Фахрийларга машина олиш учун имтиёзли сертификат топширилмоқда

Қашқадарёда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, ёшлар Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийлари хонадонида бўлиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоқда, кўнгилларини кўтариб, уй юмушларига кўмаклашмоқда.

Президентимизнинг шу йил 4 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ҳамда «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз уй-жойига эга бўлмаганларга турар жой ажратиш каби эзгу ишлар амалга оширилмоқда. “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган замонавий автомобилларни бир марталик навбатсиз сотиб олиш ва уларга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификатлар тантанали равишда топширилмоқда.

– Инсон тарихий хотира туйғуси билан барҳаёт, – дейди “Нуроний” жамғармаси Қашқадарё вилояти бўлими раиси Январь Иноятов. – Уруш йилларида вилоятимиздан 47 мингдан ортиқ фуқаро, жумладан, 96 хотин-қиз жанггоҳларда иштирок этган. Уларнинг ярмидан кўпи ортга қайтмаган. Айни пайтда вилоятда 120 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳаёт. Уларга доимий равишда тиббий ва моддий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Ногиронлик аравачаси ва бошқа зарур воситалар ажратилиб, соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилмоқда. Бу каби эзгу ишлардан фахрийларимиз мамнун бўлиб, юртимиздаги тинчлик-осойишталик бардавом бўлиши, халқимиз фаровонлиги янада юксалишини сўраб, дуо қилмоқда.

Қарши шаҳрининг Қарлиқхона маҳалласида яшовчи Хўжақул бобо Жўраев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. Урушда беш марта оғир жароҳат олган. Урушдан қайтиб, турли соҳаларда ишлаган. 92 ёшни қарши олаётган Хўжақул бобо бугун фарзандлари, набираю эваралари ардоғида. Урушда орттирилган жароҳатлар битиб кетди, аммо унинг даҳшатли хотиралари ҳамон қалбини тирнайди, кўнглига оғриқ солади. У кунларни эслар экан, нуроний чеҳрасига маъюслик чўкади. Кўзларига ёш қалқади… Бугунги дориломон кунларга шукрона келтиради…

– Юртимиз доим тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, – дейди Хўжақул бобо. – Биз каби фахрийларга кўрсатилаётган доимий ҳурмат ва эътибор учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз. Кўпдан бери ҳаж сафарига боришни ният қилиб юрар эдим. Худо хоҳласа, орзуларим ушаладиган бўлди. Президентимизга минг раҳмат.

Хўжақул бобо хонадонига ташриф буюрган вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар вакиллари отахонга Президентимиз номидан имтиёзли сертификат ва қимматбаҳо совғалар топширди.

Яна ўқинг:  “Имом Бухорий” давлат мукофоти таъсис этилади

Шу маҳаллада яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рашид бобо Умиров ва унинг оила аъзолари ҳам бу каби юксак эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. Рашид бобога ҳам сертификат, пул ва совға-саломлар тантанали равишда топширилди.

Бундай тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

 

Ў.БАРОТОВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: