Таълим ва фанда Ҳаракатлар стратегияси

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида «Ҳаракатлар стратегияси – таълим ва фан соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим омили» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Тараққиёт стратегияси маркази, Ўзбекистон «Адолат» СДП сиёсий кенгаши, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Б.Ҳодиев ва бошқалар Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш, таълим тизимининг узлуксизлигини янада такомиллаштириш мақсадида сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш муҳим вазифа этиб белгиланганини таъкидлади.

Тадбир Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида ижтимоий соҳа, хусусан, таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш борасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда соҳадаги долзарб масалаларни муҳокама қилишга бағишланди.

Ҳужжатда таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги таълим муассасаларини қуриш, таъмирлаш ва капитал таъмирлаш баробарида уларни замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш назарда тутилган.

2017-2021 йилларда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш дастурини ишлаб чиқиш, ўқув дастурларини янада такомиллаштириш, пуллик хизматлар кўрсатиш ва молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини излашда олий ўқув юртларининг ваколатларини кенгайтириш йўли билан уларнинг мустақиллиги босқичма-босқич ривожлантирилиб борилади.

– Яна бир масала олий маълумотли кадрларимизнинг халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишдир, – дейди Тараққиёт стратегияси маркази ижрочи директори Акмал Бурҳонов. – Бугун дунёнинг ривожланган давлатлари кадрларни танлашда Болонья декларациясига таянмоқда. Шу боис мамлакатимизнинг мазкур халқаро ҳужжатга қўшилиш масаласи кўриб чиқилади. Бу миллий олий таълим тизимини жаҳон амалиёти билан уйғун ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини кескин оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ҳудудлардаги олий ўқув юртлари учун илмий-педагогик кадрлар захирасини яратиш, таянч олий таълим муассасаларида магистратура ва докторантурага мақсадли қабул ташкил этилиши масаласи ечимини топишда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган мактабгача таълим тармоғини кенгайтириш ва такомиллаштириш, умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, касб-ҳунар коллежлари фаолиятини меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш, олий таълим муассасалари илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда бошқа масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Яна ўқинг:  Ўзбекистон ва Германия ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик ривожлантирилади

 

Моҳигул Қосимова,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: