Асаб касаллиги – аср хасталиги
Бугунги суҳбатдошимиз умрининг деярли 50 йилини тиббиёт соҳасига бағишлаган невролог олим, академик Мақсуд АСАДУЛЛАЕВ бўлди. Суҳбатдошимиз асаб тизими ва унинг фаолиятидаги бузилишларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири хусусидаги саволларимизга қуйидагича жавоб берди:
– Суҳбатимиз аввалида асаб касалликларининг пайдо бўлиш тарихи ҳақида маълумот берсангиз.
– Мигрень(бошни ярмининг оғриши – шақиқа), бош оғриғи ва улар билан боғлиқ асаб касалликлари инсоният тарихида илк бор эрамиздан аввалги 5000 йилликда қайд этилган. Ўша пайтдаги табиблар ибтидоий даражада бўлса ҳам бу хасталикка шифо излаб, баҳоли қудрат мижозни даволаш билан шуғулланганлар. Эрамиздан аввалги ХVI асрда эса асаб касалликларидан шифо топиш учун 900 дан ортиқ рецепт ва тавсиялар мавжуд бўлган.
– Биламизки, асаб хасталигига дучор бўлган бемор бирдан депрессия (тушкунлик)га тушади. Мутахассис сифатида бу ҳолатни қандай изоҳлайсиз?
– Тиббиёт экспертларининг маълумотига кўра шифокорларга мурожаат этувчи беморларнинг 70 фоизи, асосан, бош оғриғи, доимий депрессия, руҳий сиқилишлар, қўрқув, хавотир, ўткир ҳамда сурункали стресс (руҳий зўриқиш)га дучор бўлишади. Ҳаттоки, тиббиёт илмининг тамал тошини қўйган буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ҳам “Мия – бу тафаккур маркази. У эшитиш, кўриш, ҳид билиш, татиб кўриш, қувончни етказувчи сезгиларни идрок қилувчи аъзодир. Сезгидан фикр, ундан эса билим пайдо бўлади. Инсон аъзои бадани бошқа қисмларининг фаолияти миянинг ҳолатига боғлиқ. Мия меъда, жигар ва бошқа аъзолар билан мунтазам алоқада бўлади” деган эди.
Қисқаси, бош мия инсон танасининг қўмондонидир. Ҳар қандай хасталикнинг пайдо бўлиши, унинг ривожланиши ва хуружи оқибатида кишининг асабларида ўзгариш сезилади ҳамда ўз асоратини қолдиради.
– Кексаларда асаб билан боғлиқ касалликлар кўп учрайди. Бунинг сабаби нимада?
– Одамзотнинг ўтган умри давомидаги яхши-ёмон даври, мусибатли ёки қувончли пайтлари асаб толаларида муҳрланиб қолади. Ҳаттоки, болалик ва ўсмирлик чоғида унинг бошидан кечирган менингит(бош мия пардасининг яллиғланиши), мия чайқалиши, бош суякларининг жароҳатланиши, аёлларнинг туғруқ пайтидаги азоблари ёки ирсият билан боғлиқ генетик касалликларнинг асоратлари қўзғалиши туфайли ҳам ёши улуғ кишиларда асаб хасталиги пайдо бўлиши мумкин. Албатта, бундай пайтларда невропатолог кўрсатмасига амал қилиш зарур.
– Ҳозирги кунда ёш болалар ҳам бош оғриғидан шикоят қилишлари қулоққа чалинади…
– Бош оғриғи алоҳида касаллик бўлмай (оғриқнинг сабабини таҳлил қилиб ўрганиш лозим), бир ёки ундан ортиқ жиддий хасталикларнинг илк аломатлари бўлиши мумкин.
Бош мия ўз-ўзидан касалланмайди. Чунки, унинг тўқималарида оғриқ бўлмаса ҳеч қандай рецепт ҳам берилмайди. Мия томирларидаги хасталиклар асосан мия ости пўстлоқ қобиғида, мушаклар, юз, бўйин ва бош қисми лат еб, шикастланганда ҳамда организмда заҳарли моддалар кўпайганда тез-тез хуруж қилади.
– Стресс(руҳий зўриқиш), жазавага тушиб асабийлашганда пайдо бўладиган иллатлардан халос бўлиш учун нималарга эътибор бериш керак?
– Инсон ўз аъзои баданида юз бериши мумкин бўлган хавф-хатарларни ва ожизликларни олдиндан кўра билиши керак. Ўз сиҳати қандайлигини ақл-идроки билан муҳокама қилиши лозим. Стресслардан иложи борича узоқроқ юришга ҳаракат қилиши даркор. Инсон ўз ақли билан уларни енга олсагина, юз ёш билан юзлашганда ҳам ўзини бардам сезиб, навқиронлик давридаги каби ақлий ва жисмоний қувватга эга бўлиши мумкин.
– Уйқунинг инсон ҳаётидаги ўрни ва ҳордиқ чиқаришнинг муҳимлиги тўғрисида ҳам сўз юритсангиз.
– Уйқу – бу инсон организми учун энг зарур физиологик жараён бўлиб, толиққан мия дам олиш пайтида озуқа олади. Умримизнинг учдан бир қисми ҳордиқ чиқаришга ажратилган. Демак, тунда 8 соат давомида тиниқиб ухлаш лозим. Бироқ, ҳамма ҳам бу тартибга риоя этавермайди.
Беморларга дам олишдан ярим соат олдин сайр қилиб, танани кислородга тўйдириш ва асабни тинчлантиришни тавсия қиламан. Ухлашдан аввал бир пиёла қатиқ ичиш ичаклар ҳаракати учун жуда фойдали. Мириқиб ҳордиқ олиш эса организмга куч бағишлайди.
Яхши дам олган киши эса икир-чикир ташвишларга парво қилмайди. Уйқуси чала бўлган одам эса эртаси куни ҳолсизланиб, паришонхотир бўлади. Унинг боши зўриқиб оғрийди. Абу Али ибн Сино “Тунги икки соатлик бедорликнинг ҳиссасини кундузги беш соатлик уйқу қопламайди”, деган эди.
Иш тартибининг бузилиши, шунингдек, компьютерда кўп ишлаш ҳамда уяли алоқа воситаларидан ҳуда-беҳудага фойдаланиш ҳам бош мияга салбий таъсир этади ва асаб тизимининг таранглашишига олиб келади. Шунинг учун ишда ҳам меъёрга амал қилиш зарур ва ўз вақтида ухлаш мақсадга мувофиқдир.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Туронбека ШАРОФУТДИНОВА
суҳбатлашди.