Интилиш ва ҳаракатнинг натижаси фақат ғалаба бўлади

Касбим тақозоси билан бундан бир неча йил аввал Дурдона исмли аёл билан танишиб қолдим. Суҳбат асносида у 4 ёшга тўлмаган Шоҳжаҳон исмли ўғли таэквондо спорт турига қатнаша бошлаганини, ҳозир фарзанди мусобақа олдида турганини таъкидлади. Лекин опа ўғлининг бироз қатъиятсизлиги, бўй-басти ҳам ёшига нисбатан кичиклигидан хавотирга тушаётганини айтиб ўтди. “Ҳаммаси яхши бўлади”, дея онанинг кўнглига таскин бергандим, ўшанда.

Орадан йиллар ўтди. Кунларнинг бирида таҳририятимизга эгнида спортчилар либоси, елкасида эса чемпионларнинг катта сумкасини илиб олган ўша “қатъиятсиз” болакай – Шоҳжаҳон кириб келди. Энди у анчагина улғайган, бўй-басти келишган, ҳаракатлари ҳам дадил эди. Ортидан ўша таниш чеҳра – Дурдона опа кўринди.

Мунтазам ва қатъият билан олиб борилган спорт машқлари кишининг нафақат ташқи кўриниши, балки унинг феъл-атворига ҳам ижобий таъсир этишини Шоҳжаҳон мисолида кўриб, бунга яна бир амин бўлдим. Дурдона опанинг айтишича шўх, қулоғига гап кирмайдиган ўғли энди интизомли, вақтдан унумли фойдаланадиган тартибли болага айланибди.

– Фарзандни спортга қизиқтириш, уни мунтазам машғулотларга қатнашишини назорат қилиш бироз мушкул. Айниқса, ота-она кун давомида меҳнат фаолияти билан банд бўлса, бу вазифа янада қийинлашади. Аммо тартиб ва қатъият, мақсад сари интилиш масъулияти барча муаммоларни енгишга ёрдам беради, – дейди Шоҳжаҳоннинг онаси.

Дурдона опанинг сўзларини тинглаб, юртимизда ўз фарзанди келажагига ғамхўр оналарнинг сафи кенгайиб бораётганлигини ўйлаб, ич-ичимдан севиндим.

Шоҳжаҳон бугунга қадар мамлакатимизда ўтказилган кўплаб мусобақаларда совринли ўринларга сазовор бўлди. Ушбу ғалабаларнинг қўлга киритилишида устози Ҳумоюддин Иброҳимхўжаевнинг хизматлари беқиёс. Зеро, устоз талабчан ва маҳоратли бўлса, шогирдларининг эришган ютуқлари ҳам шунга муносиб бўлади.

Шоҳжаҳоннинг кўксини тўлдириб турган шода-шода медаллар ўзига бирам ярашган. Унинг айтишича, ҳали мусобақалар олдинда. Келажакда қитъа ва жаҳон биринчиликлари, ёзги Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб, юртимиз байроғини кўкларга кўтаришни мақсад қилган. Биз Шоҳжаҳоннинг бу улкан орзулари ушалишига тилакдошмиз.

В. ПЎЛАТОВА

Яна ўқинг:  Тарбия ҳамжиҳатлик талаб этади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: