Мактабгача таълим муассасаларига дидактик материаллар, махсус ўйинчоқлар берилди

Мактабгача таълим вазирлиги Мактабгача таълимни ривожлантириш фонди билан ҳамкорликда янги лойиҳани бошлади.

Махсус дастур орқали Тошкент шаҳридаги 17 та кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига замонавий асбоб-ускуналар, дидактик материал, махсус ўйинчоқлар ва бошқа аксессуарлар етказиб берилди.  

Ушбу махсус асбоб-анжомлар соғлиғида нуқсони бўлган болалар саломатлигини тиклаш ҳамда ақлий қобилиятини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Жумладан, ортопедик юриш тренажёрлари бош мия фалажи, неврологик патологиялар, таянч-ҳаракат системасининг шикастланиши бўлган болаларда юриш малакаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Рангли тўп билан тўлдирилган қуруқ ҳовузлар сезги органларининг ривожланишига ҳисса қўшади ҳамда ўзига хос массаж вазифасини ўтайди.  

– Мактабгача тарбия ёшидаги болада муайян ривожланиш касалликлари мавжуд бўлса, ота-оналар тиббий муассасаларда ёки реабилитация марказларида реабилитация муолажаларини олиши керак, – дейди Тошкент шаҳридаги 560-сонли давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти директори Д.Султонова. – Бироқ болага муассасанинг ўзида коррекцион, педагогик ва реабилитация ёрдами кўрсатилса, самаралироқ бўлади. Вазирлик томонидан берилган мазкур асбоб-анжомлар муассасамиз тарбияланувчиларининг саломатлигини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур предметларнинг 17 та кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасига топширилиши дастурнинг биринчи босқичи эди. Кейинги босқичларда Тошкент шаҳридаги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини қайта таъмирлаш ва қуриш, республикамизнинг барча ҳудудларидаги давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларини ҳам худди шундай зарур махсус ускуналар билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Яъни жорий йил охиригача 70 та ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.

                                                                                                                                                                                                                                                                       Моҳигул ҚОСИМОВА,
ЎзА

Яна ўқинг:  Соғлом турмуш тарзи ақли заифликдан сақлайди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: