Ҳуқуқбузарликларга қарши курашишнинг қонуний асоси кучайтирилади

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун имзоланиб, матбуотда эълон қилинди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирликлар ва идоралар, жамоат бирлашмалари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, жамоат тартибини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш бўйича устувор вазифаларни амалга ошириш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси нима?

– Ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш мақсадида қўлланиладиган ҳуқуқбузарликлар умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикасининг ҳуқуқий, ижтимоий, ташкилий ва бошқа чора-тадбирлар тизими.

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида” ги Қонуни

Ушбу йўналишда амалга оширилган туб ислоҳотлар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги фаолиятнинг юритилишини, моҳияти, мазмуни ва принципларини тубдан ўзгартириб юборди. Ҳуқуқ-тартибот ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, жамоатчилик ташкилоти ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг кучайтирилиши фуқароларнинг ҳокимият институтларига бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Ушбу йўналиш юксалтиришга зарур шарт-шароитларни яратиш, бажарилиши зарур бўлган вазифаларни амалга оширишнинг янада ишончлилигини таъминлади.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда милиция таянч пунктларини маҳаллалар қошида “Маҳалла посбони” жамоат тузилмаларининг ташкил этилганлиги, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қошида яраштирув комиссияларнинг фаолият юритаётганлиги алоҳида аҳамият касб этмоқда. Кўрилган чоралар ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноят содир этилишини келтириб чиқарувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ишларини кучайтириш имконини беради, жойларда вазиятнинг яхшиланишига эришилади.

Қонуннинг асосий ғояси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг кўп қиррали тизимини амалга ошириш принципи негизида давлат тузилмалари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари шакллантирадиган ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасининг бутун тизими фаолиятининг асосини қонуний мустаҳкамлашдан иборатдир.

Қонун ҳуқуқбузарликларини келтириб чиқарувчи сабаблар ва уларнинг содир этилишига имкон берувчи шарт-шароитларни аниқлаш, уларни бартараф этиш чораларини амалга оширишга йўналтирилган умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик (жабрланувчи бўлиб қолиш ҳолати) профилактикаси субъектларининг фаолияти ҳисобланади. Шунингдек, ҳуқуқий базанинг таҳлили шуни кўрсатадики, ҳозирги кунда ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси масалалари айрим қонун нормалари, ҳукумат қарорлари, идоравий ҳужжатлар билан тартибга солинади, бу эса ушбу масалани ҳал этиш лозим бўлган профилактика субъектлари ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини таъминлашнинг тўлиқ имкониятини бермаяпти.

Яна ўқинг:  ТИЛ БИЛГАН – ЭЛ БИЛАДИ

Қонунни тайёрлашда МДҲ ва узоқ хориж мамлакатларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги тажрибалари ҳисобга олинади. Халқаро амалиётни ўрганиш шундан далолат берадики, бир қатор хорижий мамлакатлар (Россия, Беларусь, Қозоғистон ва бошқалар)да ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари ягона қонунчилик ҳужжати билан тартибга солинган. Умуман, МДҲ мамлакатларида бевосита ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини ички ишлар, давлат хавфсизлиги органларининг тегишли бўлинмалари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар амалга оширади.

Шу билан бирга, қонунда ўхшаш хориждаги лойиҳалардан ижобий ҳаётий қадриятларни тарғиб қилиш, турли ҳаётий вазиятларга тушиб қолган шахсларни моддий, психологик ва бошқа турда қўллаб-қувватлаш белгилаб қўйилган. Шунингдек, давлат органлари фаолиятининг ижтимоий институтлари ва бевосита фуқаролари томонидан жамоатчилик асосида назорат қилиниши принципи қонун билан мустаҳкамланган.

Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида” ги Қонунида қуйидагилар белгилаб қўйилган:

ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг мақсади, вазифалари, принциплари ва асосий йўналишлари;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан боғлиқ асосий тушунчалар;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси асосий субъектларининг рўйхати ва уларнинг ваколатлари;

умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик чораларни ўз ичига қамраб олган ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг тизими ва уларни амалга ошириш тартиби;

ички ишлар идораларининг профилактик ҳисобини амалга ошириладиган шахслар тоифаси ҳамда уни амалга ошириш асослари ва тартиби;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектларининг мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг кафолатланиши;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектларининг фаолиятини молиялаштириш ва моддий-таъминлаш масалалари.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, қонуннинг қоидалари жиноятчиликка қарши кураш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги амалдаги қонунчиликни модернизация қилишга қаратилган. Қонун давлатнинг демократик ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш стратегиясига уйғун бўлиб, миллий хавфсизликка нисбатан юзага келаётган янги таҳдидлар ва хавф-хатарларнинг олдини олишга хизмат қилади. Ўз навбатида қонуннинг қабул қилиниши давлат тузилмалари билан турли жамоатчилик институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг барча босқичларида уларнинг механизмини такомиллаштириш имконини беради, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида қўлланиладиган чораларнинг узвийлигини таъминлайди, тизимини мустаҳкамлайди.

Мавлуда АЛИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: