Ниҳол парвариши – энг хайрли иш

Куни кеча санъат соҳасида самарали ижод қилаётган бир гуруҳ истеъдодли ёшларга «Ниҳол» Давлат мукофоти топширилди. Тақдирланганлар орасида ёш эстрада хонандаси Шерзод Ортиқов (Шерзодбек)нинг ҳам борлиги мухлисларни қувонтирди.

Қуйида мухбиримизнинг Шерзодбек ҳамда унинг онаси Туҳфанисо Ортиқова билан кечган суҳбатини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Мухбир: Шерзодбек, аввало, мукофот муборак бўлсин! Энг улуғ, энг азиз байрам олдидан бу яна ҳам завқли, яна ҳам ҳаяжонли бўлса керак. Бугун мамлакатимизда ёшларга жуда кенг имкониятлар яратиб берилмоқда ва ўз ўрнида рағбатлантирилмоқда. Сиз мана шу рағбатдан баҳраманд ёшлардан бири – давлатимизнинг нуфузли «Ниҳол» мукофоти сов­риндорисиз…

Шерзодбек: Раҳмат. Чиндан ҳам бугун юртимизда биз ёшларга катта имкониятлар яратиб берилмоқда. Санъат соҳасида, спортдами, барчасида бу юксалишни кўриш мумкин. Ўтказилаётган танловлар, мусобақаларнинг ҳаммаси ёшларнинг истеъдодларини рўёбга чиқаришга қаратилган. Биргина спортнинг ўзидан мамлакат миқёсида ўтказилаётган уч босқичли спорт ўйинлари – «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва «Унверсиада» спорт мусобақалари қанча-қанча спортчи ёшларни кашф этди. Шу каби «Ниҳол» мукофоти учун ўтказилаётган танловларда ҳам кўплаб иқтидорли ёшларнинг орзу-умидлари ушалмоқда. Фақат тинчлик ҳукмрон, осмони мусаффо юртда байрамлар бўлади, танлов ва мусобақалар ташкил этилади, мукофотлар берилади. Юртимизга кўз тегмасин!..

Ушбу нуфузли мукофот учун ўтказилган танловга қадар «Ягонасан, муқаддас Ватан!» республика танлови, «Марди майдон» қўшиқлар фестивалларида иштирок этганман. Ўзбекистон давлат консерваторияси қошидаги академик лицейда ўқиб юрган кезларим «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмасининг махсус стипендиясига сазовор бўлганман. Ўтган йилларда «Ниҳол» мукофоти учун ўтказилган танловларнинг саралаш босқичларида қатнашганман.

Мухбир: Халқимизда «устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар», деган ажойиб нақл бор. Бунинг исботини айрим ёш ижрочиларнинг «ижод»ида кўрамиз. Сизда аксинча, болалигингиздан бугунги кунгача ҳам мусиқа илмини ўрганиб келмоқдасиз. Устозларингиз ҳақида сўзлаб беринг.

Шерзодбек: 1-синфдан Глиер номидаги мусиқа мактабида ўқиганман. Устозим Мурод ака Тошмуҳамедовдан ғижжак мусиқа асбобида куй ижро этишнинг сир-асрорларини ўргандим. У киши биринчи бўлиб қўлимга соз ушлашни ўргатди. Академик лицейда ҳам ғижжак йўналишида сабоқ олдим. Устозим Ўткир Қодиров шу йўналишда бор билим ва маҳоратини ўргатди. Академик лицейни тамомлаётган кезлар устозларим овоз имкониятларимни синаб кўриб, Консерваториянинг опера йўналишига ҳужжат топширишимни тавсия этишди. Имтиҳонлардан юқори баллар тўплаб, Ўзбекистон давлат консерваториясида опера йўналишида таҳсил олдим. Устозим Эгамберди Турсуновдан ушбу санъат сирларини ўргандим. Энг қувонарлиси, устозим ҳаётда ҳам маслакдошим бўлди.

Яна ўқинг:  Ёш саёҳатчилар – Бухорода

Мухбир: Истеъдоднинг юзага чиқишида оиладаги муҳит муҳим рол ўйнайди. Биламизки, оилангиздагилар санъатга бегона эмас. Истеъдод, сизнинг назарингизда қандай тушунча?

Шерзодбек: Оиламизда барча санъатга қизиқади. Дадам (раҳматли) бошқа соҳада фаолият юритган бўлса-да, рубобда маромига етказиб куй ижро этган ва қўшиқ куйлаган. Онам ҳам қўшиқчилик соҳасида ижод қилади. Хал­қимизнинг анъаналари – фольклор қўшиқларни маромига етказиб ижро этади. Санъат соҳасида муваффақиятларга эришишимда устозларим қатори, албатта, онамнинг ҳам ўрни бор. Синглим ҳам мусиқа мактабида таҳсил олган. Аммо у санъатнинг бошқа йўналишини танлади. Ҳозирда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида таҳсил олмоқда.

Назаримда истеъдод инсоннинг ўзи билан бирга дунёга келади. Бир матбуот нашрида ўқиган эдим, ҳар бир бола истеъдод билан дунёга келар экан. Фақат уни ота-она ўз вақтида аниқлаб, боланинг қизиқишларини йўналтириши лозим, деб ёзилган. Мен ота-онамдан миннатдор бўламан, қўллаб-қувватлагани, қўлимдан тутиб мусиқа мактабига олиб боргани учун…

Мухбир: Ижодингизни доим кузатиб бораман, қўшиқларни жонли овозда ижро этасиз. Кўплаб ёш эстрада хонандаларида бунинг аксини кўриш мумкин. Бугун тобора тақчил бўлиб бораётган жонли овозда қўшиқ куйлаш борасида қандай фикр билдирасиз? Ўзингиз қайси ҳолларда фонограммадан фойдаланасиз?

Шерзодбек: Асл хонанда, албатта, жонли ижрода қўшиқ куйлаши керак. Лекин бу ҳамманинг хоҳиши. Бу борада таҳлилий фикр билдиришга ҳали тажрибам етмайди, деб ҳисоблайман. Ҳатто тўй-ҳашамларда ҳам фонограммадан фойдаланаётган ҳамкасбларимни кўриб, танамга сиғдира олмайман… Билмадим, элнинг ишончи санъаткорга энг юксак баҳо, менимча…

Оммавий тадбирларда, телевидение ва радиода фонограммадан фойдаланаман.

Мухбир: Ўспиринлик палласи – организмда ўзгариш даври. Жумладан овоз соҳасида ҳам. Бу пайтда баланд пардаларда қўшиқ куйлаш овоз соҳасида нуқсон келтириб чиқариши мумкин. Улуғ санъаткорларимиз ўтиш даврида овозни зўриқтирмасдан, мусиқа асбобларида куй ижро этишни ўрганган экан, ҳозир ҳам бунга амал қилинадими?

Шерзодбек: Ўсмирлик давримда академик лицейда таҳсил олардим. Ўша кезлар қўшиқ куйламаганман, бу албатта устозларимнинг кўрсатмаси билан амалга ошган. Ғижжак созида куй ижро этишни мукаммал ўрганганман. Саҳнада қўшиқ куйлаётган ҳар бир санъаткор бирор созни маромига етказиб чала олиши керак.

Мухбир: Бугун ёши улуғлар «ҳозир ёшлар китоб ўқимайди», деган гапни кўп такрорлайди. Бу фикрга муносабатингиз…

Шерзодбек: Барча ёшларни номидан фикр билдира олмайману, аммо мен ижодкорман. Бўш қолган пайтларимда матбуот нашр­лари ва бадиий китобларни ўқиб тураман. Онам ҳам, устозларим ҳам болалигимдан шунга ўргатган. Айниқса, шеърий китоб­ларни онам билан бирга мутолаа қиламиз. Яхши шеър чиқса, у албатта, қўшиқ бўлади.

Яна ўқинг:  Кўзлар рангида яширин сирлар

Яна бир гап, мусиқа мактабида ўқиб юрган кезларим шеърлар ҳам қоралаб турардим. Сўнгра қўшиқ қилиб хиргойи қилардим.

Ука-сингилларимга шуни тавсия қилар эдимки, китоб ўқиган одамнинг ўз фикри, муносабати бўлади. Фикри борнинг сўзи бутун бўлади. «Ҳозир ёшлар китоб ўқимайди», деган «катта»ларнинг самимий танбеҳлари бир тарафлама қараш. Ҳозир юртимиз ёшлари кўплаб соҳаларда дунёни лол қолдирмоқда. Масалан, спортда, мусиқа, рассомлик, аниқ фанлар йўналишида халқаро фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этмоқда.

Мухбир: Туҳфанисо опа, сизга ҳам мукофот муборак! Она учун фарзанднинг бахту камолини кўриш, унинг ортидан илиқ сўзларни тинглашдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Шундай эмасми?

Туҳфанисо опа: Раҳмат! Бу кунлар менинг осмон орзуларим эди. Баъзан йиғлаб кутганман. Халқимиз фарзандлари барчаси истеъдодли, иқтидорли. Менинг фарзандларим ҳам улар қаторида ўқиб, изланиб, ўз устида ишлаб муваффақиятларга эришмоқда. Ўғлим Шерзодбекнинг ижоди, истеъдодини юқори баҳолаб нуфузли «Ниҳол» Давлат мукофоти билан тақдирлаганидан бағоят мамнун бўлдим.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, элнинг турмуши обод, жумладан ёшлар учун ҳам барча шарт-шароитлар муҳайё. Она сифатида фарзандларимнинг юртимизда ёшларга яратилаётган барча имкониятлардан фойдаланишига замин яратдим. Шукроналар бўлсин, ана шу меҳнатларим мевасидан баҳра олаяпман.

Ҳаёт пасту баландликлар, чиғириғу синовлардан иборат. Бошимдан мушкул дамлар кечган. Умр йўлдошим(раҳматли) Шер­бўта аканинг қаттиқ бетоб бўлиб тўшакда қолгани, рўзғор қийинчиликлари… Лекин ўша кезларда ҳам фарзандларимнинг илм олиши учун тиришқоқлик билан ҳаракат қилганман. Бугун ана шу чеккан заҳматларим, қилган меҳнатларимнинг ортидан фарзандларим камоли ва ютуқларини кўриб турибман.

Мухбир: Бугун ўзбек санъатига «шоу бизнес» деган тушунча кириб келди. Ҳақиқий истеъдодни юзага чиқишида шоу бизнес қанчалик муҳим?

Шерзодбек: Менинг назаримда шоу бизнесда иқтидорли ёшларнинг истеъдодини юзага чиқариб унинг ортидан даромад кўрилади. Бу бутун дунёда оммалашган. Юртимизда ҳам шоу бизнес кўмагида кўплаб иқтидорли ёшларнинг орзу-умидлари рўёбга чиқмоқда. Улар элнинг суюкли хонандаларига айланган.

Мухбир: Яқинда муҳташам «Истиқлол» санъат саройида жонли ижрода илк ҳисобот концертингизни мухлисларингизга тақдим этасиз. Нафақат ёш ижрочилар, балки элимиз севган кўплаб санъаткорлар ҳам бу саройда жонли ижрода концерт беришга чўчийдилар. Бу борада сизнинг тутган йўлингиз таҳсинга лойиқ…

Шерзодбек: Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик кунидан сўнг мухлисларимиз учун концерт беришни режалаштирганмиз. Жорий йилнинг 10 сентябрь куни илк яккахон концерт дастурини ўтказамиз. Тўғри, жонли ижрода қўшиқ куйлашнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор, биринчи навбатда мухлисларнинг салобати босади. Сўнгра мусиқа ва овоз уйғунлиги зарур. Бунинг учун катта тайёргарлик керак бўлади. Аммо барибир қўшиқларни жонли ижро этиш мен учун мароқли…

Яна ўқинг:  “Куйгай”ни куйлаганда

Мухбир: Соғлом турмуш тарзига тўла риоя этиш санаъткорлар ҳаётида муҳим ўрин тутади. Сиз ҳам бўш вақтларингизда спорт билан шуғулланиб турасизми?

Шерзодбек: Нафақат санъаткорлар, соғлом турмуш тарзига риоя этиш ҳар бир инсон учун муҳим. Тонгда уйғониб, енгил гимнастика қилган инсон куни бўйи зийрак, кайфияти чоғ юради.

Болалигимда мусиқа билан бирга спорт тўгаракларига ҳам қатнашганман. Спортнинг таэквондо тури бўйича бир неча белбоғлар соҳибиман. Акробатикадан ҳам бохабарман…

Мухбир: Сизнинг бир пайтнинг ўзида спортчи эканингиз мухлислар учун янгилик… омад ҳамиша тарк этмасин. Шерзодбек, мазмунли суҳбат учун раҳмат!

Суҳбатдош:

Шерзод Худойқулов

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: