби бирор жиддий воқеа сабаб бўлгани ҳам йўқ. Сабаби эса жуда жўн: бир-бирларига тўғри келмас, иккови икки дунё эмиш. Бир-бирларига бўлган муҳаббати сўнибди. Кеч бўлмасдан барчасига чек қўйишмоқчи (аслида буни турмуш қурмасларидан олдин обдон ўйлаб кўришлари лозим эди).

Анвар узоқ кутишдан безор бўлди, шекилли, кутиш залида бир нималарни ёзиб ўтирган киши ёнига бориб, унга эътироз билдирди.

– Ҳали навбатингиз келмади. Бугун судда кўрилаётган ишлар кўп. Яна бироз кутинг, – деди ҳалиги киши.

Жавобдан Анварнинг энсаси қотди. У яна ортига қайтиб ўриндиққа “чўкди”. Чарчоқ ва ҳорғинликданми кўзи аста-секин илина бошлади…

… Ёруғ ва шинам синфхона. Иккинчи соатга қўнғироқ чалинган. Танаффус вақти. Болалар 10 ёшар Малика билан унинг партадоши Одилжонни қуршаб олишган. Малика математика фанидан берилган уйга вазифани кўчириб олишга бермагани учун Одилжон билан тортишишарди.

– Алвасти, бир марта кўчиришга берсанг нима бўларди?

– Билмасвой! Ўзинг бажар, керак бўлса!

– Қизғанчиқ! Қизғанчиқ!

– Ажаб бўпти! “Иккичи”, “иккичи”!

Иккаласи ҳам бўш келмас, ўзларини хафа қилмай, бурро-бурро “сайрашарди”.

Бироқ, Одилжоннинг оғзидан “етимча” деган сўз чиққач, Малика бирдан қизариб кетди. Нигоҳлари ерга қадалди. Йиғлаб юборди. Тилини тишлади. Одилжон унинг қўлидан дафтарини тортиб олганида ҳам “лом-мим” демади. Жойида жим тураверди…

Яна ўқинг:  Гўштли димлама

 

* * *

… Малика ошхонада идиш-товоқларни ювар, ўгай укалари эса гўё унинг жиғига тегмоқчи бўлгандек атрофида қувлашмачоқ ўйнаб, шовқин-сурон қилишарди. Кутилмаганда улардан бири Маликага туртиниб кетди-ю унинг қўлидаги пахта гулли ликопча полга тушиб, “чил-чил” синди.

– Энди нима бўлади? Онам билса, ўлдиради, – Малика ваҳимага тушди.

Болалар бунга жавобан уни масхара қилиб кулишди.

– Ўйнашга ошхонадан бошқа жой қуриб қолганми? Нима қилиб қўйдинглар!

– Нима шовқин?! – Ошхонага Маликанинг ўгай отаси кириб келди. Болалар опаси ликопчани синдириб қўйганини дарҳол етказишди. Ота нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган Маликанинг юзига тарсаки тортиб юборди.

– Касофат! Қилғилиқни қилиб қўйиб, энди бор айбни шу бегуноҳ укаларингга тўнкаяпсанми?! Ёшинг 15 да бўла туриб ёш болаларга туҳмат қилгани уялмайсанми, ахмоқ қиз! Етимни бошини силаб олган раҳматим шуми ҳали!…

 

* * *

…Айвонда ёши 40 дан ошиб 50 га яқинлашган эр-хотин ва асабийлашаётган ёшроқ йигит жиддий муҳокама ҳамда баҳс-мунозарага берилган.

– Онажон, бу дунёдан ёлғиз ўтсам ўтаман, лекин Маликадан бошқасига уйланмайман! Қарорим қатъий, – деди ҳалиги йигит.

– Чучварани хом санабсан! – Онаси ер муштлади. – Сенга ўзи неча марта такрорлаш керак? У қиз бўмайди дедимми, бўмайди! Маҳалласидан, қўни-қўшниларидан суриштирдик. Отаси ёшлигидан уларни ташлаб кетган экан. Ҳозирги ўгай отаси эса ғирт “алкаш” эмиш. Энди келиб-келиб “алкаш” билан қуда бўламанми?!..

 

* * *

…Дада! Дада!

Анвар чўчиб уйғониб кетди. Рўпарасида қизалоғи – Малика турарди.

– Дада, уйга кетайлик!

У қизини маҳкам қучоқлаб олди. Кўзини нимадир ачиштирди. Сўнг қизини даст кўтариб олди. Бундан Дилобар бироз тараддудланиб қолди.

– Дилобар, кетдик уйга. Юрақол. Ўша ерда яна бафуржа гаплашиб оламиз. Якуний қарор чиқаришга шошилмайлик, юр, – дея Анвар йўлак бўйлаб ташқарига интилди.

Дилобар ҳам унинг ортидан эргашди…

Халқимизда қадимдан оилага муқаддас даргоҳ сифатида қаралган. Негаки, оила нафақат ҳаёт боқийлигини, авлодлар бардавомлигини таъминлайдиган гўша, мамлакат ва миллат келажагини белгилайдиган асосий қўрғондир.

Сир эмас, бугун жаҳоннинг кўплаб ривожланган мамлакатларида оила институти ва қадриятлари таназзулга учрамоқда. Бунга сабаб қандай бўлишидан қатъий назар, оилага бўлган бундай муносабат ташвишланарли ҳол. Афсуски, бугун бизнинг орамизда ҳам оила пойдевори бўлган никоҳга панжа орасидан қараётган ёшлар йўқ эмас.

Яна ўқинг:  МЎЪЖИЗА ЯРАТАЁТГАН ҚЎЛЛАР

Психологлар олиб борган тадқиқотларга қараганда, ёш оилаларнинг турмуши бузилишига асосий сабаблардан бири бу эрта никоҳ қуриш экан. Чунки эрта турмуш қурган ёшларнинг деярли барчасида узоқ муддатли руҳий сиқилиш, ҳаётида содир бўлган ўзгаришларга кўника олмаслик, масъулиятни ҳис этмаслик кузатилади. Қолаверса, ушбу ёшга хос ўйинқароқлик, қизиққонлик каби сабаблар оиланинг келажагига путур етказиши аниқланган.

Бугун мамлакатимизда соғлом оилани шакллантириш, уни янада мустаҳкамлаш борасида қатор эзгу ишлар қилинаяпти. Шубҳасиз, бунда ёш оилаларга, турмуш қуриш остонасида турган ёшларга асрлар давомида ота-боболаримиз муқаддас санаб келган оила ва унинг қадриятларини англатиш, тушунтириш алоҳида аҳамият касб этади. Шундай экан, оилаларни мустаҳкамлашга озми-кўпми ҳаёт тажрибасига эга бўлган сиз-у биз бурчли эканимизни унутмайлик!

 

Азизбек НОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти тингловчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: