Халқ омон, қўрғон бут, фарзанд саломат

Юртимизда истиқлол йилларида аҳоли саломатлигини асраш, айниқса, оналар ва болалар соғлиғини таъминлашга жиддий эътибор қаратилиб, бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчил амалга оширилмоқда.

Зеро, жисмонан соғлом, маънан етук ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан ҳисобланади.

Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелдаги “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2009 йил 1 июлдаги “2009–2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарорлари мазкур йўналишдаги ислоҳотлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Маълумки, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилишини таъминлаш учун, аввало, мавжуд муаммолар ва уларнинг асосий сабабларини аниқлаш ҳамда тегишли чораларни ўз вақтида кўриш муҳим ҳисобланади.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб фуқаролар саломатлигини асраш, болаларни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиш борасида самарали ислоҳотлар амалга оширилди. Кўплаб замонавий тиббиёт муассасалари бунёд этиляпти, мавжудлари капитал реконструкция қилиниб замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда. Малакали шифокорлар томонидан аҳолига кўрсатилаётган сифатли тиббий хизмат ҳам фуқароларимиз соғлиғини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Айниқса, ривожланган чет давлатларнинг нуфузли тиббиёт муассасалари билан йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик алоқалари бу йўналишда улкан самара бермоқда.

Андижон вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик кенг йўлга қўйилган. Жумладан, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ва ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда олиб борилган фаолият натижасида олти нафар олий тоифали шифокордан маҳаллий ва миллий мураббийлар тайёрланди. Вилоят бўйича шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари учун дастурда белгилаб берилган мавзулар бўйича семинар-тренинг машғулотлари ўтказилиб, шу мавзулар асосида амалий-услубий ёрдамлар ташкил қилинди. Марказда вилоятимизнинг шаҳар ва туманлари бош педиатрлари иштирокида “Маҳорат дарслари” ўқув-амалий семинарлари ўтказилиб келинмоқда.

– Юртимизда она ва бола саломатлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир, – дейди муассаса бош шифокори Бобур Раҳимов. – Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг репродуктив саломатлигини ошириш, она ва бола муҳофазасини янада яхшилаш, оила институтини мустаҳкамлашга доир самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, туғруқхона комплекслари ва болалар тиббиёт муассасаларида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига мос илғор ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш технологиялари жорий этилди. Мухтасар айтганда, мамлакатимизда болалар соғлом туғилиб вояга етиши, улғайганидан сўнг жамиятимизда ўзининг муносиб ўрнини топиши учун барча зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Яна ўқинг:  Болалар кутубхонаси чорлайди

Жумладан, Хитой Халқ Республикаси грантлари асосида 20 дона тиббий асбоб-ускуналар келтирилди. Марказда ҳозирги кунда 200 ўринли жарроҳлик бўлимларининг анестезилогия бўлими биноси Германия банки ло­йиҳаси асосида 64 хил турдаги энг янги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Жорий йилнинг шу даврига қадар муассасанинг жарроҳлик бўлимларида жами 180 нафар бемор даволаниб, соғломлаштирилди. Бу масканда 150 қатнов қувватига эга бўлган маслаҳат поликлиникаси фаолият олиб боради. Маслаҳат поликлиникасида 14 хил турдаги тор соҳа мутахассислари, вилоятдаги 14 ёшгача бўлган болаларга зарур маслаҳатлар беришмоқда. Шунингдек, мутахассислар вилоятимизнинг барча туманларига чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган саломатлик ҳафталикларида фаол иштирок этмоқдалар.

Марказ шифокорлари Андижон вилоятининг барча туманларига масъул этиб бириктирилган. Улар Андижон шаҳридаги мавжуд маҳалла фуқаролар йиғинлари, мактаб, коллеж, лицей ва олий ўқув юртларида “Соғлом турмуш тарзи” мавзуларида мунтазам суҳбатлар олиб борадилар.

Муассасада жорий йилнинг апрель ойида “Сен ёлғиз эмассан” Болалар жамоатчилик ва Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондларининг “Болаларга табассум” лойиҳаси асосида вилоятимиздаги 12 нафар туғма танглай-лаб нуқсонлари бўлган болаларда операциялар ўтказилди, улар соғломлаштирилди.

Ҳар қандай жамият соғлом ва баркамол, эл-юртига садоқатли, иймон-эътиқодли фарзандлари билан фахрланади, уларга суянади. Шундай фазилатларга эга авлодни тарбиялаб вояга етказган халқ келажакка катта ишонч билан қарайди.

Дунё – болалар кулгуси билан чароғон. Ҳамиша фарзандларимиз соғлом бўлиб, ота-оналарининг кўзларини қувонтириб юришсин.

Ф. НУРМУҲАММЕДОВ,

Андижон вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: