“Ким ўзар?” – кўнгил бузар

Эрталаб ишга отланар эканман, шаҳарнинг сершовқин кўчалари бўйлаб ғиз-ғиз ўтаётган машиналар хаёлимни бўлди. Шамолдай учқур автомашиналар оғиримизни енгил, узоғимизни яқин қилади.

Уларни бошқарувчи ҳайдовчилар эса манзилимизга етказиб қўйиб, қимматли вақтимизни тежашда катта ёрдам беради. Кўпчиликка осон бўлиб туйилган ҳайдовчилик касбининг ортида ниҳоятда катта масъулият, машаққат ётади. Кечани кеча, кундузни кундуз демай, баъзан ширин уйқуларидан воз кечиб, йўловчилар ҳожатини чиқараётган ҳайдовчилар доимо ҳушёрлик, диққат-эътибор ва масъулиятни ҳис этишлари лозим. Лекин айни пайтда бу касбга юзаки қараётганлар, унинг сир-синоатларидан мутлақо бехабар ҳолда ҳайдовчилик гувоҳномасини кўтариб юрганлар учраб туради. Машина ҳайдашнинг ўзи ҳайдовчилик касби учун етарли эмас. Серқатнов кўчаларда ҳаракатланаётганда довдираб қолса, хавфли вазиятларда тезкорлик билан чора қўллай олмаса, ундай ҳайдовчи фақат ўзи эмас, бошқалар ҳаётини ҳам хавф остида қолдиради.

Ҳайдовчидан юқорида таькидланган фазилатлардан ташқари сабр-тоқат ҳам талаб этилади. Агар ҳайдовчи тоқатсиз, шошқалоқ бўлса, бунинг оқибати яхшиликка олиб келмайди. Баъзи ҳайдовчилар светофорнинг қизил чироғи ёниб турганига ҳам қарамай, машинани катта тезликда “учириб” юришади. Ишга, ўқишга шошилаётган пиёдалар эса йўлдан ўтишга ҳайиқиб, пиёдалар йўлакчасида анча вақт кутиб қолишларига тўғри келади. Аксарият бахтсиз ҳодисалар, автоҳалокатлар ана шундай вазиятларда юзага келади.

Яқинда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Орқасига сумка осиб олган 8-9 ёшлардаги болакай машиналар тирбанд кўчадан югуриб ўта бошлади. Шу вақт юқори тезликда келаётган автомашина ҳайдовчиси тормозни босишга улгурмай қолди. Лекин ҳайдовчи боланинг жонига жабр бўлмасин деб, рулни бошқа ёққа буриб юборди ва ўзи қаттиқ жароҳатланди. Бирпасда йўл патруль хизмати назоратчилари етиб келиб, ҳайдовчини зудлик билан шифохонага олиб кетишди. Хуллас, бир лаҳза ичида кўз ўнгимизда ана шундай нохуш ҳодиса рўй берди.

Бу ҳодисада ким айбдор? Албатта, бу ўринда “қарс икки қўлдан чиққани” кўриниб турибди. Светофорга яқинлашиб келаётган ҳайдовчи ҳар қандай вазиятда ҳам тезликни меъёридан оширмаслиги, болакай эса пиёдалар учун мўлжалланган светофорнинг яшил чироғи ёнмай туриб, кўчадан кесиб ўтмаслиги керак эди. Арзимаган эътиборсизлик ортидан, инсон ҳаёти барбод бўларди. “Йўл қоидаси – умр фойдаси” деб бежиз айтишмаган. Шошқалоқлик билан манзилга тезроқ етишни кўзлаб, йўл қоидаларини бузаётган ҳайдовчи нафақат бошқаларнинг, балки ўз ҳаётини ҳам хавф остига қўяди. Ўйламай босилган биргина қадам кишини чоҳга етаклаганидай, ҳайдовчининг эътиборсизлиги кўплаб кишилар ҳаётига зомин бўлиши мумкин. Шунингдек, йўловчилар ҳам ўзига керакли тартиб-қоидалардан хабардор бўлишлари лозим. Эрталаб яхши ният билан уйдан чиқиб кетар эканмиз, бизга оқ йўл тилаб қолган яқинларимиз олдига соғ-саломат боришни, албатта, чин дилдан истаймиз. Бу хоҳишимиз ижобати эса умримиз фойдаси бўлмиш йўл қоидаларига амал қилишимизга боғлиқ.

Яна ўқинг:  Аёл борки олам мунаввар

Зарина РАҲМОНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: