Театр: ҳам завқ ҳам сабоқ оласан
Бугунги ахборот технологиялари ва глобаллашув асрида шахснинг ривожланиши, ота-бобомиздан мерос бўлган бой маданиятимиз, урф-одат ва анъаналаримизни ёш авлодларга етказиш энг долзарб масалаларидан биридир. Бунда айниқса, театр, кино ва мусиқанинг тутган ўрни алоҳида. Жумладан, театр санъати ҳаётни, воқеа-ҳодисаларни, турли курашлар ва зиддиятларни, ички кечинмаларни драматик хатти-ҳаракатларда, актёр ижроси орқали акс эттиради. Бунда ёзувчи томонидан ёзилган пьеса ёки либреттога таянилади.
Пьесани режиссёр саҳналаштиради: ролларни актёрларга тақсимлаб беради, улар билан машқлар ўтказади, рассом, либос тикувчи, нур созловчи, мусиқа танловчи (ёки композитор) ва бошқалар билан иш олиб боради. Пировардида кўпчилик бўлиб тайёрланган саҳна асари томошабинга кўрсатилади. Актёрлар саҳнада юз бераётган воқеаларга берилиб, ҳар хил феъл-атворли кишиларнинг қиёфаларини гавдалантирадилар. Театр санъатининг сеҳри унинг табиийлигидадир.
27 март – Халқаро театр куни. Ушбу сана 1961 йили ЮНЕСКО ҳузуридаги Халқаро театр институти томонидан Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтган IX конгрессида таъсис этилган эди. Ҳозирги кунда жаҳоннинг 100 дан зиёд мамлакатларида 27 март куни театр санъати ходимларининг касб байрами сифатида кенг нишонланиб келинади. Ўзбекистонда ҳам ҳар йили ушбу сана байрамона руҳда ўтказилади.
Ушбу кунда “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан ўтказилган бир йиллик ютуқ ва камчиликлар сарҳисоб қилинади.
– “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси тасарруфида 37 та давлат театрлари бўлиб, улар ўртасида ҳар йили кўплаб тадбирлар ўтказилиб келинади. Бу тадбирлар юртимиз бўйлаб ва халқаро миқёсида уюштирилади. Икки йилдан буён ўтказилиб келинаётган замонавий мавзуда “Сени кўйлаймиз, замондош!” спектакллар танлови, Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг анъанавий фестивали, “Тошкент баҳори” деб номланган Халқаро опера ва балет санъати ҳамда “Art Wek Stуli.uz” дастурига кирувчи Teatr.uz фестиваллари шулар жумласидандир. Бу фестиваллар доирасида семинарлар ва маҳорат дарслари ўтказилади. Бундан ташқари бу йил 100дан зиёд республика театрлари томонидан мамлакат бўйлаб гастрол сафарлари уюштирилиши режалаштирилган, – дейди “Ўзбектеатр” бирлашмаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Ойбек Баҳодиров. – Юртимиз театрлари сўнгги йилларда халқаро майдонда ҳам ўз нуфузларини ошириб боришмоқда. Жумладан, Ўзбек миллий академик драма театри Миср Араб Республикаси, Қозоғистон, Туркманистон, Россия, Украина давлатларида, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри жамоаси эса ўтган давр мобайнида Россия, Франция, Япония, Малайзия, Ҳиндистон, Хитой каби бир қанча давлатларда, Ўзбек давлат драма театри Францияда ўтказилган халқаро фестивалларда муваффақиятли иштирок этиб, ўзбек театр санъатини хорижликларга яқиндан таништиришга муваффақ бўлишди.
Ҳар йили 150дан ортиқ янги спектакллар саҳналаштирилиб келинмоқда. Уларнинг кўпчилиги миллий драматургларимиз қаламига мансуб. Шуни таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда театрларда замон қаҳрамонлари образини яратиш, қолаверса, ОИТС, гиёҳвандлик, одам савдоси, терроризм, диний экстремизм каби иллатларни фош қилишга қаратилган, тарбиявий аҳамиятга молик спектакллар саҳналаштирилиб, нафақат театрларнинг ўзида, балки мактабларда, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида муваффақиятли намойиш этиб келинмоқда.
Дарҳақиқат, театр – маънавият бешиги. Бугунги глобаллашув замонида инсон кечинмалари, унинг туйғу ва истакларини самимий ва холис кўрсатиб бера оладиган, шахсга ўзлигини англашда ёрдам берадиган ягона восита, ажойиб маскандир. Шунингдек, театрнинг ёш авлод тарбиясида ҳам беқиёс ўрни бор.
Ўзбек театри ижодкорлар томошабинлар учун тинимсиз меҳнат қилиб, бебаҳо саҳна асарлари яратишаётган экан, бундан бебаҳра қолишимиз керак эмас. Албатта, вақт топиб, оила аъзоларимиз билан театрга тушишимиз лозим.
Майна ҲАСАНОВА