Байрамга совға танлаймиз
Аёлингиз учун
- Ўз қўлингиз билан тайёрлаган таом. Бу аёлингизни хурсанд қилади.
- Турли гуллардан иборат чиройли гулдаста. Айниқса, уни юрак шаклида тақдим этсангиз, айни муддао.
Аёлингиз анчадан буён истаган совға.
Синглингиз ёки опангиз учун
Уларга китоб ҳадя қилинг. Қолаверса, турли кўринишдаги баҳорий дала гуллари ҳам ҳар қандай аёлни хурсанд қила олади. Сўнгги пайтларда тувакка ўтказилган чиройли кўринишдаги гулларни совға қилиш урф бўлмоқда. Бу ҳам қизлар учун кутилмаган совға бўла олади.
Волидангиз учун
Ҳар бир инсон ҳаётида онанинг ўрни беқиёс. Қувончли ва қайғули дамларингизда сизга елкадош бўладиган инсон ҳам айнан ОНАнгиздир. Шу сабаб улар ҳақида фақатгина 8-март байрамидагина эмас, балки доимо қайғуринг.
- Фотоальбом. Барча эски ва янги оилавий расмларингизни альбомга йиғинг. Алоҳида саҳифасига эса қалбингиздаги энг илиқ сўзларни ёзинг. Онангиз қалби арзимасдек туюлган бу совғадан бир олам қувончга тўлади.
- Кино, театр, концерт учун чипта. Онажонингиз севиб тинглайдиган қўшиқ ёки хонандани яхши биласиз. Қандай жанрдаги фильм ёқишидан ҳам хабардорсиз. Шундай экан уларга севимли хонандасининг концерти ёки қизиқарли кинога чипта совға қилинг.
- Маиший техника. Онангизга хўжалик ишларини енгиллаштирувчи ёрдамчи воситалар совға қилсангиз ҳам бўлади. Масалан, у анчадан бери орзу қиладиган маиший техника воситалари – кир ювиш машинаси, микро тўлқинли печь, чангютгич ва бошқалар.
Бувижонингиз учун
Бувижонларимизнинг кўпчилиги мусиқа, шеъриятни ёқтирса, бошқалари турли хилдаги овқатларни пиширишга қизиқади. Айримлари эса фаол ҳаёт тарзига амал қилишади. Шу сабаб совға танлаётганда уларнинг қизиқишларини инобатга олинг.
- Агар бувижонингиз овқат тайёрлашга қизиқса, унга ошхона жиҳозларидан бирини совға қилиш мумкин.
- Бу ёшга келиб, соғлик улар ҳаётида ўзига хос ўринни эгаллайди. Шу сабаб бувижонингизга танани уқаловчи восита туҳфа қилинг. Агар имконингиз бўлса, уларни сиҳатгоҳга ҳам жўнатишингиз мумкин.
- Турли идишлар, сочиқ, дастурхон ҳам улар учун ажойиб совға бўла олади.