Қишлоқнинг гавҳар дояси

Нега менинг бувимни қишлоғимиздаги кўпчилик амаки-ю холалар “бизнинг момомиз” дейишади. Ўғлим болалар билан футбол ўйнаётганида маҳалламиздаги Сабоҳат хола уни олдига чақириб “Сен Гавҳар опамнинг неварисимисан, вой, ширинтой, бахтли экансан. Бувинг қишлоғимизнинг ҳақиқий исми жисмига монанд Гавҳари эди. Менга яхшиликлари кўп ўтган” – дея бир ҳовуч туршак бериб юборибди.

– Нега менинг бувимни ҳамма яхши кўради. Ўзларининг бувилари бўла туриб, “Гавҳар момо – менинг бувим” дейишади?

 Шу баҳона қишлоғимизда каттаю-кичикнинг онажонимнинг эъзозлашлари сабабини ўғлимга айтиб бердим.

Онам – Гавҳар Абдулла қизи  ўтган асрнинг 50-йилларида хизмат тақозоси билан қишлоғимизга доя бўлиб келган экан. Шу-шу  тақдир у кишини қишлоқда олиб қолди. Отам билан бирга бахтли турмуш қуришиб, етти ўғил, уч қизни вояга етказиб, уйли-жойли қилишди. Оиладаги ҳамма фарзандлар ўқимишли, ўз мутахассислиги бўйича хизмат қилишаяпти.

  Кексаларнинг айтишларига қараганда, 1950-1960 йилларда қишлоқда саноқли шифокор бўлган экан. Улар узоқ шаҳарлардан ишга юборилган. Бир неча йил дўхтирлик қилгач, яна шаҳарга кўчиб кетишган. Қарлиқ, Қатағон, Месет каби атроф қишлоқларда ҳам бирорта шифокор бўлмаган. Шунинг учун ҳам ўша ҳудуддаги соғлиқни сақлаш тизимидаги барча муаммоларни ечиш онажоним  – Гавҳар дўхтирнинг зиммасида бўлган. Ўша пайтларда кенг тарқалган касалликлар билан оғриган беморларни туман ёки вилоят марказларидаги шифохоналарга олиб бориб ётқизиш имконияти бўлмаган. Беморлар фақат ўз уйларида ёки қишлоқдаги унча шароити бўлмаган касалхонада даволанишган. Ҳомиладор аёллар ҳам туғруқхона нималигини билишмаган.

– Ҳеч эсимдан чиқмайди, – дея бизларга сўзлаб беради Рафоат опам, – эндигина беморга укол қилиб келган онам тандирга нон ёпишга шошиларди. Шу заҳоти ҳамқишлоқлардан  бири  ҳовлимизга келиб, хотини оғироёқ эканлигини айтса, яна бири ўғли ёки қизининг ҳарорати кўтарилиб кетганлигидан шикоят қилиб, “Жон опа, тезроқ бормасангиз бўлмайди” дея илтижо қилишарди. Онам ноилож нон ёпишни қўшни хотинга, сигир соғишни бизларга тайинлаб, шошилинч ёрдамга ошиқарди. Кун бўйи ишдан ҳориб келган онам бўш вақт топилди, дегунча меваларни саралаб, мураббо тайёрлаш , кир ювиш, овқатга уннаш, хуллас, рўзғорнинг минг бир ташвишига кўмилар эди. Шу заҳоти қайси бир қишлоқдошимиз нажот излаб келарди. Бу ҳолат йил ўн икки ой, хоҳ қишнинг изғиринли куни бўлсин, хоҳ ёзнинг жазирама иссиғи, тез-тез кузатиларди. Чунки, “Иссиқ жоннинг иситмаси” вақт танламайди.

Яна ўқинг:  MАЪРИФАТГА ЧОРЛОВЧИ МАСКАН

Ҳамқишлоғимиз раҳматли Мамат амаки Қодиров бир куни шундай гурунг берганди:

– Гавҳар опам фарзандларимни туғилишига жуда катта ёрдам берган эди. Ўшанда иқтисодий жиҳатдан оғир йиллар эди. Хотинимни дард тутганида Гавҳар опамни  пиёда  олиб келардим. Мана энди  машиналик ҳам бўлдим. Аммо у кишини машинага миндириш насиб этмади.

Яна бир қишлоқдошимизнинг айтишича унинг рафиқасининг ой-куни яқинлашганда мотоциклга онамни миндиради-да, шошилинч уйига йўл олади. Айни уйига яқинлашганда не кўз билан кўрсинки, йўлда самосвал шағал ағдарган экан.

Мотоцикл шағал дўнглигига урилди. Қарасам анча нарига учиб тушибман. Ҳовлиққанча Гавҳар опамни қидирдим. Уст-бошлари қумга беланган опа ёнимга келиб “Тезроқ юринг, ахир келиннинг аҳволи нима кечди?!” деганча уйимизга шошилди.

Бу ирода, куч-қатъият у кишида қаердан пайдо бўлди?! Менимча шифокорлик масъулияти инсонни фидойиликка ундайди. Ҳанузгача ўйлаб-ўйимга етолмайман, –дейди қўшнимиз.

Онажоним ҳақидаги бундай илиқ сўзларни кўпчиликдан эшитиб, беихтиёр қалбим ғурурга тўлади. Меҳрибоним саксон йил умр кўрди. Ҳаётлик пайтларида  қишлоқдошларимиз ўзларининг Гавҳар момоларидан бирров ҳол-аҳвол сўрашгани келишарди.

– Гавҳар момо менга, опа-сингилларимга, кейинроқ, йиллар ўтган сайин фарзандларимизга, қолаверса, невараларимизга ҳам доялик қилган, дейишади қишлоқ кексалари.

Ҳа, ҳалол меҳнат қилган инсон эл ичра эъзоз топаркан. Уч авлод дояси бўлган онажоним ўнлаб шогирдларга устозлик қилди. Бугунги кунда улар 30 минг нафардан ортиқ аҳолиси бўлган Касби туманидаги Майманоқ қишлоғи аҳлига тиббий хизмат кўрсатиб, эл олқишини олишаяпти. Шогирдлари орасида онажонимнинг севимли набиралари Лобар, Гулноза ва Мадина ҳам бор.  

  • Гавҳар опам билан бизлар жуда қийин шароитда ишладик. У кишидан кўп нарса ўргандим. Касбга садоқат, муомала маданияти, одамларни ҳурмат қилиш… Бу фазилатлар шифокор учун жуда муҳим. Ҳозирги ёш шифокорларга яратиб берилаётган имконият ва шароитларга ҳавасим келади. Шошилинч тиббий ёрдам учун замонавий, ҳар жиҳатдан қулай автомашиналар хизматда. Бир пайтлари отлиқнинг ҳам тушига кирмаган компьютерлар, тиббий жиҳозларни айтмайсизми? Энди фақат сидқидилдан ишлаш керак, – дейди узоқ йиллар эл соғлиғи йўлида хизмат қилган меҳнат фахрийси Рисолат опа Абилова.

Йигирма йилдан ошдики, қишлоғимизда бир нечта врачлик амбулаториялари, шифохона, санаторий фаолият кўрсатиб келаяпти. Улар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

Яна ўқинг:  Нонли “лаваш”

Ҳа, мамлакатимизнинг барча гўшалари қатори бизнинг қишлоқ ҳам кундан-кунга гўзаллашиб бораяпти.

– Шукроналар бўлсинки, истиқлол туфайли бахтли, шодумон кунларни кўриш насиб этди. Биргина бизнинг қишлоқда шунчалик ўзгариш-а. Илоҳим, эл-юрт ҳамиша тинч, омон бўлсин. Ҳур диёримиз – Ўзбекистонимизга кўз тегмасин. Ҳар бир инсон фарзандлари бахтини кўрсин! – деган  сўзни онажоним бот-бот такрорлар эди. Бу сўзлар ҳануз қулоғим остида жаранглайди. 

Тиббиёт соҳасидаги ижобий ўзгаришларни,  ютуқларни кўрганимда  кўз ўнгимда  беихтиёр  онажоним – Гавҳар дўхтир сиймоси намоён бўлади. Гўёки онажоним нафақат менга балки, ҳамқишлоқларимизга ҳам  меҳр билан боқиб турганга ўхшайди.                                                                

                                                              Абдулла АЙИЗОВ,

Қашқадарё вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: