Сен она, сен битмас – ҳаёт булоғи

Ўзбекистон халқ шоири, улуғ ва мўътабар устозимиз Зулфияхонимга сўзликларимизда бор энг чиройли таърифларнинг ҳаммаси ярашади. Ўзбек аёлининг тимсоли, вафо-садоқат рамзи, шеърият маликаси…

Лекин барча таърифлар аро энг яхшиси бу шоиранинг Она деган мўътабар унвони бўлса керак. Чунки шоира шеъриятида ҳам, ҳаёти фаолиятида ҳам фарзанд тарбиясига, оилада дунёга келган ўғил-қизларнинг баркамол бўлиб вояга етишлари масаласига алоҳида аҳамият берган эди.

 

Сен она, сен битмас – ҳаёт булоғи,

Ҳаётни яратган муҳтарам омил.

Улуғ келажакнинг ёш ниҳоллари,

Сендан тармоқ ёзиб, топар такомил…

 

Бу сатрлардан ҳам, яна бошқа кўпгина ҳассос шеърларининг самимий сатрларидан фарзанд фақат ота-онанинггина эмас, бутун жамият учун энг муҳим ҳодиса эканлиги ҳақидаги фикр қизил ип тарзида ўтади. Зулфияхонимнинг “Бир бола бор оти Алишер” деб номланган шеърий туркуми бор. Унда шоира мактабда аъло ўқиган, жамоат ишларида фаоллиги учун Артекка – Қора денгиз бўйига дам олишга юборилган Алишер исмли болани қаҳрамон қилиб олади. Ўзбекча рубоби билан Артеккага борган Алишер “Андижон полькаси” куйини чалиб, дунёнинг турли тарафларидан келган болаларни рақсга туширади:

 

Андижон полькасига

Ўйнади испан бола.

Вьетнамнинг елкасига

Қўлин қўйди Ангола.

 

Ўғил-қизларимизнинг соғ-омон вояга етиши учун энг керакли омил тинчлик суврати шоира шеърида шундай чизилади. Бугун ҳам бу суврат, бу мавзу эскирмаган. Шоира шеърини:

 

Журналист ё рассом бўлсанг, Алишер,

Олға интилишдан

толмасанг бир дам.

Келажакнинг улуғ қурувчиси дер,

Севган қишлоғинг ҳам,

халқ ҳам, Ватан ҳам… –

дея якунлайди.

Зулфияхонимнинг бу сатрларини бугун ҳам яхши касб орзусида келажакка интилаётган ўғил-қизларга қарата айтиш мумкин.

Дарвоқе, шоира орзуси ерда қолмади. Алишер филолог олим бўлди, у ҳозир Фарғона давлат университетида йигит-қизларга дарс беради. Зулфияхоним жуда кўп шеърларининг қаҳрамонлари ўзининг фарзандлари, неваралари.

 

Ота бўлиб солдим мен йўлга,

Она бўлиб меҳримга олдим.

Мана, юртга ўғил ўстирган –

Бир давлатманд бой бўлиб қолдим.

 

Шоира ўз ҳаётини ҳам, шеъриятини ҳам шахсий ёки ижтимоий деб ажратмайди. Унинг учун фарзандни дунёга келтириб, тарбиялаш, шеърият тили билан айтганда, “юртга ўғил ўстириш” туфайли оналар “давлатманд, бой” бўлади. Шоира бу ташбеҳлар билан оналикнинг ижтимоий бурчига эътибор қаратади. “Сенинг фарзандинг фақат сеники эмас, юртники, Ватанники”, деган фикрга урғу беради.

Яна ўқинг:  ГЎШТ, СУТ, ҚАТИҚ, ҚАЙМОҚ...

Шоира ижодида она ва бола образлари орқали уйғун ҳолатда берилган соғлом авлод ғояси шеърдан шеърга юксалиб кўчади:

 

Набирам қадамлар,

Ёш дорбозсимон.

Лангардай силкийди икки қўлини.

Аср, қопқаларинг борлигича оч.

Бу кекса заминда яна бир инсон

Тонг билан бошлабди Буюк йўлини.

 

Шоиранинг эзгу ғоялари фақат шеърларида қолиб кетмади. Ўз фарзандлари ҳаётида давом этди. Ҳамид Олимжон ва Зулфиядан бошланган зиё фарзандлари қалбига кўчди. Ўғли Омон ака – юридик фанлари номзоди “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист”. Қизи Ҳулкар опа – филология фанлари номзоди. Узоқ йиллар Ўзбекистон Миллий университетида йигит-қизларга дарс берди. Ҳулкар опамнинг қизлари Гулшод, Лола – тарихчи.

Омон акамнинг Улуғбек, Отабек, Фаррухбек исмли ўғиллари ҳам олий маълумотли: бири – иқтисодчи, бири – шарқшунос…

Ҳаммаси оилали, фарзандли, ҳаётда ўринларини топган. Улуғбекнинг битта қизига Ҳамид Олимжоннинг онаси – Комила аянинг исмини беришган.

Бугун серҳосил дарахт каби шохлаб кетган бу шажара аҳли бир-бири билан жуда иноқ, оғир-енгил кунларида ҳамиша бир-бири елкадошдир.

Зулфияхонимнинг “Не бўларкин уйингизда мен бўлмасам…” сарлавҳали шеърлари бор:

 

Болажонлар, бир кун шамдай

бу жон сўнур…

У чоқ кимдан сўроқлайсиз

мен бўлмасам…

 

– дея савол қўяди-да, бу саволга ўзи жавоб беради:

 

Ҳар ғиштида баҳоримнинг бир япроғи,

Ҳар бурчида ҳароратим дил ардоғи.

Сизга асраб толе тўла ҳовли, боғим

Кулгингиздан жаранг берсин

мен бўлмасам…

 

Ҳа, яна такрор айтаман, шоиранинг орзулари ерда қолмади. Фарзандлари ҳаёт боғини яшнатгандек, шогирдлари – шоиралар адабиёт боғининг кўклаб, кўкаришига, нурафшонлигига ҳисса қўшиб келмоқда.

1999 йилда Биринчи Президентимиз ташаббуси билан истеъдодли қизлар учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилган эди. Бугун 200 нафардан зиёд иқтидорли, фаол қизлар бу мукофот соҳиби бўлишди.

Шоира бир умид, иштиёқ билан ёзган эди:

 

Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали…

 

Мукаммал инсон тарбияси ижодкорлар учун абадий ғоя, абадий орзу тимсоли бўлганидек, бу мавзуда ёзган, бу мавзуга кўз нури, қалб қўрини берган барча ёзувчи, шоирлар шу жумладан, беназир шоира Зулфияхоним ҳам халқимизнинг буюк сиймолари каби абадиятга дахлдордир.

Яна ўқинг:  Энг яқин дўст

 

Қутлибека РАҲИМБОЕВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: