“САЛОМАТЛИК ПОЕЗДИ” НАВОИЙДА

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар аҳоли саломатлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларда намоён бўлаётгани эътиборга лойиқ. Ана шундай эзгу ишларни амалга ошириш борасида қатор йиллардан буён республикамиз бўйлаб сафарда бўлаётган “Саломатлик поезди” навбатдаги фаолиятини жорий йилнинг 23-30 март кунлари Навоий вилоятида давом эттирмоқда.

“Соғ­лом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акционерлик компанияси ҳамкорликда амалга ошираётган мазкур акция давомида вилоятнинг “Тинчлик-Конимех-Қарақата-Мустақиллик-Бузоубой-Учқудуқ II”­ йўналишларидаги аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда. Дастлаб “Тинчлик” станциясига келиб тўхтаган “Саломатлик поезди”нинг пойтахтдан келган тажрибали шифокорлари Кармана, Навбаҳор, Нурота, Қизилтепа туманлари аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказиб тегишли тавсиялар беришди. Айниқса, поезднинг мавжуд УТТ, ЭКГ каби замонавий тиббий ускуналарида аҳолининг кўрикдан ўтказилиши аниқ ташхис учун қулайлик яратди.

– Бу ерга фарзандларим Тўмарис ва Исломжонлар билан келгандим, – дейди Дилором Ғаффорова. – Тиббий кўрик сифатли ташкил қилингани боис соғлом турмуш тарзига амал қилиш борасида ҳам кўплаб маслаҳатлар олдим. Айниқса, малакали мутахассис, окулист Улуғбек Икромовдан кўзни асраш, уни чанг ва қуёш нурларидан ҳимоялаш борасидаги тавсиялари тиббий саводхонлик борасида билимини бойитди.

– Қон босимим ошиб, тез-тез бетоб бўлиб қолардим, – дея таъкидлайди Раъно Жўраева. – Соғайишим учун зарур бўлган дори-дармонларни олганимдан хурсандман. Шунингдек, “Саломатлик поезди” да болаларимга ҳам керакли дори-дармонлар бор экан.

– Эрталаб саккиздан кеч олтигача бўлган вақтда юзлаб хотин-қизларни тиббий кўрикдан ўтказаяпмиз. Касаллик аломатлари сезилганда йўлланма асосида тиббиёт муассасаларига даволанишга жўнатаяпмиз. Қувонарлиси, аёллар орасида ўтган йилга нисбатан кўп учрайдиган камқонлик, бепуштлик касалликлари анча камайган,– дейди гинеколог Дурдона Султонова. “Саломатлик поезди” акцияси давомида кам таъминланган, фертиль ёшидаги хотин-қизлар ва 12 ёшгача бўлган болаларга бепул дори-дармонлар, санитария-гигиена воситалари, кийим-кечаклар, озиқ-овқат маҳсулотлари бепул тарқатилмоқда.

Эл саломатлиги йўлидаги бу эзгу ишлар инсонпарварлик намунаси сифатида эътирофга лойиқдир. Зеро, Ўзбекистон Республикаси бўйлаб кезаётган “Саломатлик поезди” яна неча минглаб юртдошларимиз дардига дармон бўлиб қувонч ҳадя этиши шубҳасиз.

Зулфия БОБОЕВА,

Абдумутал НОРБОЕВ,

Навоий вилояти

Яна ўқинг:  Саломатлик йўлидаги ҳамкорлик

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: