Нафисанинг баҳор туҳфаси
Олий ўқув юртини муваффақиятли тугатган рассом Нафиса Гилманова устози Янис Салпинкидининг сабоқлари асосида ижод билан машғул бўлди. Шу тариқа ранглар ва мўйқаламга дўст тутинган Нафиса бир-биридан мазмунли ва мушоҳадали асарларини ярата бошлади. Мамлакатимизда ва хорижда ўтказилган танловларда иштирок этиб, санъатшунослар ва мухлислар эътиборини қозониб борди…
Ўзбекистон давлат санъат музейида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган “Баҳор нафаси” кўргазмаси ҳам унинг ижодий намуналари намойишига бағишланди.
Кўргазма очилишида мамлакатимизда хотин-қизлар, хусусан, ижодкор аёлларнинг фаоллигини ошириш ҳамда қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор уларнинг иқтидор ва изланувчанлигини янада ёрқинроқ намоён этишида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
– Нафиса бутун ўй-хаёлини, тафаккурини мўйқаламда ифода этиши, ранглар билан сўзлаша олиши ҳар жиҳатдан мукаммал чизмаларида акс этади, – дейди педагог-рассом Э.Низомов. – Нафосат ва нафисликка, ҳис-ҳаяжонга йўғрилган қалби ҳақиқий санъат асарини чизишида қўл келади. Бу унинг ўзига хослиги ва бетакрорлигидир.
У шу кунга қадар уч юздан зиёд асар яратган. Табиий рангларни хуш кўрган ижодкор асосан натюрморт жанрида ижод қилади. Унинг “Бешик”, “Оқ йўл”, “Кечки капалак”, “Севги ибодати”, “Рақс”, “Дарё бўйида”, “Оқ туялар”, “Шарқий карвон” асарлари хориждаги музейларда намойиш этилган.
Нафиса Гилманова нафақат рангтасвирчи мусаввир, балки тажрибали педагог ҳамдир. Нафиса кўп йиллардан буён Тошкент архитектура-қурилиш институтида талабаларга дарс бериб келмоқда. У қатор монография, ўқув қўлланмаси ва илмий мақолалар муаллифи. Айни кунда “Амир Темур ва бобурийлар санъати ва меъморчилиги” мавзуида илмий изланиш олиб бормоқда.
У баҳор айёмининг илк кунларида мухлислар эътиборига ҳавола этаётган “Боғда”, “Кузги неъматлар”, “Настарин”, “Баҳор манзараси”, “Гуллаётган олма”, “Узумли натюрморт”, “Олмали натюрморт” каби манзара, натюрморт, портрет, миниатюра жанрларидаги юзга яқин асарини азиз ва мунис аёлларга бағишлаган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА