Осойишта юртнинг бозорлари
эл дастурхони тўкинлиги халқнинг тинч-тотув ҳаётидан даракдир
Бугун юртимизнинг барча гўшалари яшил либосга бурканиб, ўзининг бетакрор кўрку жамолини намоён қилаётган, айниқса, кўклам нафаси уфурган сайин дилларда меҳр-оқибат, саховат, мурувват каби эзгу фазилатлар, яратувчанлик ишқи жўш урган шу нурафшон кунларда барчамиз орзиқиб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда. Зеро, Наврўз ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик миллий қиёфамиз, бетакрор урф-одатларимизнинг бетакрор ифодасидир.
Ҳа, Наврўз баҳорнинг энг оммавий ва қадимий байрамларидан ҳисобланади. Авваллари қишдан силласи қуриб чиққан халқ айни шу даврни “илик узилди” дея таърифлаган. Истиқлол йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида эса бу ибора тилдан қолиб бормоқда. Боиси қишлоқ хўжалиги тизимидаги серқирра ўзгаришлар жараёнида бозорларимиз тўрт фаслда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари сархил мева-сабзавотлар билан тўлдирилмоқда. Тошкент вилояти “Паркент деҳқон бозори” МЧЖдаги тўкинлик ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Ҳилола Рўзибоева,
Паркент агросаноат ва касб-ҳунар коллежи талабаси, харидор:
– Бозорга тез-тез савдо қилишга келиб турамиз. Бозор майдони, дўконлар биз харидорларнинг талабига жавоб берадиган даражада кундан-кунга кенгаймоқда, зарур ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдирилмоқда. Албатта, бу бозор маъмурияти томонидан олиб борилаётган ишларнинг натижаси, деб ўйлайман. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатли, нархи ҳам чўнтакбоп.
Тошкент вилоятида бугунги кунда 18 та бозор халққа хизмат кўрсатаётган бўлса, шулардан тўрттаси ўтган йилги молиявий фаолияти якунлари бўйича юқори кўрсаткичларга эришгани боис Наврўз байрами арафасида “Тошкентвилоятбозорсавдо” уюшмаси томонидан фахрий ёрлиқ билан мукофотланди. Ғолиблар сафида 2014 йилда 324 миллион сўм соф фойда билан чиққан “Паркент деҳқон бозори” МЧЖ маъмурияти ҳам бор. Бунинг боиси қатор йиллардан буён бозор ўзининг тўкин-сочинлиги, тоза ва озодалиги, ҳушмуомала сотувчилари билан харидорларни ўзига чорлаб келмоқда.
– Белгиланган иш режасини яхши даромад билан якунлаганимиз боис Наврўз байрами арафасида бозор маъмурияти томонидан ишчи-ходимларга мукофот пули ажратилди. Туман аҳолиси учун байрам дастурхони ёзилди. Ўз меҳнат фаолияти давомида фаоллик кўрсатган ходимларга бозор маъмурияти томонидан “Ташаккурнома” ва байрам совғалари топширилди. Шу қаторда Паркент тумани “Нуроний” жамғармасига, туман “Кўзи ожизлар” жамиятига, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари бериб боришни йўлга қўйганмиз, – дейди “Паркент деҳқон бозори” МЧЖ раҳбари Аҳрор Саидмуродов.
Мазкур ташкилотдаги муҳит билан танишиш давомида ўзаро ҳамжиҳатлик бўлган жойда иш унумли, ризқ мўл ва баракали бўлишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Айниқса, озодаликка, шахсий гигиена қоидаларига катта эътибор бериладиган бу даргоҳда савдо ходимлари учун ҳар олти ойда тиббий кўрик ташкил этилган. Сут ва гўшт ҳамда мева-сабзавот маҳсулотлари доимий санитария-гигиена назоратидан ўтказилади.
Музаффар Рўзимов,
хўжалик ишлари бўйича иш юритувчи:
– Энг аввало бозор маъмурияти биноси капитал таъмирдан чиқарилиб, ходимлар учун иш шароити яратилди. Иш вақтида ходимларнинг бир-бирига халақит бермасликлари учун алоҳида хоналар ажратилган.
Бозорда баҳорги кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам яхши йўлга қўйилган. Бир гектар ерга турли гуллар, манзарали дарахтлар экиш режалаштирилмоқда. Аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида тиниб-тинчимас, янгиликка интилувчан А. Саидмуродов суҳбатимиз давомида дастурга киритилган “Гулбоғ” қўрғонида 20 та иш ўрнига мўлжалланган томат ва консерва маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхона ҳамда “Навбаҳор” қўрғонида яна бир кичкина улгуржи савдо қилишга мўлжалланган бозорча очиш ниятини билдирди.
Бозордаги 466 та растада 600 нафар кишининг савдо қилишини инобатга олганда барчанинг бошини бирлаштириш, уларга бош-қош бўлиш учун тадбиркорлик ва тажриба талаб этилади. Айни дамда бозор маъмуриятида ўттизга яқин ходим фаолият олиб боради. Асосийси барчанинг кўнглига йўл топа олиш учун ёши улуғ устозлар тажрибасига таянган ҳолда ходимлар билан бамаслаҳат иш юритиш зарур.
Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА