КАРДИОХИРУРГИЯ МАЖМУАСИ: ЮРАКНИНГ ИККИНЧИ УМРИ

Юрак… Ҳар бир инсонинг ўз муштидек келадиган бу ҳаётий муҳим аъзо кечаю-кундуз бетиним ва беором уради. Она қорнида ҳомила юрагининг илк уриши унинг фаолияти бошланганидан дарак беради. Жисмимизнинг залворли юкини елкасида ортмоқлаган юрагимизга улкан вазифа юкланган.

У тириклигимизни таъминловчи бемисл ва бебаҳо қувват манбаи. Умр йўлларимизни ёритувчи машъала. Юрак уришдан тўхтаса инсон умри тугайди. Вужудимиз заволга юз тутади. Чунки, баъзан ҳаёт давомида турли касалликлар асорати сифатида орттирилган юрак нуқсонлари одамзотни қийнаса, баъзан кўпгина юқумли касалликлар, ҳомиладор аёлнинг руҳий зўриқиши (стресс), унинг дори-дармонларни шифокор тавсия этмасдан ўзбилармонлик билан ичиши, камқонликнинг оғир турлари, гипо ва авитаминозлар, моддалар алмашинувининг бузилиши, айрим ирсий касалликлар сабабли ҳомилада туғма юрак нуқсонлари ривожланиш эҳтимоли юқори бўлади. Оилада тўрт мучаси соғлом фарзанд туғилса, ота-оналар ва янги туғилган гўдакнинг яқинларидан бахтиёр инсонлар бўлмайди. Сабаби соғлом туғилган ҳар бир чақалоқ нафақат оиласи бахти, балки у келажакда жамият тараққиёти ва она Ватан равнақига ҳисса қўшувчи баркамол шахс сифатида вояга етишига ишонамиз.

Агар оилада фарзанд ногирон ёки бирорта нуқсон билан туғилсачи!? Айниқса, дунёга келган гўдакда туғма юрак нуқсони кузатилсачи? Бундай ҳолатда ёруғ олам кўзига зимистон бўлиб кўринган ёки фарзандининг шамдек сўнаётган нигоҳига бемажол тикилган ота-она юрагида шифокорлар умид уйғотишади. Умид учқуни инсонга ҳаётбахш куч ато этади ва ҳамиша уни яшашга ундайди.

Яқинда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ўзбекистонда кардиохирургия соҳасида эришилаётган ютуқлар, ушбу йўналишда ихтисослаштирилган даволаш муассасаларининг замонавий кўриниш олаётгани ва истиқболдаги режалар” мавзуидаги ўтказилган матбуот анжуманида соҳада эришилаётган ютуқлар хусусида сўз юритилди.

Истиқлолдан сўнг Президентимиз раҳбарлигидаги мамлакатимизда энг сўнгги русумдаги, замонавий услубда қурилган ва қайта реконструкция қилинган бирламчи тиббиёт, республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, ҳамда хирургия, кардиология, урология, кўз микрохирургияси, акушерлик ва гинекология, терапия ва тиббий реаблитация каби ўнлаб йўналишлардаги ихтисослаштирилган марказларни ўз ичига олган тиббий муассасаларнинг мукаммал тармоғи яратилди. Ўзбекистонда тиббиёт соҳасидаги амалга оширилаётган ана шу туб ислоҳотлар жараёнида аҳолига кардиология йўналишида кўрсатилаётган хизматлар кўламини янада кенгайтириш, профилактика ва диагностика ишлари самарадорлигини ошириш ҳамда тиббий маданиятга эътиборни кучайтириш ўзининг улкан самарасини бермоқда. Ҳозирда мамлакатимиз кардиохирурглари томонидан энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Яна ўқинг:  ЖАНУБИЙ КОРЕЯДАН 22 МЕДАЛЬ

Республика ихтисослаштирилган Хирургия маркази, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент Педиатрия тиббиёт институти клиникаси ва Хоразм вилоят кардиология ҳамда Наманган вилоят кардиология марказларида олиб борилаётган энг ноёб амалиётлар таҳсинга лойиқдир.

– Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 21 йиллиги арафасида академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган Хирургия марказида замонавий кардиохирургия мажмуаси қуриб, фойдаланишга топширилди. Тўрт қаватли мазкур мажмуа кардохирургия йўналишида фойдаланадиган барча замонавий техника ва технологиялар билан таъминланган.

Мажмуанинг биринчи қаватида кунига икки юз нафар беморни тиббий кўрикдан ўтказишга мўлжалланган поликлиника, қон қуйиш станцияси, стационар шароитда даволанадиган беморларни қабул қилиш хонаси, конференция зали ва бошқа хизмат хоналари бор.

Яна ушбу бинонинг иккинчи қаватида уч ёшгача бўлган болаларнинг туғма юрак нуқсонларини даволаш бўлими – интервенцион кардиология ва юрак уриши ритми бузилиши бўлими ҳамда ангиографик жарроҳлик хоналари мавжуд. Муассасанинг учинчи қаватида кардиохирургия бўлимининг палата, гемодиализ ва трансплантация бўлимлари, клиник-диагностика лабораторияси ҳамда диагностика хоналари жойлашган. Тўртинчи қаватда эса реанимация бўлими ва иккита кардиожарроҳлик хоналари мавжуд, – дейди биз билан суҳбатда марказнинг бош шифокор ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Қодир Зокиров.

Марказнинг фаолиятига бир назар солар эканмиз Президентимиз ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда қай даражада улкан самара бераётганига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Юртбошимизнинг 2007 йил 19 сентябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги Фармони бу соҳада дастуриламал бўлмоқда. Ҳукуматимиз томонидан тиббиёт соҳасига катта эътибор қаратилиши кардиохирургларимизнинг ҳам дунёдаги энг мураккаб операцияларни муваффақиятли ўтказиш имкониятини янада кенгайтирмоқда.

Республика ихтисослаштирилган Хирургия марказида ўткир миокард инфаркти, рентген эндоваскуляр хирургия, ўпка жарроҳлиги, юракнинг ишемик касаллиги хирургияси, реконструктив ва пластик микрохирургия, орттирилган юрак нуқсонлари хирургияси, туғма юрак нуқсонлари хирургияси, буйрак томирларининг шикастланиши, қорин бўшлиғи, қўл-оёқ томир тизими касалликлари бўйича мураккаб операцияларни амалга ошириш услуби мукаммал ўзлаштирилди. Микрохирургия ва кардиохирургия хизматини ривожлантиришга эришилди. Операциялар юрак очилган ҳолда ҳам, у ишлаб турган пайтда сунъий қон айлантириш ускунаси уланмасдан ҳам амалга оширилмоқда. Марказ минтақамизда жигар циррози ва унинг асоратларини жарроҳлик йўли билан даволайдиган ягона клиникадир.

Яна ўқинг:  ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ

Кардиохирургия мажмуасининг замонавий биносини айланар эканмиз бу ерда фаолият юритаётган юқори малакали мутахассислар ва беморларга яратилган шарт-шароитларни кўриб ҳар қандай ривожланган давлатнинг клиникаларидан қолишмаслигига амин бўлдик.

Мажмуанинг Кардиожарроҳлик бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Мирзараҳим Алимов, Кардиоанестезиология ва реанимация бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Алишер Ҳайдаров, Коронар хирургия бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Аброр Мансуров, Ангиокардиография лабораторияси раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Миржамол Зуфаров, бўлим мудири Фарҳод Искандаров, Юрак қўшма патологиялари хирургияси бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шерзод Алиев каби ўз соҳасининг билимдон, етук ва тажрибали мутахассислари фидоийликлари туфайли кўплаб беморлар иккинчи умрини яшамоқда десак муболаға бўлмайди.

Республика ихтисослаштирилган Хирургия маркази юқори малакали кардиохирурглар, анестезиологлар, реаниматологлар, перфузиологлар, интервенцион кардиологлар каби салоҳиятли мутахассисларга эга. Улар энг мураккаб кардиохирургик операцияларни амалга оширишга қодир. Чунки, марказ раҳбарияти кардиохирургия мажмуаси қурилиши бошланиши билан бу ерда фаолият юритаётган мутахассисларнинг ҳам малакасини оширишга катта эътибор қаратди. Шунингдек, ўтган 2008-2012 йиллар мобайнида хориждаги соҳага доир нуфузли марказларда 37 нафар шифокорлар ўз малакасини ошириб қайтишди. Италиянинг Бергамо шаҳрида 10 нафар, Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида 3 нафар, Россиянинг Москва шаҳрида 2 нафар, Новосибирскда 4 нафар, Санкт-Петербургда 2 нафар, Франциянинг Лиль шаҳрида 5 нафар, Туркиянинг Анқара шаҳрида 8 нафар мутахассис хорижлик касбдошлари тажрибасини ўрганиб қайтишди.

Кардиохирургия мажмуаси барча зарур замонавий, энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бу эса беморларга аниқ ва тез ташхис қўйиш ҳамда юрак, қон томирларда мураккаб операцияларни амалга ошириш имконини беради. Жумладан, ангиография комплекси, юрак аритмияларини даволаш ва электрофизиологияси лабораторияси, рақамли рентген комплекси, магнит-резонанс тизими, компьютер томографияси, сунъий қон айланиш ускунаси, чақалоқлар реанимация комплекси мутахассис-кардиохирурглар ишида қўл келмоқда.

Ҳа, азиз юртдошлар, юрак хасталигини даволашда қанчадан-қанча оқ халатли нажоткор фаришталар беморлар жони қил устида турганида уларни яна ҳаётга қайтаришмоқда. Аммо бир нарсани унутмайлик, инсонлар ўзаро муносабатларда дилозорликдан ўзларини тийсалар ва бир-бирларига руҳий зарба бермасалар юракнинг ҳамиша бардавом уришига замин яратадилар. Яна истардикки, ҳар бир инсон ўз вақтида шифокор кўригидан ўтиб, саломатлигига жиддий эътибор берса нур устига аъло нур бўлар эди. Соғлом фуқаролар эса юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларининг бевосита фаол иштирокчиларидир десак муболаға бўлмайди.

Яна ўқинг:  Сочингиз оқараяптими?

Тоҳир ИБРАГИМОВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Гулчеҳра ШИРИНОВА

“Соғлом авлод” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: